Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзгариш юз беряптими?

shov-shuv.uz
shov-shuv.uz

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ташқи сиёсати билан боғлиқ муҳим йўналишларда кадрлар алмашинуви юз берди. Аввало, мамлакатнинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Неъматов ўрнига Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси, айни пайтда Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссияси раҳбари бўлган Бахтиёр Ғуломов тайинланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов Европа Иттифоқи бўйича Ўзбекистон дипломатиясига масъул этиб тайинлангани ҳақида ҳам ахборотлар пайдо бўлди.

Хўш, бу жараёнлардан кўзланган мақсад нима? Бу стратегик аҳамиятга эга қарорларми ёки табиий ҳолатми?

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, келаси йилнинг охирига бориб Афғонистондан НАТОнинг халқаро кучлари олиб чиқиб кетилади. Барчага маълумки, Афғонистонда тинчлик масаласи тўлиқ ҳал этилгани йўқ, толибонлар ҳали ҳам таҳдид солиб турибди, расмий Кобул бугунги кунда мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг уддасидан чиқа олаётгани йўқ. Шу маънода айтганда,  Ўзбекистон  Афғонистондаги беқарорликдан жабр кўрадиган давлат сифатида бу таҳдидларнинг олдини олиш чораларини кўришга мажбур.

Бахтиёр Ғуломов ўз дипломатик миссиясини бажариш чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамда НАТО ўртасидаги муносабатлар бирмунча илиқлашди, Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан бир қатор йўналишларда лойиҳаларни амалга оширишга киришди, Германия, Франция, шунингдек, Болиқбўйи мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар жонланди. Ўзбекистон Президенти Брюсселга ташриф буюриб, Европа Комиссияси Президенти ва НАТО Бош котиби билан учрашди.

НАТО билан ҳамкорлик тобора чуқурлашиб бормоқда, жорий йилда Тошкентда НАТОнинг минтақавий офиси очилди, НАТО 12078_w300_h200таркибида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган Европа Иттифоқи мамлакатлари билан иккитомонлама шартномалар имзоланди, Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги мавқеи юксалди. Бу натижаларда, албатта, Бахтиёр Ғуломовнинг хизмати катта.

Умуман, Владимир Норов (собиқ ташқи ишлар вазири) ва Бахтиёр Ғуломовларнинг Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга мамлакатларда дипмиссия раҳбарлари этиб тайинланиши бир қатор мақсадларни кўзлаши мумкин:

Биринчидан, Ўзбекистон истиқболда АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни янада ривожлантиришни хоҳламоқда. Чунки бу йўналишдаги ҳамкорлик Афғонистонда иқтисодий-ижтимоий тикланиш ишларини мувофиқлаштириш, мавжуд таҳдидларга қарши курашишда айни муддаодир.

Иккинчидан, Ўзбекистон Афғонистонни тиклаш ишларида фаол иштирок этмоқда. Темир йўл, электр энергияси ва коммуникация тармоқларини қуриш, саноат маҳсулотлари экспорти, Афғонистон халқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлашга қаратилган лойиҳаларда қатнашмоқда, бу йўналишда ишлар истиқболда ҳам жадаллашади. Бу, шубҳасиз, катта сармоя дегани. Шу боис Ўзбекистон асосий донорлар (АҚШ ва Европа Иттифоқи) билан ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор.

Учинчидан, сўнгги йиллардаги Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни яхши бир ҳолатда деб бўлмайди. Айниқса, охирги пайтларда рус оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонга нисбатан кенг миқёсда ахборот хуружи олиб борилмоқда. Муҳим жиҳати, истиқболда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожи қай ҳолда давом этиши қоронғу. Албатта, икки давлат раҳбарияти муносабатларни ўта кескинлаштирмасликка интилади. Аммо Россиянинг Афғонистон бўйича позицияси Ўзбекистонни қаноатлантиради, деб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Ғарб билан алоқаларни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш чораларини кўриши турган гап. Буни, айниқса, Бахтиёр Ғуломов ва Владимир Норовлар иккита муҳим йўналишдаги давлатларга элчи сифатида юборилиши ҳам тасдиқлайди.

Мурод ҒОФУРОВ.