The Washington Post газетаси сотилди

washingtonpostДунёдаги энг йирик онлайн-дўкон Amazon мулкдори Америкадаги энг машҳур нашрлардан бири, 80 йил давомида Грэмлар хонадонига тегишли бўлган The Washington Post газетасини 250 миллион долларга сотиб олди.

“Газета индустриясидаги барча маълум муаммолар бизни газетага кўпроқ фойда келтирадиган мулкдор ҳақида ўйлашга мажбур қилди”, деди The Washington Post бош директори.

Грэм хонадони The Washington Post холдинг таркибига кирадиган бир қатор тузилмаларни ўзларида сақлаб қолади.

“Уотергейт иши”ни ёритиш билан машҳур нашрга айланган The Washington Post АҚШдаги энг катта таъсирга эга нашрлардан бири сифатида қаралади. Аммо сўнгги йилларда нашр зарарга кириб бормоқда, боз устига газетани оммалаштириш бўйича кўрилган саъй-ҳаракатлар ҳам кўзланган натижани бермади.

The Washington Post нашри ёшлар орасида унчалик машҳур бўлмагани учун йилдан-йилга ўз тиражини йўқота бошлади.

Audited Media компаниясига кўра, The Washington Post АҚШдаги энг машҳур газеталар орасида еттинчи ўринда туради. Унинг адади 475 мингтани ташкил қилди, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,5 фоизга камдир.

Амазон раҳбари Жеффи Безос The Washington Post сайтида чоп этган очиқ хатида у таҳририят сиёсатига аралашмаслигини қайд этиб, айни пайтда газета “қадриятлари”ни ўзгартирмаслигини айтган.

Шунга қарамай Безос The Washington Postда яқин келажакда жиддий ўзгаришлар бўлишини айтиб ўтди. Бу ўзгаришлар интернет талаблари ва имкониятларидан келиб чиқиб, амалга оширилишини маълум қилди.

Шуни айтиш керакки, The Washington Post шу кунлардаги иккинчи бундай келишув ҳисобланади. Ўтган ҳафта The New York Times компанияси Boston Globe газетасини Boston Red Sox бейсбол жамоаси эгаси, миллиардер Жон Генрига 70 миллион долларга сотганлигини маълум қилган эди. The New York Times мазкур нашр учун 1993 йилда 1,1 миллиард доллар сарфлаган эди.

SHARE