Ўзбекистонда Бюджет кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди

    49fd2ef8061136bc194cc3a536814585Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси бюджет тизимининг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш ва Бюджет кодекси лойиҳаси муҳокамасини бошлаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Дастлаб Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, уларга қарашли ташкилотлар, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларнинг бошқармалари ва режалаштириш-молия бўлимлари раҳбарлари иштирокида ушбу масала муҳокама қилинган.

    Бюджет кодекси лойиҳасида бюджет тизими асослари, унинг тузилмаси, принциплари, ҳуқуқий муносабатлар, бюджет ваколатлари, бюджет жараёни ва бюджетлараро муносабатлар, давлатдан қарз олиш асослари, бюджет ҳисоби ва ҳисобдорлиги, бюджет ижросини назорат қилиш, бюджет қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

    Бюджет кодекси лойиҳаси икки асосий қонун – “Бюджет тизими тўғрисида»ги ва “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норма ва қоидаларига асослангани ҳамда у бевосита амал қилинадиган ҳужжат ҳисобланиши таъкидланди. Бу қонунчилик базаси ва ушбу ҳужжатни ҳуқуқий қўллаш тизими яхлитлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Шунингдек, бюджет жараёнини тартибга соладиган ягона қонун ҳужжатини ишлаб чиқишда прогноз қилиш, бюджет ижросини таъминлаш бўйича халқаро амалиётга мос услублар такомиллаштирилди.