Ҳасан Руҳоний – мўътадил президент, мужтаҳид олим

download

Ҳасан Руҳоний Эрон Ислом Республикасининг еттинчи президенти сифатида расман ўз вазифасини бажаришга киришди. Президентлик ваколатини топширишга бағишланган маросим 4 август куни Теҳронда бўлиб ўтди. Маросимда мамлакат олий раҳбари Оятулло Али Хоманаийнинг янги сайланган президентга ўз вазифасини бажаришга киришиши тўғрисидаги фармони топширилди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, тантанали маросим Эрон Ислом Республикаси мадҳияси ижроси ва Қуръони карим қироати билан бошланди. Расмий тадбирда олий раҳбар Оятулло Али Хоманаий бошчилигидаги мамлакат сиёсий элитаси қатнашди.

Ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажор жорий йил 14 июнь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови якуни бўйича маъруза қилди. Ички ишлар вазири кўрилган изчил чора-тадбирлар туфайли сайловчилар бехавфу бехатар овоз бериш имконига эга бўлганини таъкидлади. Президентлик сайловида 50 миллиондан ошиқ электоратдан 37 миллиони (сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 72,7 фоизи) иштирок этди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, Ҳасан Руҳоний  18,613 миллионта овоз йиғишга муваффақ бўлди.

Ҳасан Руҳоний президент сифатидаги илк мурожаатида Ғарб томонидан Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни олиб ташлаш йўлида қатъий ҳаракат қилишини таъкидлади. Янги президентга кўра, мазкур иқтисодий жазо чораларидан кўзланган мақсад Эронни яккалаб қўйиш ва мамлакатда беқарорлик уруғини сочишдан иборат. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ғанимлари ҳукумат ва халқ ўртасида низо-нифоқ солишга ҳаракат қилди, аммо фуқароларнинг сайловда фаол қатнашгани бу каби уринишларни йўққа чиқарди.

Ҳасан Руҳоний сайловдан кейинги илк матбуот анжуманида ҳам Эрон билан Ғарб мамлакатлари ўртасидаги тарангликни бартараф этиш ва муносабатларни жонлантириш зарурати ҳақида гапирганди. Хусусан, Эроннинг ядро дастури масаласига тўхталиб, бу борада шаффофлик ва очиқликни таъминлашга урғу берганди.  Минтақадаги муҳим сиёсий масалага айланган Суриядаги нотинчликларга эътибор қаратиб, президент Башар Асад 2014 йилгача, яъни навбатдаги президентлик сайловигача ўз лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигини айтганди.

64 ёшли Ҳасан Руҳоний мўътадил қарашли сиёсатчи, мужтаҳид олим, моҳир дипломат ва тажрибали арбоб сифатида танилган.

У 1948 йил 12 ноябрда Эрон шимолидаги Сорхе шаҳрида туғилган. 1972 йили Теҳрон университети бакалавриатини, 1995 йили Шотландиядаги Каледон университети магистратурасини тугатган. 1999 йили Каледон университетида давлат ҳуқуқи йўналишида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

1992 йилдан Эрон Стратегик тадқиқотлар марказини бошқариб келган. Икки карра парламент депутатлигига сайланган, вице-спикер вазифасида ишлаган. 1989-2005 йилларда Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган. Уста дипломат сифатида Ғарб билан ядро тадқиқотлари масаласида музокаралар олиб борган. Маълумотларга қараганда, зиёли арбоб араб, инглиз, француз, немис ва рус тилларини билади.

Ҳасан Руҳонийга ёрдамчи бўлиб ишлаган, айни пайтда Германияда истиқомат қилаётган журналист Маҳди Маҳдавий Ғарб матбуотига берган интервьюсида янги президентни “прагматик қарашли сиёсатчи” ва “билимдон олим” деб атаган. “Руҳоний – жуда ақлли инсон. Уни чалғитиб бўлмайди, ҳар бир муаммони ҳассослик билан тадқиқ этади, вазиятни ипидан игнасигача ўрганмасдан қарор қабул қилмайди. Муҳими, у миллий хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатни бошқариш бўйича ўз қарашларига эга”, – деган Маҳди Маҳдавий.

Эроннинг еттинчи президенти ўз сайловолди чиқишларида мавжуд иқтисодий-ижтимоий муаммоларни юз кун ичида ҳал этиш, халқаро ҳамжамият билан муносабатларни яхшилаш, энг асосийси, миллатнинг қадр-қимматини янада кўтаришга ваъда берган.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Ҳасан Руҳоний Эроннинг янги  тараққиёт йўлига олиб чиқиш борасида катта имкониятга эга. Аввало, янги раҳбар кўп йиллик бошқарув тажрибаси ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳалари бўйича кенг қамровли, чуқур билимга эга. Бундан ташқари, янги сайланган президентни мамлакатдаги нуфузли руҳонийлар, шунингдек,  Муҳаммад Ҳотамий, Акбар Ҳошимий-Рафсанжоний каби арбоблар ва асосийси, оддий халқ қўллаб-қувватламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эрон қонунчилигига мувофиқ, президент мамлакат олий раҳбаридан кейинги иккинчи шахс саналади. Олий раҳбар стратегик аҳамиятга молик вазифалар билан шуғулланса, президент ҳукуматни ташкил этиш, бошқариш каби тактик масалаларга масъул саналади.  Президент 4 йил муддатга сайланади. Бир шахс кетма‑кет икки муддатдан ортиқ мазкур лавозимни эгаллаши мумкин эмас.

Собир САЛИМ