The Economist: Роғун ГЭСи Дон Кихотнинг хом хаёлларига ўхшайди

unnamedДунёга машҳур “The Economist” журналида Тожикистон гидролойиҳаларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Ваҳш дарёсининг юқори қисмига, яъни Роғун майдони сари кўтарилган сари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан айтилган афоризмлар акс этган билбордларга кўз тушади, масалан: “Роғун — Тожикистоннинг ёрқин келажаги”.

Роғун Душанбедан 100 километр узоқликда жойлашган шаҳар ҳамда президентнинг дунёдаги энг баланд ГЭС тўғонини қуриш орзуси ҳамдир. Журналнинг ёзишича, “аслида қолоқ, лекин сувга бой Тожикистон Афғонистон ва Жанубий Осиёга электр энергияси пуллашни ният қилган”.

Назарий жиҳатдан олиб қараганда, 335 метрлик мазкур ГЭС мамлакатни қашшоқлик ва изоляциядан сақлаб қолиши ҳамда Тожикистоннинг энергетика қувватини икки баравар ошириши керак. Аммо лойиҳани Дон Кихот хом хаёлларига қиёслаш мумкин, деб ёзади журнал. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 6 миллиард доллар талаб қилинади. Ваҳолонки, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 7,6 миллиард долларни ташкил қилган эди. Боз устига Марказий Осиёдаги катта нуфусли мамлакат бўлган Ўзбекистон бу лойиҳага қаршилик қилмоқда. Тожикистонда инвестиция муҳити коррупция билан қамраб олинган.

Журнал Роғун ГЭСини қуриш режаси Собиқ Иттифоқ қулашидан аввал ишлаб чиқилганини қайд этиб, 2000-йиллардан кейин Тожикистон бу лойиҳага катта қизиқиш билдира бошлаганини айтади. Ҳар қишда электр тақчиллигидан мамлакат ялпи ички маҳсулоти 3 фоиз миқдорида зарар кўради. Расмий тарғибот машинаси ва аксарият тожикистонликларнинг фикрича, Роғун мана шу муаммони бартараф этади.

Журналнинг ёзишича, халқаро донорлар Эмомали Раҳмонга ишонишмайди. Тожикистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг бешдан икки қисми Тожикистон алюминий заводи (ТАЛКО) эҳтиёжларини қондириш учун йўналтирилади. ТАЛКОнинг юзлаб миллионлар доллар фойдаси эса Британиянинг Виржиния оролларидаги компания ҳисобига келиб тушади. Журналнинг тахминича, Раҳмон ТАЛКОни ўзи назорат қилади. «Нега у ушбу компаниянинг ўша маблағларини тўғон қуришга сарфламайди?» деб савол қўяди.

Марказий Осиёнинг энергия ва сув ресурслари ўз вақтида Москва томонидан тартибга солинган. Ёз вақтида дарёларнинг юқори оқимида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистон сингари давлатлар сув омборларидаги сув электр олиш ҳамда қуйи оқимдаги Ўзбекистон сингари давлатлар қишлоқ хўжалиги ирригацияси учун йўналтирган. Тожикистон 1970 йилларда барпо этилган 300 метрлик Нурек ГЭСи билан аллақачон ғурурланади. Қишда Ўзбекистон газ етказиб берарди. Бу тартиб мустақилликка эришгандан сўнг бузилди.

Журналнинг ёзишича, Ўзбекистон Роғун қурилиши билан ўз пахта далаларидан сув тортилиши ҳамда ГЭС Тожикистонга сиёсий устунлик беради, деб ўйлайди.

Журнал Жаҳон банки томонидан Роғун ГЭСи бўйича халқаро экспертиза олиб борилаётганини айтиб, у лойиҳага ҳаққоний баҳо беришига умид билдиради.

Аммо тўғоннинг баландлигини савол остига олиш Эмомали Раҳмонга кўп ҳам ёқмайди. 2004 йилда Россиянинг “РусАЛ” компанияси Роғун лойиҳасини барпо этишга қизиқиш билдирган эди, аммо улар тўғон баландлиги 50 метрга пасайтирилиши кераклигини айтишгач, Раҳмон уларга мамлакат эшигини кўрсатиб қўйди, деб ёзади журнал.

Журнал Эмомал Раҳмон гигонтамания хасталигига чалинганини айтиб ўтади. У яқинда энг баланд байроқустунини барпо этди, шу кунларда энг катта чойхонани очишни режалаштирмоқда. “Аммо ўқитувчилар ойлаб маошсиз ишлашмоқда. 2010 йил бошида у тожикларни Роғун ГЭСини қуриш учун маблағ беришга мажбурлай бошлади. Ўқитувчилар ойига 30-40 доллар топган ҳолда ўз маошининг ярмини Роғун акциясини харид қилишга сарфлаши керак”, деб ёзади.

Агар Роғун қурилган тақдирда ҳам Тожикистондан электр энергиясини экспорт қилиш осон кечмайди. У қўшни Қирғизистон билан бирга Жанубий Осиёга электр симларини ётқизиш учун 1 миллиард доллар маблағ берадиган халқаро донорни изламоқда.

Тожикистон бошқа долзарб муаммоларга эътибор қаратиши керак, дейди журнал. Мамлакатнинг 70 фоиз электр энергиясини берадиган Нурек ГЭСи модернизацияга муҳтож. Тўғонни тозалаш ҳамда эскириб қолган заводни қайта тиклаш учун 1 миллиард доллар керак бўлади.

Тожикистон Роғунни ёлғиз қура олмайди. Улар Россия ёки Хитойни мазкур лойиҳага жалб қилиши мумкин. Аммо уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистоннинг жаҳлини чиқаришни хоҳламайди, деб ёзади журнал. Фақат Раҳмон баланд тўғондан воз кечсагина, улар бу лойиҳани қўллаб-қувватлаши мумкин, шундагина у қишда чироқлари ўчмаслигини кафолатлай олади, деб хулоса қилади журнали.

SHARE