Сталин ватанига қайтмоқда

pic_1358862219Грузиянинг Гори шаҳри маъмурияти Михаил Саакашвили томонидан 2010 йилда олиб ташланган Сталин ҳайкалини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилган. Грузия маданият вазирлиги ҳайкални унинг уй музейи ёнига қўйишни тавсия этган. Амалдаги Бидзини Иванишвили ҳукуматига мухолиф бўлган партия вакиллари эса уни “Грузия давлатчилигининг энг золим душманини улуғлаш”да айблади.

Гори шаҳри маъмурияти бир неча кун бурун шундай қарор қабул қилган эди. Маданият вазирлигига кўра, марказий ҳукумат бундай қарор қабул қилишга аралашмаган. “Маъмурият бизга қарор қабул қилингандан сўнг хат билан мурожаат қилди”, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати вакили.

Хат муаллифлари ҳайкални айнан қаерга ўрнатиш юзасидан мурожаат қилишган. Улар вазирликка шаҳар маркази ёки Сталиннинг уй-музейи ёнини кўрсатишган. Вазирлик уй-музейни тавсия этган.

Михаил Саакашвили тарафдорлари “ҳукуматнинг давлатга қарши сиёсатидан” норози эканликларини маълум қилди. Улар ҳайкалнинг ўрнатилиши билан боғлиқ жавобгарликни шахсан ҳукумат раҳбари Бидзини Иванишвилига юклашмоқда.

Иосиф Сталиннинг 7 метрлик ҳайкали Гори шаҳри марказида 1952 йилдан 2010 йилга қадар сақланиб қолган эди. Аммо 2010 йилда Михаил Саакашвилининг шахсий буйруғи асосида ҳайкал олиб ташланади.

Эслатиб ўтамиз, Сталин 1879 йили Грузиянинг Гори шаҳрида таваллуд топган.

SHARE