Ўзбек аёли Америкада: сабр, меҳнат ва ютуқ

Ҳар бир инсоннинг ўз йўлида қўйган эзгу ниятлари ва уларга асосланган мақсадлари бўлиши табиий. Кўпчилигимизда эса улар яъни мақсадларимиз жуда ўхшаш, аммо уларга эришиш йўлида босиб ўтган сўқмоқлар-у тўсиқлар турличадир, саъй-ҳаракатларимизу эришган натижаларимиз фарқлидир. Инсонда қандайин мақсад бўлмасин, у катта меҳнат, сабр ва матонат талаб этади. Айнан ана шу сабр, матонат ва меҳнат каби гўзал инсоний фазилатлар ўзбек қонига сингиб кетган хусусиятлардандир.

Дарҳақиқат, “сабрнинг таги олтин” деб халқимиз бежоиз айтишмаган. Ана шу буюк ҳикматни ўзига шиор қилиб олган бир ўзбек аёлининг ўтмишига, кўрган кечирганларига, ўзининг меҳнату матонати илаэришган ютуқларига назар солган ҳар бир киши у кишининг бошидан ўтказган ҳар бир дақиқасидан ўрнак олмоғи табиий. Айнан ана шу мақсадда, бугун, Санобар опани суҳбатга тортишга қарор қилдик.

Санобар опа Бобохонова 1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Кейинчалик Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. Ўз диссертацияларини “Полиз экинларини етиштиришда сув режими” мавзусида ёқлаб, “Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди” унвонига сазовор бўлган олимадирлар.

 Тўрт нафар фарзандларнинг меҳрибон онаси ҳамда ўн бир нафар набираларнинг севимли бувижониси бўлган Санобар опа ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Нью Йорк шаҳрида истиқомат қилади. Америкада Санобар опа “Ўзбек-Америка Жамияти” га асос солди. Хўш, бир олима ўзбек аёлининг океанорти мамлакатига йўл олишига нима туртки бўлди ва бутун Ўзбекистоннинг дунё бўйлаб танилишида у кишининг ўрни қанчалиги ҳақида шахсан ўзларидан эшитсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Санобар опа, авваламбор, АҚШга келган илк йилларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Америкага келган илк дамларим кечагидек эсимда. Ҳар бир инсон мусофирликда бошидан ўтадиган қийинчиликлар, заҳматлар ва шунинг билан биргаликда унинг қизиқ ва унутилмас онлари менинг ҳам бошимдан ўтган. Мустақиллигимизнинг илк йилларида халқимиз 130 йиллик мустамлакачилик азоблари сабабли ҳали ҳануз бутунлай оёққа туриб олмаган пайтлари эди. Мен эса фарзандларим, уларнинг келажаги учун ҳар нарса қилишга тайёр эдим. Айни тижорат билан шуғилланаётган пайтларимда жуда зиёли олима ва профессор аёл билан танишиб қолдим. У киши қизларини Америкадаги бир ўзбек йигитига узатаётганини айтди ва бу ҳолат мени озроқ ўйлантирди. Мен эса шундай маданиятли аёлнинг бу қароридан жасоратландим ва менда ҳам фарзандларим учун имкониятлар доирасини кенгайтириш фикри уйғонди. Шундан кейин Оллоҳнинг амри билан мен ҳам 13 ва 15 ёшли икки қизларим Мадина ва Мафтуналарни олдимда 1995 йил Америкага йўлландим. Келганимиздан учаламиз ҳам ишга жойлашдик. Мен “Олтин калитча” дўконининг ошхонасига ишга кирдим. Бир куни менежеримиз барча ишчиларни йиғиб шундай: “Менга қаранглар, Санобар Тошкентдан келган. Тошкент – бу нон шаҳри, биласизлар-а, у ернинг одамлари уруш йиллари биз яҳудийларни, русларни бағрига олган, бир бурда нонини баҳам кўрган. Биз уларнинг фарзандлари билан бир кўрпада ётиб, бирга-бирга катта бўлганмиз. Тошкентликларнинг берган нону тузи ҳурмати, шу ўзбек қизимизни ҳеч ким хафа қилмасин” деди. Мен учун бу сўзларнинг ҳар бири бир олам ғурур берганди, айнан ўша дамда Ўзбек фарзандилигимдан бутун вужудим билан фахрлангандим. Фарзандларимни эса мен ёшлигидан меҳнатга, ҳалолликка  ўргансин деб озроқ муддатда ишга қўйгандим. 20130715_011754

 

