Исроил элчиси ўз фаолиятини якунлади

    big_5592Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Исроил Давлатининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳилел Ньюмонни дипломатия миссияси тугагани муносабати билан қабул қилди.

    Учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинган. Вазир элчи жанобларига Ўзбекистон — Исроил муносабатларини ривожлантиришдаги ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, элчи Ўзбекистонда ўз миссиясини амалга оширишда кўрсатган ёрдами учун ташаккур билдирди.

    Исроил Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил декабрь ойида тан олган бўлиб, 1992 йилдаёқ ушбу мамлакатнинг Тошкентда элчихонаси очилади. Ўтган давр мобайнида икки давлат ўртасида 15 та ҳукуматлараро, 3 идоралараро ҳужжатлар имзоланган.

    Ўзбекистон Исроил билан қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган.

    Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил томонидан ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига Кармела Шамир номзодини тақтдим этилган. Кармела Шамир яқин кунларда ўз вазифасини бажаришга киришади. Нашрга кўра, у мусулмон мамлакатда Исроил миссиясини бажарадиган биринчи аёл дипломатдир.