Хорижлик тадқиқотчилар Шермуҳаммадбек ҳақида (5-мақола)

Мавлон ШУКУРЗОДА

Туркиялик журналист Али Бадемчи ва Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбек қўрбоши. Адана (Туркия), 1969 йил.

Туркиялик журналист Али Бадемчи билан мулоқат

Туркияда Туркистон тарихи билан шуғулланувчи олим, журналист ва ёзувчилар кўп. Буларнинг ичида қалами ўткир, интилувчан, чуқур мулоҳазали тадқиқотчилар орасида ўзининг серқирра ва мазмундор асарлари билан журналист Али Бадемчи алоҳида ажралиб туради. Али Бадемчи 1949 йилнинг 1 мартида Туркиянинг Хатай Шенкой (Шайх-кой) шаҳрида катта ва бахтли оилада (5 ўғил ва 8 қиз) таваллуд топган. Шу шаҳарда ўрта ва олий маълумот олган. Унинг биринчи мутахассислиги иқтисодчи, иккинчиси –журналист. 1975 йилда Туркияда чоп этилган “1917-1934. Туркистонда миллий истиқлол ҳаракати. Қўрбошилар ва Анвар Пошо” китобида Туркистондаги мужоҳидлик ҳаракатини кенг ёритган.

Ўз изланишларида Али Бадемчи Туркистондаги истиқлол ҳаракати раҳбарларининг хотираларидан, уларнинг шахсий архивларидан ва улардаги мавжуд ҳужжатлардан фойдаланади.

Мавлон Шукурзода ва Али Бадемчи. Адана (Туркия), 2009 йил.

Али Бадемчи тадқиқотчи журналист ўлароқ, Туркистон босмачилик ҳаракатига доир тарихий ноёб асарлар ва муҳим ҳужжатларга бой катта шахсий кутубхонага эга. 2009 йилда Аданада бўганимда буларни кўриб, бу одамга ҳурматим янада ошди. Мазкур далилий ва муҳим ҳужжатлар асосида 2008 йил “1917-1934 йилларда Туркистонда миллий истиклол ҳаракати. Қўрбошилар ва Анвар Пошо” монографияси иккинчи бор қайта ишланиб, 1000 бетли китоб шаклида қайта чоп этилди.

Али Бадемчи 1969 йилда Шермуҳаммадбек лашкарбоши ва Нурмуҳаммадбек қўрбошилар билан бир неча марта учрашиб, шахсан суҳбатда бўлган ва уларнинг овозларини магнитофон тасмасига ёзиб олган. Бундан ташқари, Али Бадемчи ватандошларимиз, машҳур тарихчи олимларимиз Закий Валидий ва Боймирза Ҳайитлар билан ҳам бир неча марта учрашиб, улардан сабоқ ва дуо олишга сазовор бўлган. Шу боис, уларни ўз устозларидай қадрлайди. Унга Туркистонга муҳаббат айнан мана шу устозлардан ўтганлигини ғурур билан тилга олади.

Айни устозларининг асарларини ўқиган сари, Али Бадемчида ота макон Туркистон заминини кўриш иштиёқи ошади ва бунга етишишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Али Бадемчи Туркистонни улуғ авлиёлар ва ота-боболари хоки қўйилган муқаддас ўлка, деб ҳурмат билан тилга олади.

Мен Али Бадемчи билан 2005 йилдан бери мунтазам равишда алоқа қилиб тураман. 2009 йилнинг баҳорида Туркияда бўлганимда,  улар билан учрашиб, унинг уйида суҳбатлашишга муяссар бўлганман. У инсон билан кўп вақт бирга бўлиб, бир нарсага амин бўлдим, фақат Туркистонни, ўзбекни севгучи, ҳурмат қилиб ардоқловчи одамгина юртимиз тарихига оид бундай машҳур тарихий асарларни ёзишга қодир. Қуйида Али Бадемчи билан бўлиб ўтган суҳбатнинг бир қисмини сизга ҳавола қиляпман.

***

Ҳурматли Али Бадемчи жаноблари, Туркистон миллий озодлиги ҳаракати тарихига қизиқишингиз сабабларини гапириб берсангиз.

– Али Бадемчи:Мен Аданада оддий бир журналист эдим. Бир кун, 1969 йилнинг апрел ойида Туркистонлик собиқ

Туркиялик журналист Али Бадемчи.

мужоҳидлар йиғилишига мени таклиф этишди. Шу мажлисда мен Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг буюк арбоблари ва қаҳрамонлари билан учрашиб турганимни англадим ва шу суҳбатдан кейин уларга бўлган қизиқишим орта бошлади. Уларнинг хотиралари асосида бир қатор лавҳалар тайёрладим. Шу мақолаларни қайта ишлаб, Туркистон миллий озодлик ҳаракати тўғрисида бир китоб ёзиш зарурлигини англадим ва 1975 йилда илк китобимни нашр эттирдим. Албатта, менинг Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек ва бошқа мужоҳидлар билан учрашувларим бу китобнинг дунёга келишига сабаб бўлди. Менинг архивимда Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек томонидан ёзилган кўпгина хотиралар бор. Улардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, Заки Валидий, доктор Боймирза Ҳайитнинг китобларини мутолаа қилдим. Шундан сўнг менда босмачилик ҳаракатига, унинг намояндалари ва умуман Туркистон миллий озодлик ҳаракатини ўрганишга нисбатан қизиқиш уйғонди.

Мен рус тарихчиси, аллома Бартольдни жуда ҳурмат билан тилга оламан, унинг кўпгина китобларини ўқиш насиб этганидан ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. У хотираларида шундай ёзади: “Бухоро амири кутубхонасини қизиллар вайрон этди, куйиб кул бўлган кўпгина китобларни кўриб, эсим оғаётганини сездим. Афсуски, бир кун ичида ваҳшийлар дастидан асрлар давомида йиғилган қадимий, тарихий ва ўта ноёб китобларнинг кули кўкка совурилди. Буларнинг ҳаммаси большевиклар армияси томонидан амалга оширилди”.

