Путиннинг Эронга ташрифи савол остида қолмоқда

606x341_228410_hassan-rohani-liberals-hope-in-iranРоссия президенти Владимир Путин Эрон Ислом Республикасига ташриф буюришни режалаштирмоқда. Аммо икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ушбу ташрифнинг формати борасида ягона тўхтамга кела олишмаяпти. “КоммерсантЪ” газетаси ҳатто расмий ташриф бекор бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этади. Кремлнинг режасига кўра, Путин ўзининг Каспий денгизи бўйлаб сафари чоғида Теҳронга кирмасдан Энзели бандаргоҳида Эроннинг янги сайланган президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашишни режалаштираётган эди. Аммо расмий Теҳрон бунга кўнмаяпти: улар Путиннинг пойтахтга ташриф буюришини талаб қилишмоқда.

В. Путин матбуот хизмати Эронга ташрифга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган бўлса-да, унинг аниқ санасини айтиб ўтмаган. Ваҳоланки, бундан аввалроқ ташриф 12 август куни бўлиб ўтиши айтилган эди. Аммо ўзаро келишмовчилик бу муддатни орқага сурган кўринади.

Кремль вакилларига кўра, В. Путин Каспий бўйлаб сафарини денгиз йўлида, яъни кемада амалга оширишни режалаштирган бўлиб, Озарбойжондан сўнг кемада Теҳрондан 300 километр узоқликда жойлашган Энзели бандаргоҳига бориши кутилаётган эди. Путин ушбу ташриф чоғида янги президентни қутлаши, у билан минтақавий муаммолар ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни ният қилган.

Албатта, расмий Теҳрон В. Путиннинг ташриф ниятидан жуда хурсанд бўлишган. Чунки қатор халқаро санкциялар боис ушбу мамлакатга аксарият мамлакатлар раҳбарлари ташриф буюришдан ўзларини тийиб келаётган эди. Аммо Эрон ушбу ташрифнинг расмий характерда бўлишини талаб қилишмоқда. Ўшандай ҳолатда Путин мамлакат олий раҳбари Аятулло Ҳомайний билан ҳам учрашиши мумкин эди. Лекин улар учун портда эмас, балки мамлакат пойтахтида учрашиш принципиал аҳамиятга эгадир.

Эрон ҳукумати кемада бандаргоҳга келган В. Путинга президент бортини таклиф қилишмоқда. У бор-йўғи бир-икки соат пойтахтга келса бўлди. Аммо расмий Кремль бу Путиннинг кун тартибига тўғри келмаслигини айтмоқда.

Таҳлилчилар Россия тарафи Эроннинг позициясини ҳисобга олиш кераклигини уқтиришмоқда. Чунки қайсар сиёсатга эга Эрон умуман учрашувдан воз кечиши ҳам мумкин.

Аммо Россиялик экспертлар бу борада бошқача фикрда. Агар Эронга Россиянинг халқаро миқёсдаги қўллаб-қувватлови керак бўладиган бўлса, Ҳасан Руҳоний бандаргоҳга келиб, Путин билан учрашишга мажбур.

Россия айни пайтда Эрон ядровий дастури бўйича музокараларда асосий ташаббускор бўлишни истайди. Аммо сўнгги маълумотларга кўра, Эрон олий раҳбари Ҳомайний ўз ишончли вакиллари орқали Ироқ бош вазири Нури ал-Маликийга мурожаат қилиб, ядровий дастур бўйича музокараларни бошлаш ниятини АҚШга етказишни сўраган. Эрон ядро дастури  бўйича Америка билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бормоқчи. Москва эса ушбу масалада музокараларни ўлик нуқтадан силжитиш айнан мазкур учрашув доирасида амалга ошишига умид қилаётган эди.