Ўзбекистон Покистонга электр энергияси экспортини таклиф қилди

    1370518218_elektr-stalba

    Ўзбекистон Афғонистонда юқори қувватли электр линияларини қуриш орқали Покистонга электр энергияси экспорт қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Покистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Риаз Ҳусайн Бухари “Uzbekistan Today” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

    Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистонда юқори қувватли электр энергияси линияларини барпо этиш орқали Покистонга электр экспорт қилиш таклифи билан ҳам чиққан. Линиянинг бир қисми, яъни Кобулгача бўлган қисми бугунги ишламоқда. У Афғонистон пойтахтининг электр таъминотига ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги кунда Кобул — Пешавор бўйлаб янги электр линиясини тортиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

    Хабарингиз бор, шу йилнинг 20-21 май кунлари Чикагода НАТОнинг саммити бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этган эди.

    Саммит доирасида Абдулазиз Комилов расмий Тошкентнинг Афғонистон муаммосини ҳал этишдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон операциясини амалга ошириш учун гуманитар ва ноҳарбий юкларни ўтказиш мақсадида Ҳайратон кўпригини очганлигига урғу берганди. Ушбу транспорт йўлаги Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўл тизими эканлиги билан ҳам ниҳоятда аҳмиятлидир. “Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон кўмагида ўнлаб кўприклар, автомобиль йўллари барпо этилди. Ҳозирги пайтда Кобул шаҳри тўлиқ электр энергия билан таъминланмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг оптик толали алоқа линиясига уланган”, деганди Абдулазиз Комилов.