Мана 40 йилдирки, мен мазкур масала юзасидан журналистик изланиш олиб бораяпман. Шермуҳаммадбек жаноблари ўлимларидан бир ҳафта олдин мени дуо қилиб, бошлаган ишим ғоят савобли юмуш эканлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Доктор Боймирза Ҳайит китобларимни ўқиб чиқиб, мени дуо қилганлар, бу зотларнинг дуоси мен учун жуда катта мукофотдир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳам менинг китобимга бўлган қизиқишни эшитиб, бошим осмонга етди. Буларнинг ҳаммаси мени янги чўққиларни эгаллашга чорлади ва 2008 йилда “1917-1934. Туркистон миллий истиқлол ҳаракати. Қўрбошилар ва Анвар Пошо” деган икки қисмли монографияни босмадан чиқардим.

Қўрбошилик ҳаракатининг маркази Фарғонададир. Қўрбошилар ичида энг буюклари Шермуҳаммадбек ва Мадаминбеклар ҳисобланади. Булардан сўнг энг нуфузлилари: Қўқонда Эргашбек, Нурмуҳаммадбек, Шаркий Бухорода – туркман ўлкасида Абдулҳакимбек, Шаҳрисабзда Жаббор, Болжуванда Давлатманд, Қоратегинда Фузайл махдум, Ғарбий Бухорода Абдулқаҳҳорбек, Каркада Қулмуҳаммадбек, Боботоғда Ҳайитбек, Душанбада Иброҳим лақай, Самарқандда Очилбек, Баҳромбек, Маъмурбек, Туроббек, Холбўтабек, Нусрат Ниёзий ва бошқалар.

Шермуҳаммадбек ўртага ташлаган “Туркистон-туркистонликлар учун!” шиори жуда чуқур маънога эга. Шермуҳаммадбекдан “Сизга ота-боболарингиз нимани мерос қилиб қолдирган?”, деб сўраганларида, “Отам Қўшоқбой Қримда ҳаж сафари йўлида вафот этганлар, бобомиз бизга Москов душманларидан бошқа ҳеч қандай мерос қолдирмадилар…”, деб айтади.

– Шермуҳаммадбек билан бўлган учрашувлар хусусида тўхталсангиз.

– Мен Шермуҳаммадбек билан Аданада бир неча бор учрашиб, мулоқотда бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Улар менга ўша давр муҳитини батафсил тушунтириб берганлар. Шермуҳаммадбек ёрдамида мен Туркистондаги барча қўрбошиларнинг исм-насаби, ёши ва қаерда фаолият юритгани тўғрисида маълумот тўпладим. Бу маълумотлардан ҳозир кўпчилик тарихчи ва ёзувчилар фойдаланаётгани мени жуда қувонтиради. Ўз даврида Назир Қубовий ва Абдулҳай махдумлар томонидан Шермуҳаммадбекнинг ҳаёт йўли тўғрисида унинг ўзи гапириб берган маълумотлар ёзиб олинган бўлиб, бу ёзувлар китобим чиқишига катта ёрдам бўлди.

Журналист Али Бадемчи томонидан Туркистон миллий озодлиги ҳаракати ҳақида ёзилган тарихий китоблар.

– Кичик Эргаш, Катта Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек, Шарқий Бухорода Иброҳимбек, Давлатбек, Фарғонадан Холхўжа ва бошқа қўрбошилар тўғрисида кўпгина ахборот ва маълумотлар мавжуд. Умуман, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати бўйича анчагина китоблар чиққан, нуфузли мақолалар ёзиляпти, бундан бизнинг хабаримиз бор, Аммо ҳали-ҳануз большевиклар манбасидан ва архивларидан фойдаланиш ҳоллари кўзга ташланяпти… Бир мисол, яқинда бир китобни таҳлил қидим. Унда бир ўзбек муаллифи ўз китобида Кичик Эргашни «хоин» деб кўрсатган. Бу нотўғри деб ўйлайман, бизнинг қўлимизда жуда кўплаб хотиралар, манба ва ҳужжатлар бор. Улар бунинг аксини кўрсатади. Агар Кичик Эргаш қўрбоши хоин бўлган бўлса, биз бошқа қўрбошиларни ва умуман, миллий озодлик ҳаракатини изоҳлай олмаймиз…

Шунинг учун барча тарихий манбаларни пухта ўрганиб, бошқа давлатларда сақланаётган барча манбалардан кўпроқ фойдаланиш керак. Мисол учун Туркистон миллий-озодлик ҳаракати тўғрисида Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Заки Валидий, Аҳад Андижон ва бошқа ватандошларимиз ёзган асарларида ҳаққоний гаплар ёзилган, уларнинг кўпи чет эл архивларида сақланаётган ҳужжатлар асосида тайёрланган. Мен Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар билан яқин алоқада бўлганим сабабли, буларни улардан пухта ўрганиб олдим. Шермуҳаммадбекнинг кўпгина хотиралари Бадри Хўжанд томонидан ёзиб олинган. Барча хотираларни Даврон Бек ва Муҳаммад Анварбекларнинг розилиги билан доктор Боймирза Ҳайитга юборади, у олим улардан ўз китобида фойдаланган. Лекин афсуски, доктор Боймирза Ҳайит ҳамма ҳужжатлардан тўлиқ фойдаланишга улгурмади…, у зотни Аллоҳ раҳмат қилсин.

– Туркистон истиқлолчилик ҳаракатини ёритишда турли хил қарашларга дуч келаяпмиз. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Дарҳақиқат, сизларда ва бизда босмачилик ҳаракатига қараш икки хил. Сизлардаги манбаларда асосан большевиклар Қўқон мухториятини ағдариб ташланганидан сўнг, босмачилик ҳаракати авж олган ва шу тариқа қўрбошиларнинг кўпайишига сабаб бўлди, деб кўрсатади. Менимча, бу тўғри эмас. Чунки қўрбошилар Қўқон мухториятидан аввал ҳам бўлишган. Шунингдек, кўпчилик китобларда у даврда босмачилик ҳаракатига раҳбарлик қилган аксар қўрбошилар уқувсиз, жоҳил кишилар бўлишган, улар асосан халқни талаб, талон-тарож қилиш билан шуғулланган, деган фикр етакчи. Бундай фикрлар бизнинг айрим китобларимизда ҳам учраб туради.

Шермуҳаммадбекнинг яқин сафдошлари. Адана (Туркия), 1971 йил.

