Америкалик комиксчи ўзбекистонлик карикатурачилар билан ижодий ҳамкорликда китоб чоп этди

VnM9Uv13757822385930_b
gazeta.uz/US Embassy in Tashkent

АҚШ элчихонаси америкалик комикс ёзувчи Пол Бенжамин ҳамда ўзбек рассомлари Ҳусан Содиқов ва Шавкат Музаффар ҳамкорликда тайёрлаган “Ўзбекистоннинг икки ривояти” номли китоб тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда “Даракчи” хабар тарқатди. 

 

Ўзбеклар орасида машҳур бўлиб кетган “Хонатлас” ва “Қирққиз” ривоятларини ўз ичига олган мазкур китоб Тошкентдаги “Ношир” нашриёти томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида босилган.

Элчихона тадбир давомида ўзбек рассомлари ривоятлар китоби учун махсус ишлаган 40 та суратнинг кўргазмасини ҳам ташкил қилди. Кўргазмада рассомлар 2012 йилдаги “Халқаро меҳмонлар дастури” доирасида АҚШга қилган сафари натижасида дунёга келган яна бошқа 40 та оқ-қора ва рангли суратлар ҳам намойиш этилмоқда.

“Ўзбекистон чуқур ва бой маданий тарихга эга бўлган мамлакат ва биз икки мамлакатлар маданиятини ўзаро тушуниш тобора чуқурлашиши ҳамда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар янада такомиллашишига умид билдирамиз”, деди тақдимот маросимида сўзга чиққан муваққат ишлар вакили Филип Кознет.

Ҳар иккала рассом Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси ҳамда “Олтин қалам” миллий танловининг ғолибидир. Пол Бенжамин “Нью-Йорк Таймс” газетасининг энг фаол, таниқли муаллифларидан биридир. У рафиқаси Ўзбекистонда дипломат бўлиб хизмат қилаётган пайтлрда Тошкентда яшаган.

SHARE