Мэтью Мюррей: “Ўйин қоидалари” тушунарли бўлган жойда иқтисодий ўсиш ва тараққиёт кафолатланган бўлади”

Myurrey2

АҚШ савдо вазири ёрдамчисининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Мэтью Мюррейнинг “Экономическое обозрение” журналига берган инвервьюсига кўра, Америкада Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёда ўз бизнесини йўлга қўйишни истаган кўплаб компаниялар мавжуд. Бу, аввало, минтақадаги яхши ўсиш суръатлари билан боғлиқдир. Ўзбекистон ҳам сўнгги 10 йил давомида барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. “Биз Ўзбекистон глобал бозорнинг бир қисми бўлишга интилаётганини кўраяпмиз. Америка компаниялари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда кечаётган ривожланиш жараёнларида қатнашишни истамоқда”, дейди америкалик расмий.

АҚШ савдо вазирлигининг савдо бўйича халқаро маъмурияти АҚШнинг хорижда рақобатбардошлигини ошириш, савдо ва инвестициянинг ривожланишга кўмаклашиш, шунингдек, Америка бизнеси бўлган мамлакатларда эркин ва адолатли савдони таъминлаш мақсадида иш олиб боради.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Янги Ипак йўли ташаббусини рўёбга чиқариш эвазига катта муваффақиятларга эришиши мумкин. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси сингари халқаро институтлар Ўзбекистон мазкур ташаббус марказида жойлашганини ҳамда буни қўллаб-қувватлашларини маълум қилган. “Америка компаниялари янги алоқалар ва янги даромад манбаларига катта қизиқиш билан қарайди. Улар Марказий Осиёда сўнгги 20-30 йилда дунёдаги ўсаётган минтақалардан бирига айланишга салоҳият борлигини кўришмоқда. Уларни минтақанинг географик жойлашуви, табиий ресурслари ва бу бозорда юқори малакали ёш мутахассислар даражаси ўзига жалб қилган”, дейди Мэтью Мюррей.

Америкалик расмийга кўра, Америка модели — эркин ва адолатли савдо. “Қачонки “ўйин қоидалари” тушунарли, қачонки маҳаллий ва америкалик компаниялар учун бир хил шарт-шароитлар яратилган бўлса, у ерда иқтисодий ўсиш ва тараққиёт кафолатланган”, дейди, у жумладан.

АҚШ ҳукумати ва Ўзбекистон Марказий Осиёда савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битимни қўллаб-қувватлаётганини айтар экан Мэтью Мюррей Ашҳоботда кузда минтақа давлатлари ва АҚШ вакиллари учрашуви режалаштирилаётганини қайд этиб ўтди.

“Улар ўртасида битимга эришиш турли божхона қоидалари боис юзага келаётган ҳамда маҳсулотларни сертификатлаштириш соҳасидаги транзакциявий харажатларни қисқартиришга ёрдам беради. Бу жуда муҳим сиёсий ташаббус”, дейди у.

Америкалик эксперт, айниқса, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишга қизиқиш билдира бошлаганини қувонч билан тилга олди. “Албатта, бу узоқ муддатли саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Аммо бу Ўзбекистон ва АҚШнинг биргаликда ишлаши учун қулай имкониятдир”, деб қайд этди.