— Сиз кўрган Американинг сиз билган Америкадан фарқи нимада деб ўйлайсиз?
– Америка мен билганимдан анча бошқачалигига амин бўлдим. Энг аввало, халқининг меҳрибонлиги, инсонпарварлиги, меҳнаткашлиги мени ҳайратда қолдирди. Ҳар бир нарсанинг оқ ва қора чизиқлари бўлганидек бу ерда ҳам баъзи ноқулайликлар гувоҳи бўлдим. Нима ҳақида гапирмоқчилигимни англаган бўлсангиз керак: бу уларнинг исрофгарчиликка йўл қўйишидир. Эсимда, биринчи иш жойимда ишлатилган озиқ-овқат ёғини ташлашарди, мен эса бу исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида бир куни уни филтерга қўйиб худди ўз холига қайтардим, буни кўрган бошлиғимиз эса ҳайратда қолди ва бу нарса ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаганлигини айтиб мени юқорироқ ишга жойлаб қўйди.
Америкада келган илк йилларимнинг бир куни Америкада Туркистон-Америка жамияти томонидан Қурбон ҳайити нишонланди. Ўшанда эсимда жамият фаоллари ва бошқа ўзбекларимиз оилам учун анча ёрдам қилишган, ишонасизми, ҳайитда келган гўштни 6 ой қизларим билан еганмиз. Ўшанда жамиятнинг меҳрибонлигидан бошим кўкка етган, жуда миннатдор бўлганман.

20130715_012112

— Санобар опа, мана шу машаққатларни қандай енгиб ўтгансиз?

 

— Келганимда 50 ёшларда бўлишимга қарамай, инглиз тилини ўзлаштириш мақсадида мен тил курсларига қатнаганман. Янада ўз устимда ишлаш мақсадида кейинчалик уй ҳамшираси бўлиб иш бошладим ва бошлиғимдан инглиз беморга қарашни хоҳлашимни илтимос қилдим ва ўз қизимдай бўлиб қолган америкалик қиздан оналик меҳрини кўрсатиш эвазига инглиз тилини ўзлаштириб олдим. Барчамизга маълумки ҳозир деярли бутун дунёни, ҳар бир соҳани технология бошқаради, усиз тараққиётни тасаввур қилиш қийин, шу сабабли 65 ёшимда компьютер курсларига қатнаб тугатдим. Бу ишни, аввало,оиламиз фаровонлиги учун, фарзандарим келажаги учун, ва албатта, қизларимга ўрнак бўлиш ва уларни янада руҳлантириш мақсадида қилдим. Шу қаторда катта қизим тиббиёт соҳасида, кичик қизим эса молия соҳасида ўқишга кирди. Ҳозирда иккала қизим ҳам ўқишни тугатиб ўз соҳаларида фаолият юритишмоқда. Кичик қизим Мафтунани корхонаси менежерлик даражасига кўтариб, Техас штатига юборишди. Ҳозирда Мафтуна илмий ишини ёқлаш устида ишламоқда. Машаққатларга келадиган бўлсак, ҳаётда ҳар бир инсон “Сабр, меҳнат ва яхшилик” шиори билан яшамоғи керак, унга амал қилса ҳар бир тўсиқни енгиб ўтиш мумкин деб ўйлайман. Мен ҳам айни шунга амал қилиб, оғир дамларда сабр, керакли пайтда меҳнат, ва ҳар доим яхшилик қилиб ўз мақсадимга эришганман.

— Барчамизга маълумки, сиз Ўзбек-Америка жамиятига асос солгансиз, унинг келиб чиқиш сабаблари, фаолияти ҳақида эслатиб ўтсангиз?

— Мен келганимда юқорида эслатиб ўтганимдек Туркистон-Америка жамияти шу ерда, яъни Бруклинда фаолият юритаётган эди, кейинчалик эса улар Нью-Жерси штатига кўчишди. Ўшандан кейин Бруклинда ўзбекларимиз сафи жуда ҳам кенгайиб бормоқдаэди, ва табиийки Америкага янги ташриф буюрганлар ёрдамга муҳтож болишади. Шундай пайтларда Туркистон-Америка Жамияти қанчалик ёрдам беришга уринмасин, уларнинг узоқда жойлашгани ноқулайлик яратарди. Шу мақсадда мен шунга ўхшаш жамиятни Бруклинда ташкиллаштиришга қарор қилдим. Бу таклифни эшитган консулимиз ҳам жуда мамнун бўлдилар ва уларнинг кўмаклари билан маълум бир муддатдан сўнг жамият ишга тушди. Жамиятимизнинг асосий мақсади АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимизга ҳар томонлама ёрдам бериш, қоғозбозлик  ва қонуний ишларида, тўй ва маъракаларини ўтказиб беришда кўмаклашиш, маслаҳатлар бериш, байрам ва концертлар ташкиллаштириш эди. Мақсадимизга мувофиқ равишда жамиятимиз анча ишларни амалга оширди, хайрия маблағларидан тушган даромад билан юзлаб юртдошларимизга ёрдамлашдик, маросимларини ўтказиб бердик, Обид Асомов, “Болалар” гуруҳи каби кўплаб халқимиз суйган санъаткорларни олиб келиб концертлар ўтказдик. 2005 йил 8 Март куни эса жамиятимиз нодавлат нотижорат ташкилоти номи билан лицензияга эга бўлди.

