Самарқандлик йўловчи самолётдаги “қилиқлари” учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди

photo_23186Самарқанд шаҳар транспорт прокуратураси терговчиси Қаҳҳоржон Муқумовнинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, самарқандлик Алишер Қурбонов самолётда кўрсатган “қилиқлари” учун суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Терговчининг ёзишича, Алишер Қурбонов Россия Федерациясида икки йил ишлагач, қишлоғига қайтмоқчи бўлди. Москванинг “Внуково” аэропортидан “Москва — Самарқанд” йўналиши бўйича чипта сотиб олади. Аэропортга рўйхатдан ўтиш учун келганида самолёт об-ҳаво ноқулайлиги боис учиш белгиланган вақтидан кечиктирилгани ҳақида эшитди. Бироз зериккан Алишер кутиш залидаги дўкондан бир литр ҳажмли виски спиртли ичимлигини сотиб олади. Шу ердаги тамаддихоналардан бирига кириб, оз-оздан ича бошлади. Бу пайтга учишга рухсат берилгани ҳақида эълон қилинди. Тахминан бир соатлар учгач, Алишер қўлига вискини олади.

 Алишер борт кузатувчиси ва бошқа ходимларнинг самолётда ичиш тақиқлангани ҳақидаги гапларига кўнмасдан, уларга буйсунишдан бўйин товлаб, ичишда давом этади. Вискини қарийб ичиб тугатган Алишер Қурбонов ўрнидан туриб, учувчилар хонасига киришга уринади, экипаж аъзолари бунга йўл қўймайди. Алишер барибир уларнинг гапига қулоқ солмай, бақир-чақир қилади, бошқа йўловчиларга ҳалақит беради. Экипаж аъзолари ундан тинчланишни, йўқса, жиддий чора кўришларини айтади. Бу огоҳлантириш унинг ғазабини уйғониб, у “мени тинч қўйинг, сумкамда бомба бор”, деб бақиради.

Самолёт Самарқандга қўнгач, милиция вакиллари уни ҳибсга олади. Унинг буюмлари текширилгач, ҳеч қандай портловчи модда йўқлиги аниқланади. Ишга судга ошади ва уч йил озодликдан маҳрум этилади.

SHARE