АҚШ иқтисодиёти ноқонуний иммигрантларга кўз тиккан

USA-02Маълумки, яқинда АҚШ Сенати  мамлакатдаги жуда кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган иммиграция ислоҳотлари ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қонун 11 миллион нафар ноқонуний иммигрантга амнистия эълон қилиб, уларнинг Америка фуқаролигини олишига замин яратади. Ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб 68 нафар сенатор овоз берган бўлса, 32 нафари қарши чиққан. Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича турли баҳслар йил бошидан бери олиб борилди. Натижада Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш учун 46 миллиард доллар ажратиш ҳамда виза бериш тизимини модернизация қилишга оид нормалар ҳам қонун лойиҳасидан ўрин олди.

Гарчи қонун Конгресс қуйи палатасидан ўтиши шубҳа остида бўлса-да, қонун ижодкорлари унинг фойдаси ҳақида янги аргументга эга бўлишди. Гап шундаки, Конгресснинг партиялардан холи бўлган тузилмаси — Congressional Budget Office мазкур қонун лойиҳаси мамлакат иқтисодиётининг оёққа туриши ҳамда бюджет тақчиллигини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китоб қилишича, иммиграция ислоҳотлари натижасида мамлакат бюджети тақчиллиги 10 йилда 197 миллиард долларга қисқаради. Айни пайтда солиқ тушумлари ушбу даврда 700 миллиард долларга ортади. Шу билан бирга, ноқонуний иммигрантлар ўз мақомини легаллаштириш пайтида тўлайдиган турли тўловлар уларга бериладиган имтиёз ва ижтимоий ёрдам миқдоридан ошиб кетади.

Иқтисодий таҳлилга кўра, сўнгги йигирма йил давомида мамлакатда иқтисодий фаоллик ошади. Бу, аввало, хуфёна фаолиятдан миллионлаб иммигрантларнинг чиқиши ҳамда уларнинг солиқ тўлаши билан бевосита боғлиқдир. Натижада биринчи 10 йилликда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 3,3 фоизга, кейинги 10 йилда эса эса 5,4 фоиздан ўсади. Ушбу ислоҳотга кўра, 11 миллион ноқонуний иммигрантнинг 8 миллион нафари фуқаролик олиш имкониятига эга бўлади.

Оқ уй барча йўллар билан Конгрессни мазкур қонунни қабул қилишга ундамоқда. Айниқса, ушбу тадқиқот натижаларини ҳам имкон қадар кўпроқ тарғиб қилишга урғу берилмоқда. Боз устига республикачилар президентлик сайловидаги жиддий мағлубиятдан сўнг ушбу масалада ўта консерватив қарашларни илгари суришдан тийилмоқда. Собиқ президент Жорж Буш республикачилар мазкур қонунни қабул қилиш зарурлигини айтиб ўтган эди.

Шуни айтиш керакки, янги қонун лойиҳасига кўра, ноқонуний иммигрантлар 500 доллар эвазига вақтинчалик рўйхатдан ўтган иммигрант мақомини олишади, у олти йил давомида амал қилади. Эътиборли жиҳати, уни узайтириш ҳам мумкин. Мазкур қонун лойиҳаси АҚШга 2011 йил 31 декабрга қадар кириб келган ҳамда ўшандан бери мамлакатда бўлган ҳамда оғир жиноят содир этмаган ноқонуний иммигрантларга татбиқ этилади.

SHARE