Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини иссиқдан эҳтиёт бўлишга чақирди

    images (25)28 июль куни эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мобиль компаниялари орқали огоҳлантириш СМСларини юборган. Унга кўра, куннинг иссиқ пайтлари спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва мева-чевалар ейиш, меъёридан ортиқ овқатланмаслик ва рационга юқори калорияли таомларни киритмаслик тавсия қилинган.

    Шунингдек, ФВВ соя-салқинда бўлишни, енгил кийимларни кийишни ҳамда ҳимоя кўзойнакларини тақишни, бош кийими кийишни ҳамда деразаларни қалин қилиб ёпиш ва совуқ душ қабул қилишни сўраган.

    Kun.uzнинг ёзишича, 25-31 июль ва 1-2 август кунлари Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бу даврда кундузги ҳарорат меъёрдан 4-7 даражага юқори ва +37…+42 даража атрофида, 29-31 июль кунлари эса баъзи жойларда +43…+45 даражагача иссиқ бўлади.

    26-31 июлда ва 1-2 августда Зарафшон дарёси (Тожикистон ҳудудидан) ва Сўх, Исфайрамсой, Шоҳимардон дарёлари (Қирғизистон ҳудудидан) бўйича ҳароратнинг юқори бўлиши ҳисобига гляциал сел тошқинлари ўтиши мумкин.

    27-30 июль кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради. Ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, 27-28 июль куни кундузи +37…+40 даража, 29-30 июль кунлари кундузи +39…+42 даража иссиқ бўлади.

    Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +22…+27 даража, кундузи +40…+43, баъзи жойларда +45 даражагача бўлади.

    Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, кундузи 27-28 июлда +37…+40 даража, 29-30 июлда +40…+42 даража, баъзи жойларда +43…+45 даражагача бўлади.

    Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 5-10 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, кундузи +37…+42 даража иссиқ бўлади.

    Ўзбекистоннинг тоғи ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +17…+22 даража, кундузи эса +30…+35 даража иссиқ бўлади.