Чойхонага отахонлар ўрнига болалар чиқаяптими?

Сурат муаллифи @joeandex/pixland.uz
Сурат муаллифи @joeandex/pixland.uz

«Ҳар ойнинг биринчи шанбасида синфдошлар, учинчисида курсдошлар, ой охирида эса маҳалладошлар билан «чойхонам» бор. Ҳозир менда ортиқча пул йўқ. Унга боришим учун қарз кўтармоқчиман. Бўлмаса, ўртоқларим гапиришади».

“Ҳали 18 ёшга кирмаган жияним Акмалнинг бу гапларини эшитиб, оғзим очилиб қолди”, деб ёзади “Оила даврасида” газетасининг мухбири Жонибек Маърупов.

Муаллифнинг ёзишича, чойхона асосан, отахонларнинг бир пиёла чой устида суҳбатлашиб, кўнгил ёзадиган жойи бўлса. У ерда мишиқи болалар нима қилишар экан? Оқ-қорани таниб улгурмаган ўспирин ўқувчилар бу каби «чойхона»ларда нималар ҳақида «гап» қилишади? Аввало, улар кимлар билан «улфат»?!

Ойда бир маротаба ўтказиладиган ушбу «тадбир»да бирор тансиқ таом, кўпинча ош тайёрланиб, тайини йўқ гаплар, турли хил латифалар ҳамда бекорчиликдан «ғийбатлар» асосий мавзуга айланиши сир эмас. Баъзида бекорчиликдан қар­та, нар­да ўйнаб вақтичоғлик қиладиган ёш «гаштакчи»лар ҳам бор. Ачинарлиси, бора-бора бу ўйинларга пул аралашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Энг ёмони, ана шундай «чойхона»ларнинг кўпи спиртли ичимликларсиз ўтмайди.

Чойхонадаги йиғинлар текинга бўлмайди, албатта. Унга киши бошига фалон сўмдан йиғилади. Қизиқ, ҳали бир ишнинг бошини тутмаган ёшлар, ўқувчилар бу пулни қаердан олишади? Ҳамма гап шунда,

 Айрим ёшларнинг хаёли, ҳаёти мана шундай чойхонаю маишатбозликлар  билан буткул банд бўлиб қолаётгани тўғрисида ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар бош қотиришяптими?

Мухбир ушбу масалада ҳам ўқувчиларга мурожаат қилади.

— Менинг ўғлим ҳам бир неча маротаба «чойхона»га бораман, — деб айтган, — дейди Маърифат АЪЗАМОВА. — Лекин рухсат бермаганман. Чунки бу каби «тадбир»ларга қаршиман. Буларнинг ўрнига дарс тайёрлаб, спорт билан шуғулланса, ўзига фойда. Гарчи боланинг тарбияси яхши бўлса ҳам, «чойхона» даврасида ёмон одатлардан йироқ бўлади, деб аниқ айта олмаймиз. «Чойхона»да турли феъл-атворли одамлар бўлади. Булар ҳали ўспирин бўлишса, уларнинг таъсирига берилиб, турли салбий йўлларга кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ўғлимни ҳеч ҳам чойхоналарга юбормайман.

Бу каби тадбирлар ўтказилишининг тарафдори бўладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Улар фарзандининг дўстлари билан ойда бир маротаба йиғилишиб туришига қаршилик қилмайди. Аксинча, «улфат кўргани яхши» дея, ҳатто, унинг «гап» пулини бажонидил топиб беради. «Чойхона»ларга қатнашиб тургани яхши. Ҳаётни ўрганади, дўстларини яқиндан билиб олади» қабилида ўйлаб, ўғилларининг чойхона-тадбирларига қатнашишига рухсат беришади.

Журналист фикрича, бундай қараш унчалик тўғри эмасдай. Беҳуда гаплар, латифаю сафсата оқу қорани танимаган болага наҳотки, бирор нарса бера олса?! Бундан кўра, фарзандини спорт залларига етаклаб борса, китоб ўқишга, бирор ҳунар ўрганишга рағбатлантирса, келгусида унинг ҳаёти учун муҳимроқ аҳамият касб этмайдими?!

— Ҳар гал ота-оналар мажлисини ўтказганимизда ана шу «чойхона» масаласига алоҳида тўхталамиз,  дейди Самарқанд давлат университети қошидаги 2-сон академик лицейининг катта ўқитувчиси Моҳира ЮНУСОВА. — Ўқувчининг асосий вазифаси ўқиш. Ўсмирларнинг «гап» ўтказишига эса ҳали вақтли, деб ўйлайман. Чунки улар ҳаётда ўз ўрнини топиши керак. Бунинг учун албатта, ортиқча ҳою ҳавасларга  берилмасдан, кўпроқ ўқиб, олдига қўйган аниқ мақсади сари интилиши зарур.

SHARE