Нуқтаи назар: Мигрантлар нега Россия оммавий ахборот воситаларининг бош мавзусига айланди?

0eWLwi_kVfLWz0xKS6spiQ

31 июль куни Россия Федерацияси Президенти В. Путин мамлакат ички ишлар вазири, федерал миграция хизмати раҳбари ҳамда Тергов қўмитаси раиси биринчи ўринбосари ҳамда Москва шаҳар мэри вазифасини бажарувчини қабул қилиб, миграция муаммоларини муҳокама қилган. Шуни айтиш керакки, Москвада ҳозир асосий йирик бозорларни бузиш чоралари кўрилмоқда. Маъмуриятга кўра, бозорлар иқтисодий жиноят макони бўлиб, бу ерда мигрантлар ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган россияликларнинг ноқонуний фаолиятига хизмат қилмоқда.

Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда, пул топмоқда, ўз қора қозонини қайнатмоқда. “НТВ”га кўра, Россияда 8 миллион атрофида ўзбекистонлик мавжуд. Россия федерал иммиграция хизмати маълумотларига кўра, Россияда ҳозирги кунда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. 13,3 фоизи, яъни 1,342 миллион нафари эса Украина фуқароси, 10,2 фоизи Тожикистон фуқароси ҳисобланади. Ўзбекистон фуқаролари 2012 йилда 5,693 миллиард доллар миқдорида пул жўнатишган. 2011 йилда бу миқдор 4,276 миллиард долларни ташкил этган. Бунда ҳар бир юборилган ўтказманинг миқдори 466 долларга тушган. 2011 йилда бу 523 доллар атрофида эди.

Аммо Россия Федерациясида ҳамюртларимиз кўпайиб бораётгани рус жамиятида Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга қарши салбий қарашларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида, айниқса, интернет нашрларида ҳар куни қаердадир ўзбекистонлик ўғирлик қилгани, бировни ўлдиргани, кимнидир зўрлагани ҳақида ахборотлар учрамоқда. Google ёки Yandex қидирув хизматлари ҳақида “узбек” деб излаб кўрсангиз, у ерда 90 фоиз салбий мазмундаги ахборотга кўзингиз тушади. Бу, албатта, шу миллат вакили сифатида бизни хурсанд қилмайди.

 Шу билан бирга, Россияга кетаётган аксарият ёшларимизнинг тилни яхши билмаслиги, тиббий ва ўзини тутиш маданияти шаклланмаганлиги ҳам уларнинг рус жамиятига мослашувида жиддий муаммоларнинг юзага келишига олиб келяпти. Ижтимоий тармоқларда, шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида мигрантлардан норози бўлган турли шовинистик руҳдаги материаллар ҳам кўпаймоқда.

Санкт-Петербургда эса бир гуруҳ ёшлар “русча тозалаш”ни амалга оширди. Бу россиялик ҳуқуқшунослар томонидан ноқонуний деб баҳоланган бўлса-да, у ҳуқуқ-тартибот идораларининг хайрихоҳлигида амалга оширилди.

Марказий ва маҳаллий нашрларда мигрантлар ҳақида кетма-кет мақолалар берила бошланди, ички ишлар, федерал миграция хизмати вакиллари томонидан оммавий рейдлар ўтказилмоқда. Биргина Питерда 1 август куни 50 ҳамюртимиз депортация қилинган. Улар беш йил давомида Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Умуман, ўша куни Питер ва Ленинград вилоятида ўтказилган рейдлар чоғида 1337 хорижлик текширилган. Кировда асосан ўзбекистонлик меҳнат қилаётган цех фаолияти тўхтатилган. Афсусланарли жиҳати шундаки, бу рейдларнинг аксарияти уларнинг элементар ҳуқуқлари поймол этилган ҳолда, қўпол муносабат ва куч ишлатиш йўли билан амалга оширилган. Улар орасида ҳомиладор аёллар, умуман, аёлларнинг борлиги, вояга етмаганлар ҳам мавжудлиги Россия ҳуқуқ-тартиботи фаолиятига нисбатан жиддий саволларни туғдирмоқда.

Москва мэрияси ҳам шаҳардаги бозорларни бузиш давомида мигрантларга қарши кескин чоралар кўрмоқда. Ҳукумат мигрантларнинг Россияга бориши билан боғлиқ талабларни янада қаттиқлаштирмоқда. Умуман айтганда, жамиятда мигрантларга нисбатан салбий қараш шаклланиб, уларни камситиш, ҳақорат қилиш тобора авж олмоқда, марказий телеканалларда ҳам мигрантларга қарши оммавий материаллар берилмоқда, уларда мигрантларнинг миллатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хўш, бундай оммавий кампаниябозликнинг боиси нимада? Ҳақиқатда ҳам ноқонуний бўлиб турган, жиноят содир этаётган мигрантлар кўпайиб кетдими? Ёки Россия раҳбарлари бундай сиёсат орқали қандайдир мақсадни кўзлаганми?