Менда Шермуҳаммадбекнинг хотиралари жамланган, уларда ҳам босмачилик ҳаракати Қўқон мухториятидан олдин бошланганлиги айтилади. Аслида ҳам шундай. Катта Эргаш, Кичик Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа ва бошқа қўрбошилар Қўқон мухториятидан аввал ҳам фаолият юритганлар. 1916 йилдаги қўзғолонга жиддий аҳамият беришимиз лозим. Бундан ташқари, Жўнаидхоннинг фаолиятига назар ташласак, у 1873 йилда босмачилик ҳаракатини бошлаб юборганлигига амин бўламиз. Бу айни ҳақиқат. Буни советлар ҳам тан олган, сизлар ҳам, биз ҳам. 1920 йилга келиб Жўнаидхон Хива хонлигининг беш ҳудудини ўз тасарруфига, қарамоғига олади. Ўзи бошқариб турган ҳудудда 10 кишидан иборат ҳукумат бошқаруви органини тайинлайди ва ҳоказо.

– Қўқон мухториятининг ағдарилиши Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатига қандай таъсир қилди? Нима сабадан халқ босмачиларга ишониб эргашди?

– 1918 йилнинг деярли 2-3 ойи ичида қизил аскарлар Қўқон ва унинг атрофидаги 180 та қишлоққа ўт қўйиб, тинч аҳолини қийноқ ва азобларга солади, кўпчилик қириб ташланади. 1918 йилнинг ёзида шўроларга қақшатқич зарба бериб турган Кичик Эргаш шаҳид бўлганидан сўнг, унинг ўрнини ким босиши тўғрисида маслаҳатлар бошланди. Катта Эргашнинг ва шаҳид кетган Кичик Эргашнинг ҳам Шермуҳаммадбекка ҳурматлари баланд эди. Катта Эргаш Шермуҳаммадбек номзодини илгари суради, уни бир неча қўрбошилар қўллаб-қувватлайди. Лекин Шермуҳаммадбек Мадаминбек бўлсин, мен эса унинг ўринбосари бўлақолай, деб номзодини туширади. Шундан сўнг қўрбошилар қурултойи Мадаминбекни Туркистон қўрбошиларига раҳбар этиб сайлайди ва унга “Амирал муслимин” олий ҳарбий унвонини берадилар.

Мендаги маълумотларга кўра, 1918 йилга келиб Фарғона водийсида 77 нафар мустақил қўрбоши бўлиб, улар 52 минг қуролли аскарга раҳбарлик қилишган. 1918 йилда Мадаминбекда 5000; Шермуҳаммадбекда 6500; Нурмуҳаммадбекда 3900; Холхўжада 3000; Парпибекда 3600; Муҳиддинбекда 4500; Омон полвонда 2500 нафар аскар бўлган ва ҳоказо. Бу кўрсаткичлар 1927 йилда Туркияда чоп этилган “Янги Туркистон” газетасида босилган бўлиб, қўрбошилар аскарларининг сони аниқ кўрсатилган. 1919 йилда жуда кўп жойда қонли тўқнашувлар содир бўлади. Қўрбошилар қизил аскарларга қарши курашни давом эттирдилар. Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Катта Эргаш ва бошқа қўрбошилар бошчилигидаги Туркистон миллий истиқлол ҳаракати жангчилари сони 70 мингдан ошиб кетди. Миллий озодлик ҳаракати жиддий тус ола бошлайди, бу албатта большевикларни саросимага солди. Айнан шу йили Туркистондаги босмачилик ҳаракатини бостириш учун Масковда ”Туркистон фронти” эълон қилиниб, бу ерга яхши қуролланган қўшимча 160 минг аскарлик армия юборилади.

Қўрбошилар орасидаги ўзаро муносабатлар хусусида нима дея оласиз? Улар орасидаги муносабатларни ҳар доим ҳам дўстона бўлган, деб айта  оламизми?

Умуман олганда, улар орасида муносабатлар ёмон эмас эди. Буни қўрбошиларнинг бўлиб ўтган 10 та қурултойи мисолида ҳам пайқаса бўлади. Аммо уларнинг мужоҳидлик ҳаракатидан илгариги муносабатлари вақт-вақти билан ўзгариб турар эди. Масалан, Мадаминбек ва Кичик Эргаш орасида муносабатларни қуйидаги мисолдан кўрса бўлади: Тошкентдаги русларнинг бир ҳарбий қисми Қўқон шаҳри ва унга яқин бўлган қишлоқларда 10 мингга яқин туркистонликни қириб ташлаган. Кичик Эргаш уларга қақшатқич зарба бериш учун ҳужумга даъват этади, лекин шунда Мадаминбек бу ишда шошмаслик кераклигини уқтириб, ҳужумни тўхтатиб қолади… Айнан бу нарса кейинчалик уларнинг иккаласи ўртасида келишмовчилик ва зиддиятлар келтириб чиқаради.

Нурмуҳаммадбек қўрбоши ва Али Бадемчи. Адана (Туркия).

Шундан сўнг, Мадаминбек, Катта Эргаш ва Кичик Эргашлар Бачқир кўли қишлоғи томон чекинишади. Бу чекиниш даврида Қўқон мухторияти ҳукумати аъзолари ҳам бор эди, Мустафо Чуқай ҳам улар орасида бўлган. 1918 йилда бўлиб ўтган жангларнинг бирида Кичик Эргаш қахрамонлик кўрсатиб,шаҳид бўлади. Ўша пайт Шермуҳаммадбек қизилларга қарши жанг олиб борарди, у Қувада эди. Умуман олганда, айнан ўша пайт бутун Фарғона вилояти жанглар майдонига айланиб кетганди, айниқса Шаҳрихон, Яккатут, Сузоқ, Қўқонқишлоқ, Бозорқўрғон, Искобил, Жалолобод ва бошқа каттакичик шаҳар ҳамда қишлоқларда миллий-озодлик ҳаракати тарафдорлари билан қизил армия аскарлари ўртасида кескин тўқнашувлар бўлиб ўтади.

Мадаминбек билан Холхўжа ўртасида ҳам муносабатлар таранг бўлган.Қўқон мухторияти барпо этилганидан сўнг, Мадаминбек полиция маҳкамасига раҳбар этиб тайинланади. Кичик Эргаш ҳам бирҳарбий бўлинмада бошлиқ эди. Мадаминбек ва Холхўжа ўртасидаги илгаридан мавжуд бўлган келишмовчилик Мадаминбек полицияда ишлаган даврида яққол сезилди. Холхўжа бир айб иш қилиб қўйганида Мадаминбек уни ҳатто турмага ҳам қамаб қўяди… Шундан сўнг улар душман бўлиб қоладилар. Советлар шу каби муносабатлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, Мадаминбекнинг ўлимида Холхўжани айблашади, лекин Холхўжа Мадаминбекни ўлдирмаган.

