Лутфулла Тўра: “Ўзлигимизни англашимиз, тарихимизни ўрганишимиз лозим”

 

“Ватандош” газетаси хорижда истиқомат қилаётган, узоқ йиллар давомида фан, таълим ва маданият соҳасида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлар уюштиришда давом этади. “Ватандош” газетаси таҳририяти аъзолари ҳозирда Бруклинда истиқомат қилаётган, ўзбек миллий урф-одатлари, тили, маданияти ва тарихига алоҳида меҳр билан қарайдиган Лутфулла Тўра билан фикр алмашди.

Шуни қайд этиш керакки, Лутфулла Тўра 1945 йили Кобулда таваллуд топган бўлиб, 5 ёшида отаси қазо қилгач, Туркияга кўчиб ўтади. Сўнг 1982 йили оиласи билан АҚШга бориб, тижорат билан шуғуллана бошлайди. Лутфулла аканинг айтилишича, оналари андижонлик бўлиб, уйда ўзбек тилида мулоқот қилишни умуман канда қилмас экан. Лутфулла аканинг хонадонида ўзбек тарихига оид анча қўлланмалар, турли хил миллий кийимлар, тарихий воқеалар акс этган портретлар ва бошқа миллий нарсаларни учратиш мумкин. Лутфулла Тўра билан суҳбатимиз ўзбек маданиятининг туркий халқлар маданиятида тутган ўрни хусусида бўлди.

—        Дунёда қанча турк халқлари давлатлари бўлса, уларнинг ўзагини, тухумини Туркистон, яъни Ўрта Осиё жўғрофияси ташкил этади, — дейди Лутфулла ака. — Яъни бугун дунёда эркин, ярим эркин туркий давлатлар бўлса, уларнинг суягида, халқлари қонида Ўрта Осиё маданиятининг катта аҳамияти бор. Масалан, Онадўли туркларини тушунсангиз, улар Нақшбандий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Термизий, Ибн Синога кўп мурожаат қилишади. Умуман, туркий халқларнинг барча соҳаларда — фалсафа, тиб, тарих соҳаларида бизнинг, Ўрта Осиёдаги Туркистон халқларининг руҳи бор. Ўрта Осиёдан чиққан кўплаб олимлар, фикҳшуносларнинг асарлари Америкада,Оврўпода, Христиан ва Яҳудий оламларида ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Али Қушчи олиб борган тадқиқотлар Туркияда кенг тадқиқ қилинган. Ўрта Осиёлик олимлар Туркия тарихида катта роль ўйнаган. Гап катта бўлиши мумкин, лекин шу нарса аниқки, Туркистон бўлмаганда Туркия бўла олмасди, яъни бизнинг Туркистоннинг шундай катта ўрни бор. Туркистон бўлмаганда Озарбайжон бўлмас эди, Туркистон бўлмаганда Қрим бўлмас эди, Қозон бўлмасди. Чунки биз бу халқларнинг ўзаги ҳисобланамиз. Туркистон бўлмаганида Ҳиндистондек давлат бўлмасди, Бобур бўлмаганида у давлат 86  парчага бўлиниб кетарди. Катта маданият, катта тамаддунни ким қурди? Ҳаммасини Бобур қурди. Биласиз, Бобур Андижондан борган бир йигит. Бор-йўғи 46 йил ҳаёт кечирган. Агар Яратган унга боринг 80 йил умр берганида, бугунги Ҳиндистоннинг харитаси мутлақо бошқача бўларди. Булар, албатта, бир мисол.

Тарихга қанча чуқур кирсангиз, Ўрта Осиё, яъни Туркистон маданиятини ҳамма жойда кўриш мумкин. Амир Темур бобо пайтида, биласиз, Самарқанд Ўрта Осиёнинг эмас, балки дунёнинг катта пойтахтларидан бирига айланган. Ўша пайтда бутун дунёдаги давлатлар Темур давлатини тан олган. Испаниядан, Англиядан, Олмониядан бежизга вакиллар келмаган. Айни чоғда Ислом динига ҳам катта хизматларимиз сингган. Тан олиш керак, бу диннинг равнақига энг катта хизматни араблардан кўра биз қилганмиз. Ҳам маънавий, ҳам маданий нуқтаи назаридан туркистонлик олимларнинг динимиз ривожидаги ўрни бебаҳодир.

Ўзбекистоннинг тарихини 50 томлик китобларга сиғдириб бўлмайди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг калитидир. Ўзбекистоннинг шундай тарихи борки, заминдаги тоғлар, тупроқлар, қўёшда тил бўлса, айтса, ёзишга қалам сиёҳи етмагай. Аммо, афсуски, кўпчилигимиз ўз тарихимизни, маданиятимизни билмаймиз. Биз ўз тарихимизга эга бўлишимиз керак. Ўрта Осиёда маданият маркази бўлган жой, бу — Ўзбекистон. Буни инкор қилиш керак эмас.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, ўзбек маданиятининг туркий халқлар маданиятида тутган ўрни хусусида гап кетганда, ойлар, йиллар камлик қилади. Мана, қаранг, мустақил бўлганимизга 21 йил бўлди. Худога шукр, кўп нарсаларни қўлга киритдик. Баъзилари кўзга кўринмайди. Аммо давлат бўлиб, халқ бўлиб, бўй чўзиб бораяпмиз… Лекин биз катта давлатларга, ривожланган мамлакатларга ўз маданиятимиз, сиёсатимиз билан кириб боришимиз лозим. Бунинг учун ўзлигимизни англашимиз, тарихимизни, маданиятимизни чуқур ўрганишимиз керак.

SHARE