Аввало, мигрантларга қарши оммавий кампанияни олиб боришдан кўзланган мақсад сиёсий бўлиб, ҳукумат шу йўл орқали популистик мақсадларини амалга оширишни кўзлаган. Гап шундаки, шу йилнинг сентябрь ойи бошида Россияда ҳудудий сайловлар бўлиб ўтади. Унда маҳаллий аҳоли шаҳар мэрларини, вилоят ва республикалар губернатор ҳамда президентларини сайлашади. Миграция масаласи айнан қуйи бўғинлар учун муаммо бўлиб, россияликларда шаклланган салбий қарашлардан келиб чиқиб, маҳаллий раҳбарлардан “амалий чоралар” кўришини талаб қилаётган эди. Бу билан улар сайловчиларга ўз саъй-ҳаракатлари жиддий эканлигини кўрсатади. “Эхо Москвы” радиоси шарҳловчиси Антон Орехъ “Фикрларимизни ҳукумат умуман эшитмаяпти дейиш ноўрин. Ҳукумат сайловларда фақат Чуров (Марказий сайлов комиссияси раиси) мўъжизаси ёки пенсионерлар ва бюджетниклардан иборат темирбетон активларига таянмоқда, дейиш ножоиз”, деб давом этади муаллиф. Унинг фикрича, ҳукумат сайловчилар фикри билан қизиқа бошлади, уни эшитди. “Ҳукумат келгиндилар, гастарбайтерлар, кавказликлар, тожик қоравуллари, доғистонлик савдогарлар, суши-барлардаги япон кўринишидаги қирғизлар, вьетнамликлар ва турмушда “чурка”лар деб ном олганлардан безор бўлганини англаб етган”, дейди. У Москвада бозорларни бузиш акциясига шундай баҳо беради.

Иккинчидан, рус жамиятида кейинги йилларда миллатчилик, шовинистик ғоялар авж олмоқда, бошқа миллат ва элат вакилларига нисбатан “келгинди”лардек муомалада бўлиш “маданияти” шаклланмоқда. Скин-ҳидлар, “нашист”лар ва “Россия для русских” сингари ноформаль тузилмаларнинг пайдо бўлгани, улар фаолиятини давлат идоралари норасмий қўллаб-қувватлаётгани ҳам сир эмас. Айниқса, Путин ҳокимиятга келганидан сўнг русларнинг миллатчилик кайфияти янада ўсди. Шу боис ҳам улар томонидан бўлаётган босим ва ғоявий пиарга ҳукумат ҳам ён босишга мажбур бўлмоқда.

Учинчидан, хоҳлаймизми-йўқми, мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ортиб бормоқда. Гарчи барча ҳуқуқбузарликлар таркибида мигрантлар томонидан содир этилан жинотларнинг улуши беш фоиздан ортиқни ташкил этмаса-да, улар орасида оғир жиноят содир этиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу исбот талаб қилинмайдиган факт. Мигрантлар томонидан содир этилаётган қотиллик, одам савдоси, зўрлаш каби жиноятлар, айниқса, маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали кенг “тарғиб қилинмоқда”. Буларнинг барчаси жамиятда мигрантларга нисбатан “сабрсизлик”ни юзага келтирмоқда.

Тўртинчидан, Россия раҳбарияти мигрантлардан Собиқ Иттифоқ аъзоларига нисбатан таъсир кўрсатувчи омил сифатида ҳам фойдаланишни ўз олдига мақсад қилган бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда Россиянинг Тожикистондаги 201-дивизияси бўйича шартномани ратификация қилишни пайсалга солиб келаётган Эмомали Раҳмоннинг кутилмаганда Москвага ташриф буюргани ва унда ҳарбий база муддатини узайтириш тўғрисидаги шартномани кузда тасдиқланишини маълум қилди. Россия Тожикистонга нефть, саноат корхоналарини модернизация қилишга маблағ, армияни қуроллантиришга ваъда берди.

ОАВ эътибор бериб-бермаган масалалардан бири — миграция бўлди. Жорий йил ноябрь ойида бўлажак президентлик сайловлари Эмомали Раҳмон учун жуда муҳим. Шу боис у мамлакатдаги социал вазиятнинг чуқурлашишини хоҳламайди. Чунки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг катта қисми айнан мигрантлар жўнатадиган маблағ ҳисобига шаклланади.

Бешинчидан, Россияга бораётган мигрантларнинг аксарияти, тан олиш керакки, ўта тартибсиз асосда бормоқда, бир қисми чайқовчилар, зўравонлар, фирибгарлар қўлига тушиб қолмоқда, уларнинг фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, мигрантлар орасида ўзини ўзи бошқариш ва тартибга солиш механизмларини яратишга катта эҳтиёж бор. Чунки хоҳлаймизми-йўқми, Россия бошқа мамлакат фуқароларига, айниқса, ноқонуний мигрантларга паст назар билан қарашда давом этади. Шунинг учун Россияда мигрант ватандошларга ҳуқуқий ва адаптация бўйича берадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини кўпайтириш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ушбу мамлакатдаги элчихона консули янада фаол ишлаши, Россиядаги ўзбеклар диаспорасининг бирдамлигини таъминлашга эҳтиёж бор.

Олтинчидан, сир эмас, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 500 минг киши меҳнат бозорига чиқади. Уларни тўлиқ иш билан таъминлашнинг иложи йўқ, албатта. Шу боис ҳукумат ҳам Россиядаги тегишли давлат идоралари билан бу муаммони ҳал этишнинг чораларини кўриши керак. Йил бошида бу борада ижобий силжишлар бошланган эди. Чунончи, элчихона эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган ўзбекистонлик учун кафолат бўлганди, қолаверса, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. Хаитов Россияга ушбу масалада ташриф буюрган эди. Бизнингча, бундай ишларни яна давом эттириш керак.

Хулоса қилиб айтганда, Россиядаги ҳамюртларимиз билан юз бераётган масала — Россия ёки халқаро ҳамжамиятнинг муаммоси эмас, балки бизнинг муаммомиздир. Уни ҳал қилиш учун барча воситаларни ишга солиш лозим, ҳозир бировни айблайдиган замон эмас.

Мурод ҒОФУРОВ.

 

Фикрингиз биз учун қадрли!

SHARE