Ўзбекистон денгиз портларига чиқишнинг энг яқин йўлини изламоқда

123_27

Ўзбекистон Покистон портлари орқали денгиз йўлига чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Покистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Риаз Ҳусайн Бухари “Uzbekistan Today” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирди муҳим ҳужжат икки давлат тегишли вазирликлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Улардан бири Ўзбекистоннинг Покистон Гвадар портидан фойдаланиши тўғрисидаги таклифи бўлиб, бу Ўзбекистон халқаро бозорга океан орқали чиқиш имкониятларини кенгайтиради. “Исломобод Тошкентнинг денгизга чиқиш бўйича бу қисқа йўлдан фойдаланиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди”, деди покистонлик дипломат.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 20-21 май кунлари Чикагода бўлиб ўтган НАТО саммитида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз нутқида “Ўзбекистонлик мутахассислар томонидан бунёд этилган Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўли 2011 йилдан бери минтақа келажаги учун муҳим роль ўйнамоқда. Мозори Шарифдан темирйўлнинг Шибирғонгача давом эттирилиши Трансафғон корридори лойиҳасини амалга оширишда қўл келади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларини денгиз портларига олиб чиқувчи энг яқин йўл вазифасини бажариши мумкин”, деб таъкидлаган эди.

“Бугун Ўзбекистон Шимолий таъминот тармоғида муҳим аҳамиятга эга давлатлардан ҳисобланади. Зеро, ушбу транспорт ва алоқа корридори Болтиқ ва Қора денгиз портларини Афғонистон билан боғлаб, НАТО ҳарбий контингентини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Шимолий таъминот тармоғи ишга тушгандан бери 400 минг тоннага яқин ноҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудуди орқали етказиб берилган”, деганди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Афғонистондаги тикланиш ва иқтисодий ривожланиш дастуриларида, чунончи, мамлакат ҳудудида транспорт йўлларини барпо этиш, алоқа йўналишларини ўрнатиш ҳамда темир йўл қурида фаол иштирок этиб келмоқда. Чунончи, Афғонистон мамлакати тарихида илк бор 106 километрлик “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлининг бунёд этилишида ўзбекистонлик темирйўлчиларнинг ўрни жуда катта.

Ўзбекистон йўлсозлари, шунингдек, Мозори Шариф — Кобул автомобиль йўлини тиклашда ҳам фаол қатнашишди. Улар бунда 10 та кўприк, тегишли йўл ўтказгичларни барпо этишди.

Истиқболда Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан Ҳайратондан бошланадиган темир йўлни Кобулгача, сўнгра Эронга қадар етказиш режалаштирилган. Бу саъй-ҳаракатлар келажакда Ўзбекистоннинг Форс кўрфазига чиқиш имкониятини кенгайтиради.

АҚШ давлат котибининг собиқ Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг фикрича, АҚШ давлат департаменти томонидан илгари сурилган “Янги Ипак йўли” ғояси минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий-маданий интеграцияни чуқурлаштиришда айни муддаодир. У минтақа мамлакатлари ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида ҳарбий можаролар нуқтаси бўлиб келаётган Афғонистон билан изчил ҳамкорлик қилаётганини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ушбу мамлакатга электр энергиясини етказиб бераётган бўлса, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон темир йўл алоқаларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнашмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролнинг қайд этишича, Янги Ипак йўли ғоясини амалга оширишга нафақат давлат, балки бизнес доиралари вакиллари ҳам фаол киришиши керак бўлади.

—   Ўзбек муҳандислари томонидан Афғонистон ҳудудида темир йўл қурилиши Марказий Осиё тарихидаги энг муҳим воқеалардан ҳисобланади, — деди элчи жаноблари. — Кобулдан Пешоварга электр энергияси етказиб бериш линиясини ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Агар бу лойиҳалар рўёбга чиқарилса, Афғонистонда инфратузилмани ривожлантириш имкони кенгаяди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон очиқ денгизга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши керак бўлган иккита мамлакатдан биридир. Ўзбекистон асосан Болтиқ ва Кавказ минтақаси портларидан фойдаланиб келади.

SHARE