“Babyboy” синдроми ёки шаҳзода Жорж нега дунё оммавий ахборот воситалари юлдузига айланди?

article-2374931-1AF5C4E7000005DC-499_964x641 (1)

Журналистика факультетларида янгиликлар журналистикаси алоҳида фан сифатида ўтилади. Янгиликка фан сифатида баҳо берилади, яъни янгилик қандай бўлиши керак, қандай саволларга жавоб бериши зарур, шу каби саволларга методик жавоблар изланади. Масалан, шундай назария ҳам борки, ит одамни тишлаб олиши янгилик эмас, балки одам итни тишлаб олиши янгилик ҳисобланади.

Биз бекорга янгиликлар журналистикаси ҳақида сўз бошламадик. Гап шундаки, сўнгги йилларда жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, бизга қизиқ бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, янгиликлар сифатида оммавий ахборот воситалари томонидан айлантирилмоқда. Буюк Британия қироллиги хонадонида янги шаҳзоданинг дунёга келиши ҳақидаги янгиликни ҳам ана шундай баҳолаш мумкин. Аввало, babyboy (ўғил бола) бутун дунёда социал тармоқларда муҳокама қилинган асосий мавзуга айланди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ҳам ўз саҳифаларининг асосий қисмини айнан шу мавзуга бағишлади.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, шаҳзода Уильям ва унинг турмуш ўртоғи Кейт фарзанди Жорж Александр Луининг дунёга келишини дунёдаги бир шахс билан боғлиқ тадбирлардан кўп ёритилгани билан ёдда қолган. Масалан, шаҳзоданинг таваллуди билан боғлиқ материаллар таҳлил қилиб кўрилганда, босма нашрларда унга бағишланган мақолалар миқдори Барак Обаманинг инауграцияси ёки Рим папаси Франциснинг сайланишидан ҳам кўплиги аниқланган. Масалан, Қироллик хонадонида фарзанднинг туғилиши учун 305 саҳифа мақолалар берилган бўлса, понтификнинг сайланиши муносабати билан 302 саҳифа, Обаманинг иккинчи муддатга сайланишида эса 131 саҳифа материаллар берилган.

Эътиборли жиҳати, қиролича хонадонидаги янги шаҳзоданинг туғилиши жамиятдаги янгиликка бўлган эҳтиёждан кўра кўпроқ янгилик атайлаб яратилганга ўхшайди. Негаки, Рим Папасининг сайланиши миллиардлаб одамлар учун бевосита дахлдор масала, Обаманинг сайланиши ҳам дунё аҳли учун бевосита таъсирга эга воқеа ҳисобланади. Аммо чақалоқнинг дунё оммавий ахборот воситалари юлдузига айланишида бир қатор омиллар ётади:

Биринчидан, Буюк Британия англо-саксон ахборот оқимининг маркази сифатида бу воқеани дунёга намойиш эта олди. Чунки бундай ёндашув ўзига яраша реклама бўлиб, иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, ушбу воқеани бундай кенг ёритиш мамлакат иқтисодиётига қўшимча 450 миллион фунт стерлинг жалб қилади. Бу шаҳзода туғилганини нишонлаш, туризм ва янги эсдаликларнинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ.

Иккинчидан, Уильм ва Кейт ўта сиёсийлашмаган, айни пайтда шоу-бизнесга ёки бошқача айтганда, «сариқ матбуот» мавзуси эмас, улар ўрта доирадаги мавзу бўлиб, барчани ўзига жалб этадиган оилавий қадриятлар маҳсули. Айнан чақалоқ, оила ва оддийлик кўпчиликнинг эътиборига тушган воқелик бўлди.

article-2374931-1AF5C481000005DC-42_964x637

Учинчидан, дунёдаги барча сиёсий фигуралар шаҳзода таваллуд топгани билан Қиролича Елизавета Иккинчини муборак этди. Бу ҳам ахборотнинг оммавийлашувига туртки берди. Шунинг учун ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу ҳақда тўхталиб ўтишига тўғри келди.

Тўртинчидан, одамларнинг портлаш, тўқнашувлар, терроризм, уруш ёки шунга ўхшаш халқаро ахборотларга қизиқиши борган сари тушиб бормоқда. Уларда ўз ҳаёти билан боғлиқ маҳаллий ахборотларга катта эҳтиёж бор. Аммо глобал миқёсда позитив ахборотларга ҳам катта зарурат борлиги аён бўлмоқда. Шу боис Babyboy дунё оммавий ахборот воситаларининг, шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг икки-уч кун давомида бош мавзусига айланди.

Мурод ҒОФУРОВ.