Сиз ўз асарларингизда инглизлар ва афғонлар босмачиларга ёрдам беришмади, деб ёзасиз… Хўш, ёрдам берганларида нима ўзгарган бўларди?

Биринчидан, инглизлар ва руслар ўзаро тил бириктириб, Марказий Осиё, Ҳиндистон, Покистон ҳудудларини ўзларича бўлиб олишган эди ва бирбирига халақит бермоқчи эмасдилар. Иккинчидан, Англия Афғонистон билан уруш ҳолатида эди, Россия эса ўзининг “ички душманлари” билан жанг қилаётган эди… Англиянинг Қашқардаги Бош консули Эриксон “сизларга ҳарбий ёрдам берамиз”, деб кўп вақт туркистонлик мужоҳидларни лақиллатиб келди. Охироқибат, унинг сўзи пуч бўлиб чиқди. Бу масалада Шермуҳаммадбек ва унинг элчилари инглизлар билан бир неча марта музокаралар олиб борган, лекин бирон натижага эришилмаган. 1922 йилда,мужоҳидларнинг айни тинкалари қуриган пайтда ён қўшни, мусулмон давлати бўлмиш Афғонистон ҳам ёрдам бермаган. Эҳтимол, ўзининг қуввати ҳам катта бўлмагандир, аммо улар фақат ўз манфаатларини ўйлаган эдилар. Бир томондан, инглизларга қарши уруш, иккинчи томондан, шимолий қўшни Россиядан нима кутишини билмай, чўчиб турган эдилар. Балким шу сабабли, туркистонликларга ёрдам беришмагандир. Хуллас, туркистонлик мужоҳидларга ҳеч ким ёрдам бермаган, оқибатда улар ўз ёғларига қовурилишга мажбур эдилар. Агар мужоҳидларга хақиқатда ёрдам берилганида эди, русларнинг Туркистон миллий истиқлол ҳаракатини бостириши мушкул бўлган бўларди.

Шермуҳаммадбекнинг мужоҳидликни бошлаган вақти хусусида нима дея оласиз?

Шермуҳаммадбекнинг айтишларича, улар мужоҳидликни 1917 йилнинг бошидан бошлаган ва бу курашлар 1923 йилнинг охиригача давом этган. Шу орада улар бир жойда ўтирмади, тинмай ҳаракат қилди, ҳар куни турли шаҳар ва қишлоқларга бориб, босмачилик ҳаракатига раҳнамолик қилди ва ўзи барчага ўрнак бўлди. У Афғонистондан Ҳиндистонга, у ердан Покистон ҳудудига, у ердан Қашқарга борди. Хорижий миссиялар раҳбарлари билан учрашди, лекин улардан мадад бўлмади, улар ўз сўзларини устидан чиқишмади.

Шермуҳаммадбек ўз олдига нималарни мақсад қилиб қўйган эди?

Али Бадемчи билан интервью. 2009 йил.

1970 йилнинг бошида Шермуҳаммадбек билан суҳбатлашганимда, ”Шўролар “босмачилик ҳаракати” деб аталган ҳаракат ўз олдига қандай вазифаларни қўйган эди?”,деган саволимга Шермуҳаммадбек: ”Босмачилик” –бутун Туркистоннинг истиқлоли учун бир улуғвор ғояга бирлашган миллатпарварлар ҳаракати эди. Бу ҳаракат “Туркистон- туркистонликларники!” шиори остида Амир Темур, Мирзо Улуғбеклар юртини босқинчилар чангалидан озод қилишга қаратилган миллий озодлик кураши эди. Биз кўп йиллар мобайнида қонимизни зулукдек сўриб келаётган босқинчиларга, Масков ҳукмронлигига қарши истиқлол байроғини кўтариб чиққан эдик”, деб жавоб берганлар.

Мадаминбекнинг Оқ подшо генерали Монстров билан бирлашувига бошқа қўрбошиларнинг муносабати қандай бўлган?

1919 йилда Чор армияси генерали Монстров Мадаминбек билан бирлашиш тўғрисида ўз таклифини юборади. 1919 йилнинг 22 августида Эргаштом деган жойда (ҳозиргиҚирғизистонда) Монстров ва Мадаминбек сулҳ тузиб, Фарғона Муваққат ҳукуматини тузадилар. Бунга биринчи бўлиб Катта Эргаш ўз муносабатини билдиради. У “Мадаминбек бу масалада ҳеч ким билан маслаҳат қилмасдан иш тутди”, деб ундан норози бўлади ва бу Муваққат ҳукуматни тан олишдан бош тортади. Норозиликлар кучайиб бораётган бу вақтда Шермуҳаммадбек истиқлолчилар ҳаракати бирлигига дарз кетмаслиги учун уни сақлаб қолиш мақсадида бошқа барча қўрбошилар билан тез-тез учрашиб, бамаслаҳат иш олиб боради. Тан бериш керак, Шермуҳаммадбек аслида анча хафа бўлган бўлса-да, лекин буни ошкор қилмасдан, Мадаминбекни айблашга ҳам шошилмасдан “ҳамма нарсага вақт ҳакам”, деган қабилда иш тутади. Бундан ташқари, у Жалолобод, Марғилон, Ёзёвон, Андижон ва Ўш ҳудудларида қизилларга қарши қаттиқ курашлар олиб борди.

Кутилганидек, 1920 йилнинг бошида Монстров қизилларга таслим бўлади, Мадаминбек эса ўртада қолиб кетади… 1920 йилнинг март ойида Мадаминбек ҳам қизиллар билан сулҳ тузади. Шермуҳаммадбек курашни давом эттиради, у руслар тузоғига тушмасликка ҳаракат қилади. Бундан ташқари, Шермуҳаммадбек бошқа қўрбошиларни йиғиб, улар билан содир бўлаётган жараёнларни таҳлил қилиб, яқин орада қилинадиган муҳим ишларни режалаштиради. Чунки аҳвол тобора мураккаблашиб борарди. қизиллар ташвиқот ишларига катта аҳамият бериб, қўрбошиларни ўз томонига ағдаришга қаттиқ уринишарди. Бу уринишлар беҳуда кетмади, бир неча қўрбоши Мадаминбекдан сўнг ўз аскарлари билан қизиллар томонга ўта бошлади. Улар камчилик бўлсада, миллий озодлик ҳаракатига бу салбий таъсир қилди.

