Таваккулнинг кучи

(Воқеий ҳикоя)

Домла Ҳиндистоний ҳикоя қиладилар:

«Банданинг таваккули унинг ризқига кафилдир.

…Бухорога таълим учун кетаяпман. Ёнимда 3 сўмгина пулим бор. Поездда бир мўйсафид билан бирга кетдик. У сўради:

― Ўғлим, қаерга кетяпсиз?

― Бухорога ўқигани кетяпман.

― Қайси мадрасага борасиз? У ердан биронтасини танийсизми?

― Билмайман. Бирон танишим ҳам йўқ.

― Бухоро катта жой бўлса, у ердаги хонадонларда ҳам жой йўқ: ҳаммаси муллаваччалар билан тўлган. Қаерда турасиз?

― Билмайман…

― Ажабо, сизни ҳеч ким қайтармадими?

― Қайтаришганди, унамадим…

― У ҳолда мен билан юраверинг.

Бир хонақоҳга бордик. Хонақоҳдаги эшон зот шу кишининг акаси экан. Мўйсафид ўша зотни кўргани келаётган экан.

Мўйсафид йўқ бўлиб кетди. Мен эса масжиднинг четидаги супада ўтирибман. Мени ҳеч ким сўрамаяпти. Намози аср бўлди, шом бўлди. Хуфтон бўлдиямки, ҳалиги одамдан дарак йўқ. Хуфтонда дилимга «бир «Таборак»ни ўқий» деган фикр келди. Ўқидим, ҳазрати эшон менга қараб қўйдилар. Хуфтондан сўнг ҳамма устознинг зиёратига шошилди. Мен эса яна супада қолдим. Бир маҳал эшоннинг бир ҳалфаси чиқиб, мени чақирди. Ҳазрати эшоннинг ҳузурига кирдик. Мендан сўрадилар:

― Ўғлим, сиз қаердан келдингиз?

― Қўқондан келдим.

― Бухорога нимага келдингиз?

― Илм талабида келдим.

― Ўзингиз мураттаб қоримисиз?

― Ҳа, мураттаб қоримиз.

― «Я айюҳал музаммил»ни ўқиб берасизми?

Дарров чўкка тушиб «Музаммил»ни ўқиб бердим. «Баракаллоҳ!» деб мақтадилар. Сўнг, ҳалфаларига кичкина эшонни чақиришни буюрдилар. У мен тенги бир йигит экан. Сўнг дедилар:

― Бу киши «Шарҳи Мулло» ўқийди. Сиз ҳам шу китобни ўқийсиз. Бирга ҳужрада турасизлар. Домлага ҳам бирга борасизлар. Энди, ўғлим сизга бир хизмат бор. Сахар муаззин сизни уйғотади. Таҳорат қилиб келасиз. Мен таҳажжуд ўқиганимда шу ерда ўтириб, «Музаммил»ни ўқиб берасиз.

Сахар ҳазрати эшоннинг ҳузурига бориб, хизматни адо этдим. Ҳазрат роса йиғладилар. Ҳар куни аҳвол мана шу…

Олти ой шу ерда таҳсил олдим. Ҳеч нарсадан камим бўлмади. Шунда дадамга хат ёздим. Бир маҳал шу манзилга бузрукворим кириб келдилар. Шароитни кўрдилар, ҳазрати эшонни зиёрат қилдилар, сўнг дедилар:

― Жуда файзли жойга келибсиз-да, бу ердан ҳаргиз қимирламанг.

Отамиз аввалига менинг бу ерга келишимга кўнмагандилар. Лекин мени кўриб, ҳазратнинг хонақоҳини кўриб, роса қувондилар.

Аллоҳ менинг таваккулимга яраша, поезддаёқ катта устознинг укаси билан бирга қилди. Ризқимни ҳам комил қилди, илмни ҳам берди…»

Ҳожи Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ маърузалари асосида АбдулАзиз тайёрлади.

SHARE