19 ёшга кирган фарзанд учун ҳам ота-она жавобгар бўлади

nauchniki1806 (1)Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

“Адолат” газетасининг ёзишича, таълим тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан тегишли назорат ўрнатилишини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан болаларнинг умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олишини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий механизмлар ўрганилганида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни мажбурий таълим олишларини таъминлаш борасидаги мажбуриятлари ҳар доим ҳам тўлиқ бажарилмаётгани аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим мажбурийлиги, 30-моддасида эса ота-оналар (қонуний вакиллар)нинг вояга етмаган фарзандларини умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олишлари учун жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Аммо умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олиш жараёнида болалар вояга етади, яъни улар 18-19 ёшга тўлади. Бу эса ўз навбатида мазкур нормани вояга етган болаларнинг ота-оналарига қўллашга тўсқинлик қилади. Гап шундаки, Ўзбекистонда бола 18га тўлгач, вояга етган ҳисобланади ва ўз хатти-ҳаракати учун жавобгар бўлади.

Таҳлилларга қараганда, 2012-2013 ўқув йилида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида сабабсиз дарс машғулотларига қатнашмаган 13153 нафар ўқувчиларнинг 3939 нафари ёки 30 фоизи ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, уларнинг вояга етганлик ҳолати ота-оналарни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида назарда тутилган норма (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жавобгарликка тортишни истисно қилади.

Шу боис болаларнинг мажбурий ўн икки йиллик таълим олишини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Киритилаётган нормага асосан, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан фарзандларини мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

SHARE