Шермуҳаммадбек ва Мадаминбек орасидаги муносабат тўғрисида нима дея оласиз? Мадаминбекнинг ўлимида Шермуҳаммадбекнинг айби борлиги қанчалик ҳақиқатга яқин, деб ўйлайсиз?

1975 йилда чоп этилган китобимда Мадаминбек Холхўжа томонидан ўлдирилган деб ёзилган эди. У пайтлар мен анча ёш эдим, тажрибам ҳам камроқ эди. Шу йилларда туркистонлик тарихчи олимимиз Боймирза Ҳайит (у кишининг ёши бу пайтда элликдан ошган ва катта тажрибага эга эдилар), Мадаминбек ўлими тўғрисида ўз фикрларини билдирганлар. Кейин мен кўп тарихий адабиётни таҳлил қилиб чиқдим. Шундан сўнг айрим масалалар бўйича қарашларим ўзгарди. Айнан шу ўзгаришларни 2008 йилда чоп этилган навбатдаги китобимда баён қилдим. Энди шу тўғрида мен ўз фикримни айтиб ўтсам. Руслар туркийларнинг ирқини ва наслини энг кўп ўрганганлар. Айнан улар бизнинг одамларимизни тузоққа туширишда катта мувафаққиятга эришди. Олдин Мадаминбекни, сўнг унга яқин қўрбоши ва аскарлар қизиллар томонга ўтиб кетишган… Бундан ташқари, қизиллар Мадаминбекка қандай бўлмасин, Шермуҳаммадбекни қизиллар томонга оғдириш йўлини топишни буюрадилар. Руслар Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек орасида меҳр-оқибат, дўстликдан ҳам устун бир ҳис борлигини билишарди, шунинг учун ҳам бу масала осонгина ҳал бўлишига ишонч билдиришган эди.

Мадаминбек Шермуҳаммадбек билан музокара олиб бориш учун комиссар Сухов ҳамроҳлигида йўлга тушади. Улар бир неча марта Шермуҳаммадбек билан учрашишгаҳаракат қилишади, лекин учрашув бўлмади. Шундан сўнг Шермуҳаммадбек билан учрашиш истагида Мадаминбек Сухов билан бирга Хўжақирга йўл олади. У ерларни Холхўжа қўрбоши назорат қилар эди. Мадаминбекнинг орқасида бир қанча рус аскарлари бор эди. Холхўжа Мадаминбек ёнига келганида,яқинда турган қизил аскар милтиғини у томон ўқталайди, Холхўжа уни бир уриб йиқитади… Шунда Холхўжа Мадаминбекка бу аскарларни бизни ўлдириш учун олиб келганмидинг? деб, Мадаминбек, Сухов ва бошқа барча аскарларни ўраб, асирга оладилар. Мадаминбек ва Суховни кўриқлашни Сойибқори ва Лутфулла махсумларга топширади, иккаласини кўз қорачиғидай асраш, уларга нисбатан кўриладиган чора тўғрисида фақат Шермуҳаммадбек амрига бўйсуниш, бу масала юзасидан унинг фармонини кутиш кераклигини тайинлайди.

Советларга қарши миллий-озодлик ҳаракати иштирокчиларининг суд қилиниши.Фарғона, 1920- йил.

Лекин кутилмаганда, номаълум вазиятда Мадаминбек ва Сухов ўша куниёқ қатл этилган… Улар қанча вақт турмада ўтирган, орада қандай жанжал чиққан, Мадаминбек билан Сойиб қори ва Лутфулла махсум ўртасида қандай гап-сўз ўтган – бу бизга номаълум. Мазкур жанжалдан Холхўжанинг умуман хабари бўлмайди, чунки у бу пайтда зарур иш билан бошқа жойга кетган эди. Шермуҳаммадбек ўз хотираларида ушбу воқеани эслар экан, 9-апрел куни Хўжақирга келганида Мадаминбек ва Сухов осилиб турганини кўриб,ҳайрон бўлиб қолганлигини айтади. Не сабаб бундай иш юз берганини Холхўжадан сўрайди. Сойибқори ва Лутфулла махсум қилар ишни қилиб қўйиб, Шермуҳаммадбек билан Холхўжадан қўрқиб, Шарқий Бухорога қочиб кетадилар ва у ерда Мадаминбекни қатл этганликларини бўйинларига оладилар. Ўз дўстидан айрилган Шермуҳаммадбек кўп вақт изтиробда қолади, Мадаминбек ҳаётини сақлаб қололмаганлиги учун Холхўжага ҳам норозилик билдиради. Шермуҳаммадбек Мадаминбекни жуда ардоқларди, ҳаёти давомида у киши тўғрисида яхши гапларни гапириб келган. Ўз дўстига ҳурмат бажо келтириб, Шермуҳаммадбек тўнғич набирасига Мадаминбек деб исм қўяди…

Советлар даврида ва кейинги пайтларда ҳам айрим китобларда Мадаминбекни Шермуҳаммадбек, баъзи манбаларда эса Холхўжа ўлдирган дейилади.Лекин аслида Мадаминбекни Сойибқори ва Лутфулла махсумлар қатл қилишган. Боймирза Ҳайит бу воқеани ўз асарларида ёритиб, Мадаминбек 11 май куни ўлдирилган, деб ёзади. Боймирза Ҳайит ўшанда рус архивларидан фойдаланганини айтганди. Аммо менинг китобим мазкур китобдан 25 йил илгари чиққан ва мен унда бу санани 9-апрел деб кўрсатганман. Мадаминбекнинг Қирғизистондаги қабрида ҳам 9-апрел санаси битилган

Мадаминбекнинг ўлимидан сўнг миллий истиқлол ҳаракатида қандай ўзгаришлар рўй берди?

