Экспертлар: “Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо зонасига қўшилиб, ютқазишдан кўра кўпроқ ютади”

    mdh_31052013Маълумки, шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон МДҲ эркин савдо зонасига қўшилди. МДҲ доирасида Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартномани Ўзбекистонга нисбатан татбиқ этиш тўғрисидаги протокол 31 май, жума куни МДҲ ҳукумат раҳбарларининг Минскда бўлиб ўтган йиғилиши чоғида имзоланган. Ўзбекистон МДҲ эркин савдо зонасининг тўққизинчи аъзосига айланди. МДҲ доирасида эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 2011 йилнинг 18 октябрида саккиз мамлакат – Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Украина томонидан имзоланган эди. Яна уч мамлакат – Озарбойжон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон – шартнома қўшилиш масаласини қўшимча ишлаб чиқиш истагини билдиришган эди. Ҳозирча фақат Қирғизистон ва Тожикистон ушбу шартномани ратификация қилмаган, бироқ ушбу жараён якунловчи босқичда турибди. Хўш, Ўзбекистон ушбу тузилма фаолиятида қандай иш олиб боради? Ўзбекистон унга аъзоликдан фойда кўрадими ёки зарар? Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар маркази экспертлари фикр юритади. Фикрлар “Экономическое обозрение” журналида эълон қилинган.

    Ильдус Комилов:

    — Ўзбекистоннинг ЭСЗга қўшилиши муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. Аммо ҳар бир манфаатдор тараф учун ўз аҳамияти бор. Манфаатдор тарафлар кимлар? Аввало, Ўзбекистоннинг ўзи, албатта, Россия ва МДҲнинг бошқа аъзолари, Ғарб мамлакатлари манфаатдор ҳисобланади.

    Ўзбекистон билан боғлиқ вазият тушунарли. Шак-шубҳасиз, МДҲ майдони Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини ўзида мужассам этади. МДҲ ЭСЗга қўшилиши бунинг яна бир тасдиғидир. Ўзбекистон ҳар доим интеграция ташаббусларига амалий фойда нуқтаи назаридан ёндашади. Ўтган йиллар давомида бу борада кўплаб ишлар амалга оширилган бўлса-да, аммо барибир икки томонлама алоқаларга асосий урғу берилди. Кўптомонлама алоқалардан ҳозирча фақат ЭСЗга эҳтиёж борлигини кўрсатди.

    Россияда, шу билан бирга, Ғарбда ҳам ўзларини минтақа бўйича мутахассис ҳисоблайдиган кўплаб экспертлар, сиёсатчилар ва журналистлар Марказий Осиё мамлакатларида юз бераётган ҳар бир воқеани “катта ўйин” (Бу атамани ёқтирмайман, аммо бу гап нима ҳақида кетаётганлигини яққол кўрсатиб беради)ларнинг навбатдаги босқичи сифатида баҳолаб, уни Россия, АҚШ, НАТО, яна Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик белгиси сифатида тахмин қила бошлашади. Ўзбекистоннинг МДҲ ЭСЗга қўшилиши ҳам ўша эски геосиёсий ваҳималарни ёдга олишга сабаб бўлишини истамас эдим.

    Нишонбой Сирожиддинов:

     

    — Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо зонасига қўшилиши ҳозирги кунда энг мақбул иқтисодий сиёсат ҳисобланади. Гарчи айрим товарлар позициялари бўйича бу Ўзбекистон учун савдо шароитларни ёмонлаштириб, янги мажбуриятларни юкласа-да, МДҲ ЭСЗга қўшилиш Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичидаги муаммоларни самарали ҳал қилишга хизмат қилади. Ўзбекистон ва МДҲ Эркин савдо зонасига аъзо давлатлар ўртасидаги мавжуд эркин савдо режимини сақлаб қолиш имконияти ушбу қадамсиз анча чегаралиниб қолган бўлар эди. Хусусан, эркин савдо қуйидаги имкониятларни беради:

    • миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширади;
    • ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг кенг бозорларга ва товарлар ассортиментига чиқиш имкониятини кенгайтиради ҳамда иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантиради;
    • коммуникация соҳасидаги мавжуд салоҳиятдан ва шаклланган иқтисодий алоқалардан самарали фойдаланиш;
    • минтақа давлатларининг учинчи мамлакатлар, халқаро иқтисодий ташкилотлар ва бошқалар билан иккитомонлама иқтисодий муносабатларда биргаликда манфаатларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш;
    • Эркин савдо зонасига аъзо бошқа мамлакатлар билан сиёсий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш.

    Яна шу жиҳати ҳам борки, Собиқ Иттифоқнинг қатор мамлакатлари — МДҲ ЭСЗ иштирокчилари (Арманистон, Қирғизистон, Молдова, Украина, Россия) Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси ҳам ҳисобланади, қолганлари ҳам бунга интилмоқда. ЖСТнинг асосий принципларидан бири  камситмаслик бўлиб, фақатгина минтақавий гуруҳларгагина истисно қилинади. Шу сабабли МДҲ Эркин савдо зонаси унга аъзо давлатлар ЖСТга аъзо бўладими, йўқми улар ўртасида эркин савдони сақлаб қоладиган восита ҳисобланади.

    Алишер Азаматов:

    — Умуман, Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо зонасига қўшилиб, ютқазишдан кўра кўпроқ ютади. Мен айрим экспертларнинг Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари кўплаб товар турлари бўйича рақобатга бардош бера олмаслиги ҳақидаги фикрига қўшила олмайман. Албатта, савдо расталаримизда паст сифатли маҳаллий маҳсулотлар ҳали ҳам учраб турибди. Аммо кейинги пайтларда турли ишлаб чиқарувчилар томонидан ассортиментнинг кенгайтирилиши ҳисобига бундай маҳсулотлар кескин камая бошлади. Бу нормал ва табиий жараён бўлиб, бозорнинг у ёки бу маҳсулот билан тўлганини кўрсатади. Сир эмас, сўнгги беш йилдирки, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришининг ўртача ўсиши 13 фоизни, чунончи, озиқ-овқат ва енгил саноат ўсиши 12 фоизни ташкил қилмоқда. Айни пайтда ЭСЗ доирасидаги келишувларни амалга ошириш механизмлари турли ҳолатларнинг олдини олиш учун босқичма-босқич савдо тўсиқларини бартараф этишни кўзда тутади. ЭСЗга аъзо-давлатлар ўртасида савдо ҳажмининг ошиши ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришга ҳамда технологик янгиланишга хизмат қилади. Албатта, бундай шароитда паст нарх ва юқори сифат барча давлатлар учун долзарб аҳамият касб этади. Яна бир жиҳатни айтиб ўтишни истардим. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо  зонасида иштирок этиши нафақат ишлаб чиқариш ва савдони ривожлантиришга, балки инвестиция оқимини кўпайтиришга ҳамда янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилади…

    SHARE