Хоразмнинг тарихий обидалар акс этган харитаси уч тилда тузилмоқда

muxammad_rahimxon

“Ўзбектуризм” миллий компанияси Хоразм вилояти минтақавий бўлими бошқарувчиси Одилбек Раҳимовнинг сўзларига қараганда, бундан ўн йил олдин вилоятга бир йилда 216 минг сайёҳ келган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 725 минг нафарни ташкил этди. Шундан қарийб 52 минг нафари хорижий сайёҳлардир. Айни пайтда уларнинг вилоятда бўлиш муддати узайиб, ҳар бир хорижлик сайёҳнинг ўртача харажати бундан ўн йил аввалгига нисбатан икки-икки ярим баробар ортди. Туристик фирмалар бештага, меҳмонхоналар 27 тага етди. Ушбу меҳмонхоналар кунига икки минг нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Ўзбекистон Президентининг шу йил 20 мартдаги “Хоразм вилоятида 2013-2015 йилларда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда вилоятда умумий қиймати 55,4 миллиард сўмлик 119 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, ўтган даврда 26 лойиҳа тўлиқ бажарилди.

Вилоятда жорий йил якунига қадар 4 янги меҳмонхона қурилади, 2 таси капитал реконструкция қилинади, 6 ресторан ва умумий овқатланиш шохобчаси, 10 санитария-гигиена пункти ташкил этилади. Ушбу мақсадлар учун жами 8,3 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилади.

Йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида йўлларда жорий ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва “Картография” илмий-ишлаб чиқариш давлат корхонаси томонидан ҳудуддаги ноёб тарихий-маданий ва меъморий ёдгорликлар туширилган харита ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланмоқда.

Айни пайтда ҳафтанинг маълум кунларида Бухоро-Урганч, Тошкент-Урганч йўналишлари бўйлаб мунтазам поездлар қатнови йўлга қўйилган. Келгусида ушбу йўналишлар бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси томонидан сайёҳлик компаниялари талабига мувофиқ қўшимча қатнов йўналишлари ва турли қулайликлар ҳамда миллий услубдаги ресторанларга эга бўлган махсус поезд ташкил этилади. Урганч-Термиз йўналишида махсус сайёҳлик поезди қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

2013 йил 7 апрелдан 20 октябрга қадар ҳар ҳафтада Бухоро-Урганч- Бухоро авиақатновлари амалга оширилаётир. Бундан ташқари, мавсум давомида қўшимча рейслар ташкил қилинмоқда. Халқаро йўналишларда ҳафтасига бир маротаба Париж-Урганч, Милан-Урганч авиақатновлари, мавсум давомида талабга қараб ҳафтасига икки маротаба парвозлар амалга оширилмоқда. 2014 йилги мавсумда Европанинг бошқа йирик шаҳарларига ҳам авиақатновларни йўлга қўйиш кўзда тутилаётир.

Вилоятда давлат рўйхатидан ўтган 255 маданий мерос объекти мавжуд. Шундан 18 таси археология, 133 таси архитектура, 66 ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ва 32 муқаддас қадамжолардир.