Мадаминбекнинг ўлимиданбольшевиклар ўз манфаати йўлида фойдаланиб, Шермуҳаммадбек ва Холхўжа ўлдирди, деб босмачилик ҳаракатига совуқлик туширишга ҳаракат қилдилар ва бу ишда анча-мунча муваффақиятга ҳам эришдилар. Мадаминбекнинг ўлимидан сўнг, 1920 йилнинг ёзига келиб босмачилик ҳаракатида иштирок этган 10 минг аскар шўролар армиясига ўтиб кетди. Шуниси ачинарлики, адашганлар орасида истиқлол ҳаракати рахнамолардан бири Раҳмонқул қўрбоши ҳам бор эди. Лекин ўз ғоясига содиқлар Шермуҳаммадбек атрофида йиғилишиб, миллий истиқлол ғоясига содиқ қоладилар, жангларда мардлик ва жасорат кўрсатадилар. Шу жангларнинг бирида Парпи қўрбоши ҳам Андижонда шаҳид бўлади…

Али Бадемчи, Саодатхон Бек Шермуҳаммадбек қизи фарзандлари билан. Адана (Туркия) 2009 йил.

Қизиллар сафига ўтиб кетган босмачилардан кўпи 1920 йилнинг охирига келиб қуролларидан маҳрум бўлди, кўпчилиги турмага ташланди ва охир-оқибат, улар руслар ташвиқотига тушиб қолганлари ва алданганларини англашди. Тушунганлари яна босмачилар ҳаракатига қўшилади. Олти ойдан сўнг, Раҳмонқул ҳам Шермуҳаммадбек ёнига келиб, яна мужоҳидлар сафига қабул этишларини сўрайди ва қизил аскарларга қарши курашга отланади.

– Китобингизда 1920 йил охирларидаТуркистон миллий озодлик ҳаракатида бироз сустлашиш пайдо бўлган, деган фикр илгари сурилган

1920 йилнинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятида босмачилик ҳаракати бироз сусайган. Шунда Шарқий Бухорода қўним топган Саййид Олимхон Шермуҳаммадбекка хат ёзиб, уни қизил армияга қарши биргаликда жанг қилишга чорлайди. 1921 йилнинг охирида Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек ва Асқар қўрбошилар Шарқий Бухорода,Ҳисорда Давлатманд қўрбошига катта ёрдам бердилар. Айни пайтда улар Анвар Пошо билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, қизилларга қарши курашни давом эттирдилар. Сал вақт ўтиб, Шермуҳаммадбек қайнотаси Музаффарбек бошчилигида бир қисм аскарларини Анвар Пошонинг олдида қолдириб, ўзи укаси билан Фарғонага қайтади.

1920-1921 йилларда Фарғонанинг барча ҳудудлари қизилларга қарши жанг майдонига айланади. Фарғона водийсида 1921 йилнинг ўзида, умумий ҳисобда 341 марта жанг бўлиб ўтган. Албатта, бу жангларда босмачилик ҳаракати тобланди.Аммо уларнинг куч-қуввати кун сайин камайиб борди, чунки уларни фақат маҳаллий халқ қўллаб-қувватларди, холос. Хориждан бирон ёрдам кўрсатилмади. Афғонлар ва инглизлар ваъда берган ёрдамидан дарак бўлмади. Мамлакатда очлик ҳукм сура бошлаган оғир пайт эди, шунга боғлиқ равишдамужоҳидлар олдида ҳам баъзи муаммолар чиқа бошлади.

Шермуҳаммадбекнинг қизиллар билан музокара олиб боришига нима сабаб бўлди?

1921 йилдамиллий озодлик ҳаракати раҳбарлари қизилларга турли йўллар билан зарба беришга ҳаракат қилдилар. Булардан бири улар қизиллар учун ўта муҳим бўлган темир йўлларни бузиш эди. Ўша пайтда советлар армияси кўпроқ темир йўллардан фойдаланишарди, буларни яхши билган Шермуҳаммадбек аскарлари Қўқонда темир йўлларни бузиб ташлайдилар. Бу жангларда беҳуда кўп қон тўкилаётгани сабабли, Шермуҳаммадбек советлар вакилига мактуб йўллаб, Туркистонни тарк этишларини талаб қилади. Бунга жавобан, советлар вакили Зиновьев Шермуҳаммадбекка жавоб мактубини йўллаб, у билан нейтрал зонада кўришиб, музокара олиб боришга чақиради. Музокараларда Зиновьев Шермуҳаммадбекка Фарғонагаҳоким бўлишни таклиф этади. Шермуҳаммадбек эса ҳеч қандай таклифга кўнмай, руслар тезда Туркистондан чиқиб кетиши шарт эканини, йўқса уруш давом этишини қатъий таъкидлайди. Шундан сўнг кураш яна авж олади.

Нурмуҳаммадбек 1922 йилда Шарқий Бухорода Дониёрбек ҳарбий кучлари билан бирлашади, кейинчалик уларга Ҳожи Сами келиб қўшилади. Шермуҳаммадбекнинг 3000 кишилик аскари Фузаилбек қўрбошининг аскарлари билан бирлашадилар. Улар кучларни бирлаштириб, бир ёқадан бош чиқариб, қизиллар армиясига қарши курашлар олиб борадилар, лекин барибир кучлар тенг эмас эди.

Шермуҳаммадбекнинг Ватандаги сўнгги жанглари хусусида гапириб берсангиз.

1922 йилнинг охирида Шермуҳаммадбек ўзига энг яқин 396 нафар аскар билан Афғонистонга ўтиб кетади ва у ерда уч ой бўлиб, хорижий мамлакатлар вакиллари билан Туркистонга ҳарбий ёрдам масаласи бўйича турли музокаралар олиб боради. 1923 йилнинг бошида у яна Фарғонага қайтади ва қизилларга қарши курашни давом эттиради. 1923 йилнинг охирида Афғонистонга қайтади ва Туркистонга бошқа бормайди.

Шермуҳаммадбек қизил армияга қарши курашни тўхтатишгақачон қарор қилган?

