Гаражи бузиб ташланганларга бепул жой берилади

avtostoyankiiЎзбекистонда Ҳукумат қарори билан Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташқил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом адлия вазирлигининг lex.uz интернет порталида эълон қилинди.

Унга кўра, автомобиллар тўхташ жойи деганда автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган бино, иншоот (бино, иншоотнинг бир қисми) ёки махсус очиқ майдон; ёпиқ турдаги автомобиллар тўхташ жойи — ташқи девор билан тўсилган ер устидаги автомобиллар тўхташ жойи, шунингдек, ер остидаги ҳамда атрофи ўралган — ярми ер остида, ярми ер устида жойлашган автомобиллар тўхташ жойи; очиқ турдаги автомобиллар тўхташ жойи — ташқи девор билан тўсилмаган ер устидаги автомобиллар тўхташ жойи, шунингдек очиқ иншоот, ҳеч бўлмаганда, икки қарама-қарши томоннинг анча жойи очиқ бўлган иншоот тушунилади.

Низомга кўра, автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари автомобиллар тўхташ жойларида фақат юридик шахслар томонидан кўрсатилади. Ер участкаларини бериш масалалари бўйича қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек, объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туман (шахар) ҳокими томонидан қабул қилинади.

Автомототранспорт воситаларини доимий ёки вақтинча сақлаш хизматлари кўрсатиш учун ер участкаларини ижарага (субижарага) беришга йўл қўйилмайди.

Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

қаттиқ қоплама, ёритиш, ахлатни тўплаш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситалар, қаттиқ шатаклар ва шатакка олувчи тросслар мавжудлиги;

йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларини таъминлайдиган ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойларнинг мавжудлиги;

худуд тўсилган бўлиши ёхуд кириш (чиқиш) учун махсус ажратилган жойни айланиб ўтиб ҳудудга эркин кириш (ундан чиқиш) имконини бермайдиган бошқа тўсиқларга эга бўлиши;

автомототранспорт воситаларининг эркин кириши (чиқиши)ни истисно этувчи шлагбаум (ёки бошқа қурилма) мавжудлиги;

агар бир неча қаторларда автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш имконияти мавжуд бўлса, ҳудуд ичида автомототранспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун ажратилган полосалар мавжудлиги;

кириш (чиқиш) учун ажратилган жойда назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси) бўлиши керак;

автомототранспорт воситаларини жойлаштириш тегишли схемасининг мавжудлиги;

автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, иш режими, телефон рақами кўрсатилган «Пулли автомобиллар тўхташ жойи» лавҳаси мавжудлиги;

ногиронларнинг автомототранспорт воситалари учун махсус жиҳозланган камида иккита жой мавжудлиги.

Автомототранспорт воситасини доимий сақлаш учун расмийлаштириш ёзма шартнома тузиш йўли билан амалга оширилади, унда бириктирилган жой кўрсатилади.

Автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинасига ва пластик карточкалардан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалига эга бўлишлари керак.

Автомототранспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тулов автомототранспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар томонидан белгиланадиган тарифлар, лекин халк депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгаши томонидан хизматларнинг ушбу тури учун белгиланган тўловнинг чекланган миқдоридан юқори бўлмаган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Уйлар ёнидаги ҳудудда, ушбу ҳудудларнинг ободонлаштириш элементлари билан таъминланганлик норматив талабларига риоя этилганда, шунингдек уй-жойларнинг деразаларидан норматив бўйича узоклиққа қатъий риоя қилинганда автомототранспорт воситаларини доимий сақлаш учун ёпиқ турдаги ва очиқ турдаги автомобиль тўхташ жойларини жойлаштиришга рухсат этилади.

Автомототранспорт воситалари эгаларининг якка тартибдаги гаражлари бузиб ташланган тақдирда уларга автомобиль воситаларини доимий сақлаш бўйича уй-жой мавзеларидаги бузиб ташланган якка тартибдаги гаражлар ўрнида ташкил этиладиган автомобиль тўхташ жойида доимий равишда бепул биркитилган жой берилади.