Ўзбекистонда тест синовлари бўлиб ўтди

gazeta.uz/press-photo.uz
gazeta.uz/press-photo.uz

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш учун тест имтиҳонлари бўлиб ўтди. Мамлакатдаги барча олий ўқув юртларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилган, абитуриентларни тест синовлари бўлиб ўтадиган залларга киритишда жиддий текиширувдан ўтказишган. Тинтув пайтида аниқланган шпаргалка, телефон ва бошқа “кўмакчи” воситалар мусодара қилинган.

Шунингдек, «Билайн», Ucell, Perfectum Mobile компаниялари абонентларида 1 август куни соат 8:30дан 13:30гача SMS, MMS, WAP ва GPRS хизматлари ишламади.

1 август тонгги қатновларда йўловчилар сони нибатан кўп бўлиши ҳисобга олиниб, Тошкентда жамоат транспортлари бир соат вақтлироқ фаолиятини бошлашган.

2013 йил 11 июнда қабул қилинган «2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилда олий ўқув юртларига 56607 нафар бакалавр қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, жорий йилда олий ўқув юртларига кириш учун абитуриентлардан аввалги йиллардагига нисбатан анча кўп – 480 мингдан ортиқ ариза тушган.

Жумладан, энг кўп ариза Термиз давлат университетига тушган: 1660 ўринга 24877 ариза (бир ўринга – 14,99 даъвогар), Гулистон давлат университетига – 900 ўринга 13169 ариза (14,63), Қарши давлат университетига – 1245 ўринга 17701 (14,22) ариза қабул қилинган.

SHARE