1924-1925 йилларда ташқаридан мадад келмагач, тиш-тирноғигача қуролланган қизил аскарлар билан курашиш ҳозирча фойдасизлигини  англаган Шермуҳаммадбек,беҳуда қон тўкилмаслигини ўйлаб,ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади. Лекин Туркистонда қолганлар партизанлар урушини яна бир неча йил давом эттирадилар. Бир европалик тарихчи ўз китобида Туркистондаги босмачилик ҳаракати тўғрисида шундай фикрни баён қилади: қўрбошилик Туркистонда бутун туркларнинг муштарак бир ҳаракати бўлди. Балки тарихда биринчи марта Туркистон турклари бир фикр атрофида тўпланди. Лекин четдан ёрдам бўлмагани сабабли, бу кураш муваффақият қозонмадиБу гапларни унга бир рус аскари айтган экан.

Али Бадемчи Аданадаги туркистонликлар жамитятида. 2009 йил.

Туркистонда миллий истиқлол ҳаракатининг охирги босқичи ва Сталин террорининг биринчи қурбонлари хусусида тўхталсангиз…

Тиш-тирноғигача қуролланган совет армияси Туркистонда қирғинбарот урушларини давом эттирди, 1923 йилнинг ўзида 1500 босмачи, 30га яқин қўрбоши шаҳид бўлди. 200 дан ошиқ аскар қизилларга асир тушди. Айнан мана шу паллада Иброҳимбек лақай илгариги айбини ювиш мақсадида 800 нафар аскарлари билан шўролар армиясига қаттиқ зарбалар беради. Бутун Шарқий Бухоро бўйича қаттиқ жанглар бошланади, рус қўмондонлари шунда босмачиларни “ўзбек амазонлари” деб номлашади, бу жангларда 5000 истиқлолчи шаҳид бўлади. Ҳамроқул, Жабборқул ва Даврон Бек қўрбошилар Шарқий Бухорода 1925 йилнинг охиригача советларга қарши жанг олиб бордилар.

Сизга яна бир далилни айтиб ўтмоқчиман, 1932 йилда Сталин даврида, илгариги “босмачилар” ҳаракати аъзоларининг оилавий рўйхати тузилади. Фарғона вилояти бўйича олдинига 5000 оила, сал кейинроқ яна 8000 оила аъзолари турмага ташланиб, кўпчилиги отилган. 1934 йили СССР босмачилар батамом йўқ қилинди, деб дунёга жар солади. Аммо шуни айтиш керакки, Туркистондаги босмачилик ҳаракати Амир Темурдан сўнг, 500 йил кейин бутун туркистонликларни бирлашиб ёвга қарши курашга чорлаган буюк ғоя – миллий истиқлол ғояси учун курашчилар ҳаракати бўлган эди.

Сталин иккинчи жаҳон урушида босмачилар авлодини ҳам немисларга қарши урушга жалб этиб, урушнинг энг оғир линиясига қўйди. Уларда ҳарбий соҳада тажриба бўлмаган, чунки туркистонликларни яқин йилларгача худди Чор Россияси давридагидек армия сафига чақиришмаган. Уларда тўлиқ қурол-яроғ ҳам ва тажриба ҳам бўлмаган… Шу сабабли мазкур урушнинг бошида 1 миллион 700 минг туркистонлик асир тушади.

– Миллий озодлик ҳаракатининг ўтган асрнинг 30-йилларидаги ва ундан кейинги, сўнгги фаолияти тўғрисида фикр юритсангиз…

– Гап миллий озодлик ҳаракати тўғрисида кетар экан, Иккинчи Жаҳон урушида Мустафо Чўқай асос солган 180-200 минг аскарни бирлаштирган “Туркистон легиони”ни ҳам бунга улаб кетсак, муболаға бўлмайди. Чунки “Туркистон легиони”да иштирок этган кўпчилик аскарларнинг ота-бувалари ҳам Туркистон ҳудудида босмачиларга қўшилиб, қизил аскарларга қарши кураш олиб борган. Ота-буваларининг васиятини, қилган ишларини ёдда тутганлар. Масалан, Боймирза Ҳайит бир босмачи оиласида катта бўлган ва у бу ҳаракатнинг мақсадини жуда яхши билган эди. Унинг отаси ҳам, акаси ҳам босмачилар сафида хизмат қилган. Қурбон Ҳайити куни қизиллар Боймирза Ҳайитнинг акасини асирга олишади ва бошқаларга ўрнак бўлсин деб унинг калласини танасидан жудо қилишади ва унинг калласини отасига “Ҳайитлик совға” сифатида юборишади… Бу хунук воқеани менга Боймирза Ҳайитнинг ўзи гапириб берган.

1934 йилда СССР Афғонистон ва Эрон давлатлари билан чегарадош ҳудудларини мукаммал тарзда ёпади ва босмачиларнинг у тарафдан келиб-кетишига барҳам беради. 1929-1934 йилларда у томондан чегарани бузиб ўтмоқчи бўлган ва асир олинган барча босмачилар қириб ташланади. Улар орасида Эрондан туриб бир неча бор ҳужум уюштирган Жўнаидхон ҳам бор эди. Худди шундай, Иброҳимбек ҳам 1931 йилда қизиллар томонидан асир олиниб, қатл этилган. 1942-1945 йилларда тузилган “Туркистон легиони” Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг иккинчи босқичидир ва СССРнинг 1979 йилда Афғонистонга кириши ва у ерда уларга қарши олиб борилган кураш ҳам Ватан озодлиги йўлидаги курашнинг сўнгги парчаларидир, деб ёзган эди доктор Боймирза Ҳайит.

Шермуҳаммадбекнинг Мустафо Чўқай билан муносабатлари хусусида тўхталсангиз.

Улар орасида ҳеч қандай яқин алоқа бўлмаган. Табиийки, Мустафо Чўқай Туркистон мужоҳидлари ҳаракати раҳбарларидан бири бўлган Шермуҳаммадбек тўғрисида кўп эшитган, лекин улар бир-бири билан сира учрашишмаган ва яқин муносабатда бўлишмаган. Бунинг сабаби қуйидагича: Қўқон мухториятидан бир неча йил олдин Туркистонда фаолият юритган кўпчилик зиёли, ўқимишли кишилар руслардан қўрқишар, улар билан сал бўлса-да, муроса қилишга ҳаракат қилишарди. Мустафо Чўқай ҳам билимли, зиёли киши бўлган, русларнинг одатларини пухта ўрганганлиги сабабли бўлса керак, улардан бир оз қўрқиб турарди…

Аммо Шермуҳаммадбек ва у каби бошқа қўрбошилар эса улардан фарқли ўлароқ, жангари, жасур, қўрқмас кишилар эди. Айнан шундай одамлардан кейинчалик етук қўрбошилар етишиб чиқди ва халқ уларга эргашди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Шу сабабли, қўрбошилик ҳаракатини Қўқон мухторияти ағдариб ташланган кичик бир даврдан эмас, балки 1873 йилдан бошлаб, 1892 йилдаги Дукчи эшон қўзғолони, 1916 йилдаги Чор Россияси ҳукуматига қарши кўтарилган қўзғолонларни ўз ичига олган катта даврни айтишимиз зарур. Бу бошланиши бўлса, миллий озодлик ҳаракатининг сўна бошлаши 1934 йилга бориб тақалади. Тўғри, ундан кейин ҳам ҳаракатлар бўлган, лекин улар унчалик йирик бўлмаган.