20130715_012220
— Ушбу жамият ҳозирда қай даражада фаоллиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз…

 

— Жамиятимиз ҳозирда ҳам фаол десам бўлади, ҳозир ҳам юртдошларимизга, айниқса, янги келганларга ўз маслаҳатларимизни, ёрдамимизни аямаймиз. Фақатгина мен нафақага чиққаним сабабли фаолиятимизга озроқ ўзгариш сезилди. Жамиятимизга ҳозирда унинг фаолиятини давомэттирадиган, замон талабларига биноан иш юритадиган ёшлар керак деб биламан. Умид қиламизки, юртдошларимизга кўмаклашадиган, ватанимиз номини бутун дунёга танитадиган ёшлар фаолиятимизни давом эттиради.

Санобар опа, эслатиб ўтганингиздек, АҚШда юртдошларимиз сафи кенгаймоқда, уларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Энг аввало, ҳар бир мусофир ўзи келиб истиқомат қилаётган юртни қадрламоғи, унинг ҳар бир жиҳатига ҳурмат билан муносабат қилиши лозим. Қийинчиликнинг мусофирликда бўлиши бу табиий ҳол, аммо уларни енга ола билиши керак, бунинг учун эса интилиш, яхшилик, сабр ва энг асосийси, бирлашмоқ лозим. Яна бир нарсани янги келган юртдошларимизга эслатишни ўринли деб биламан, ҳалол меҳнат ҳеч қачон зое кетмайди, фақатгина биз эришган натижаларнинг фарқи шундаки, қайси биримиз унга олдин эришамиз, қайси биримиз эса кеч. Юртдошларимизга ҳам маслаҳатим айнан шу: қаерда бўлмасин, меҳнат ва ташаббус, чин виждон билан яшасинлар. Зеро, ўзбекнинг бундай ноёб фазилатларини бутун дунё кўриб ҳайратлансин, уни бутун дунё танисин, қандай буюк тарихга эга эканлигимизга гувоҳ бўлсин. Бунинг учун, яъни юрт шаънини кўтармоқ учун Ватанда бўлиш муҳим эмас, мақсади бор инсон ҳар ерда ҳам унгаэришиши мумкин. Навоий бобомиз ҳам ўз юртларида яшамай туриб бутун ўзбек халқига бебаҳо хизмат кўрсатганлар.

—  Санобар опа, мазмунли суҳбатингиз ва маслаҳатларингиз учун миннатдормиз!

— Санобар опа Бобохоновадек ажойиб инсон билан суҳбат давомида шунга амин бўлдикки, ҳеч биримизнинг ўз мақсадимиз йўлида ортга қайтишимизга сабаб йўл ҳар биримиз унинг эришишига қодирмиз. Санобар опанинг жасорати, саъй-ҳаракати барчамизга туртки бўлади, деган умиддамиз. Суҳбатимиз давомида бир ўзбек аёлининг кўрган-кечирганларининг фақатгина кичик қисмига назар солдик. Уларнинг яна кўпгина машаққатлари, кечинмалари ва яна кўпгина эришган ютуқлари у кишининг “замонанинг зайли” номли хотира китобларида бериб ўтилган. Ушбу китобда ҳар бир аёлнинг, фарзанднинг, онанинг ва мусофирнинг бошидан ўтказадиган кечинмалари айнан уларнинг нуқтаи назаридан ёзилганлиги, ва йиғлатиб, кулдириб оладиган даражада юракка яқинлиги билан бошқа китоблардан фарқ қилади. Санобар опа билан суҳбатимиз уларнинг буюк ёзувчимиз Ойбек ва у кишининг рафиқалари Зарифа опа, Зулфияхоним билан боғлиқ хотиралари, улар даврасидаги унутилмас, бебаҳо онларнинг ёдга тушиши билан якунланди.

 

Нилуфар Салимова суҳбатлашди.