Қироличанинг учинчи жаҳон уруши учун тайёрланган нутқи ошкор қилинди

Britain's Queen Elizabeth arrives at the Norman Porch of the Palace of Westminster for the State Opening of Parliament in London

Буюк Британия Қироличасининг Учинчи жаҳон уруши юз берганда халққа қилиш керак бўлган мурожаати оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. 1983 йилги давлат архиви ҳужжатларига кўра, Қиролича халқни “дуо қилиш”га ҳамда “баҳамжиҳат бўлиш”га ундаши керак бўлган.

Қиролича ўзининг “жасур мамлакати” устида “улкан таҳдид” пайдо бўлгани ҳақида одамларни огоҳлантириши лозим бўлган.

Қироличанинг нутқи совуқ уруш йилларида энг таҳликали пайтларидан бирида ҳукумат томонидан ёзилган бўлиб, телевидение тасмасига олинмаган.

Мурожаат матни НАТОнинг 1983 йилда бўлиб ўтган ҳарбий машғулотлари доирасида тайёрланган бўлиб, орадан 30 йил ўтиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Буюк Британия қонунчилигига кўра, махфий ҳужжатлар орадан 30 йил ўтиб жамоатчилик мулкига айланади.

Сценарийга кўра, қиролича мазкур нутқни 1983 йили 4 март куни туш вақтида, яъни Ғарб мамлакатларининг Варшава шартномаси давлатларига қарши эҳтимолий уруш эълон қилишидан бир кун ўтиб амалга ошириши керак эди.

“Мен синглим билан 1939 йилдаги оғир кунларда отамнинг руҳлантирувчи сўзларини радио орқали эшитганимдаги дард ва ғурурни ҳеч қачон унутмайман. Ҳеч қачон ана шундай ғамғин ва даҳшатли мажбурият бир кун келиб менинг зиммамга ҳам тушишини  тасаввур қилмаган эдим”, дейиши керак эди қиролича.

“Аммо бизни қандай таҳдид ва хавф кутмасин, бир аср давомида озодлигимизни икки марта сақлаб қолишга ёрдам берган сифатлар яна бир карра бизнинг кучимизга айланажак”, деб давом этиши кутилган.

Нутқнинг кейинги қисмлари анча шахсийлашади. У турмуш ўртоғи билан Ватан ҳимояси учун ўз уйини тарк этган ўғил ва қизлари, эрлари, акаларига хавотир олаётганлар барча оилалар кечинмаларига ҳамдард эканлиги айтиш лозим бўлган.

Эҳтимолий ҳужум режасига кўра, СССР ва Варшава шартномаси ташкилотига аъзо-давлатлар уруш очади ва Буюк Британияга химиявий қурол билан ҳужум қилади. Бунга жавобан “мовий кучлар” (НАТО) ядровий ҳужумни амалга оширади, бу “сариқлар” (СССР)ни музокара столига ўтиришга мажбур қилади.