– Шермуҳаммадбекнинг Саййид Олимхон билан муносабатлари-чи?

– Ўтган асрнинг йигирманчи йилларигача Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги мавжуд бўлиб, улар русларнинг вассаллигига кирганди. Қўқон хонлиги ҳудуди эса бутунлай русларга ўтган эди. Тарихдан маълумки, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги орасида азалдан муносабат яхши бўлмаган. Бу муносабатлар охиригача сақланиб қолди. Шермуҳаммадбек Бухоро амирига бир неча марта мурожаат қилиб, кучларни бирлаштириб, босқинчиларга қарши биргаликда жанг қилишни таклиф этади, лекин амир такаббурлик қилиб, фарғоналиклар таклифини рад этади… Кейинроқ Саййид Олимхонни Бухорода жадидлар, ёш бухороликлар ва қизил аскарлар биргаликда тахтидан жудо этадилар.

Файзулла Хўжаев Бухоро Республикаси ҳукуматининг раҳбари, Усмонхўжа эса Шарқий Бухоро Мухтор ҳукумати раҳбари этиб тайинланади. Бу аснода Саййид Олимхон мажбуран Шарқий Бухорога келиб қолади. Бу воқеалар 1921 йилда бўлиб ўтади. Шунда Саййид Олимхон Шермуҳаммадбекдан ёрдам сўрайди. Шермуҳаммадбек кўмагида Саййид Олимхон Афғонистонга ўтиб кетади. Афғонистонда улар бир неча марта учрашадилар, лекин мусофирчиликда уларнинг алоқалари жуда яқин бўлган, дейишга менда асос йўқ.

– Шермуҳаммадбек 1916 йилда (айрим манбаларда 1915 йил) мардикорликка олиниб, I Жаҳон уруши жанггоҳларига, Польша фронтига ташланганлиги хусусида нима дея оласиз?

– Агар Шермуҳаммадбек Польша фронтига ташланган бўлса, мен бундан хабардор бўлган бўлардим. Чунки мен Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳамадбеклар билан кўп марта учрашиб, мулоқот қилганман, уларнинг ҳаёт йўлларини жуда кўп сўраб-суриштирганман. Ҳатто Абдулҳай махдум ёзиб қолдирган хотираларда ҳам бу нарсага дуч келмаганман. Бу тўғрида Боймирза Ҳайитнинг китоблари ва бошқа китобларда ҳам бирон маълумотларга дуч келмадим, менимча бу хато. Шермуҳаммадбекнинг учта хотираномаси бор, лекин бирорта жойда бу тўғрида маълумот учрамайди. Бу масалада Шермуҳаммадбекнинг ўғли Даврон Бек, қизи Саодатхон Бек, жияни Муҳаммад Анварбекларнинг фикри ҳам худди шундай.

– Айрим манбаларда Шермуҳаммадбек гўё Афғонистонда яшаётганда Ватанга қайтиш учун советлар элчихонасига икки марта бош эгиб борган, деб айтишади…

– Бу жуда жиддий масала. Мен шахсан Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек ва бошқа туркистонликлар билан суҳбатда бўлганимда, Шермуҳаммадбек русларнинг Кобулдаги Бош консулига мурожаат этиб, Ўзбекистонга қайтиш ниятида бўлгани тўғрисидаги бирон гап эшитмаганман. Агар шундай бўлганида, аввало рус тарихчилари “Мана кўрдингларми, Кўршермат бизга ўзи ялиниб келди” деб, бу тўғрида албатта ёзишган бўларди. Менимча, сиз ҳам бундай маълумотни ўқимагансиз… Шермуҳаммадбек қанчалик содда, камсуқум бўлмасин, ҳеч қачон бировга бош эгиб бормаган, у киши жуда мағрур одам эди… Большевизмни ўзига душман деб билиб, унга қарши шунчалар қон тўкиб жанг қилган одам қандай қилиб элчихонага тавба қилдим деб боради? Бу мутлақо бўлмағур гап.

Ундан ташқари, Сталин террори айнан кучайган пайтда, босмачиларга қарши курашда иштирок этганларнинг барчаси қамоққа олиниб, қийноққа солинаётганда Шермуҳаммадбекнинг бундай қилиши мантиққа ҳам тўғри келмайди. Мен Шермуҳаммадбекнинг совет элчихонаси яқинига ҳам йўламаганига аминман. Яна бир асос: Шермуҳаммадбек Афғонистонда бўлган пайтда Туркиянинг Афғонистондаги элчиси Фахри Пошонинг хотираларини ўқиганман. Фахри Пошо Туркистон мужоҳидлари тўғрисида, бўлиб ўтган жанглар хусусида ҳам кўп жиҳатларни ёритган. У киши Шермуҳаммадбекни жуда яхши билиб, ҳурмат қилиб, қадрлар эди. Лекин бу тўғрида гап йўқ. Шуниси аниқки, Шермуҳаммадбек русларнинг эчихонасига борган бўлганда, у Туркияга кириш учун ҳеч қачон виза ола олмасди…

Шермуҳаммадбек лашкарбоши ва Нурмуҳаммадбек қўрбошиларнинг қабристони. Адана, 2009 йил.

Нью-Йорк-Истанбул-Тошкент

(Давоми бор)

Aloqador maqolalar:

Нега Кўршермат? (1-мақола)

Мадаминбекни Шермуҳаммадбек ўлдирганми? (2-мақола)

Шермуҳаммадбекнинг хориждаги ҳаёти (3-мақола)

Шермуҳаммадбек қандай инсон бўлган? (4-мақола)

 

SHARE