Амалдор Ўзбекистонда ҳали ҳам Маркс номидаги кўчалар борлигини танқид қилди

332Ангрен шаҳрида “Межевая” кўчаси, Оҳангарон туманида “Подхоз” посёлкаси, “Больничная”, “Маркс”, “Насосная”, деб аталган кўчалар номлари ҳали ҳам сақланиб қолган, деб ёзади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Республика топонимика хизмати бошлиғи Азизжон Хўжабоев.

2011 йил 12 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг“Геог­рафик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ номлар географик объектга хос бўлган белгиларни акс эттириши, мазкур объект жойлашган ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши, маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиши, қоида тариқасида, кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши зарур.

Кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар исм-фамилиясини беришга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар бундан мустасно, албатта.

Мазкур Қонун асосида мамлакатимизда географик объектлар номларининг Давлат реестри яратилмоқда. Давлат тилида, лотин ва кирилл ёзувларида жамланаётган ушбу базада мамлакатимиз ҳудудида жойлашган географик объектларнинг номлари, шунингдек, хорижий мамлакатлар ҳудудларида жойлашган географик объект­ларнинг Ўзбекистон Республикасида қўлланиладиган номлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Бу реестрга фақат расмий номлар киритилади.

Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ геог­рафик объектларнинг номлари, йўл белгилари, пешлавҳалар ва бошқа кўрсаткичлардаги ёзувлар давлат тилида ёзилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган географик объектлар номларининг йўл белгиларидаги, пешлавҳалар ва бошқа кўрсаткичлардаги ёзувлари давлат тилида ифода этилмоқда.

“Ҳозир аҳоли пунктлари, шоҳкўчалар, кўчалар, майдон ва боғларнинг номлари инвентаризациядан ўтказилмоқда. Натижада, топографик карталарда, статистик ҳисоботларда жойлардаги ҳокимият органларининг қайдномаларида акс этмаган кўплаб географик объектлар номларини қайд қилиш, нормаллаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари давом этмоқда”, деб ёзади Азизжон Хўжабоев.

Ҳар бир жой ўзига хос, такрорланмас номлар билан аталаяпти. Жумладан, Тошкент шаҳрида кейинги йилларда қонун талабларига жавоб бермайдиган ёки турли шахслар исм-фамилияси билан аталган уч юзга яқин жой аниқланиб, уларга тарихимиз, турмуш тарзимизга мос янги номлар берилди.

“Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида  вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, қишлоқлар ва овуллар бир хил ном билан аталиши тақиқланган. Шу талабдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан таҳлил ўтказилганда, 2013 йил 1 январь ҳолатига кўра, 53 шаҳарча, 84 қишлоқ фуқаролар йиғини ва мингдан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктлари номлари айнан бир хил номга эга бўлганлиги аниқланди. Ҳозир ушбу таҳлиллар асосида, жойлардаги аҳолининг, оқсоқолларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, бундай такрорий  номларни ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Айтиш жоизки, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Бекобод шаҳрида “Севишганлар” майдони, Ангрен шаҳрида “Межевая” кўчаси, Оҳангарон туманида “Подхоз” посёлкаси, “Больничная”, “Маркс”, “Насосная”, деб аталган кўчалар номлари ҳали ҳам сақланиб қолган. Тегишли ташкилотлар уларга ўзгартириш киритиш тўғрисида ҳали ҳам таклиф киритмаган. Ўрганишлар давомида учраётган бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

“Одамлар ҳар куни ишлатадиган, тарихий ҳужжатлару онгга муҳрланадиган топонимларга эътиборсиз қараб бўлмайди. Зеро, жой номлари ўзлигимизни ифода этади. Ёшларимиз қалбида она юртга муҳаббат, тарихимиз ва миллий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини камол топтиришга, уларнинг дунёқараши ва маънавий оламини шакллантиришга хизмат қилади”, деб хулоса қилади амалдор.

SHARE