Суд электр қармоқ билан балиқ овлаган сирдарёликни жаримага тортди

989057Гулистонлик Илҳом Парпиев балиқ овлаш учун электр қармоғидан фойдалангани учун 12,2 миллион сўмлик жаримага тортилди.

Сирдарё тумани прокурори Баҳодир Эрматовнинг ёзишича, гулистонлик Илҳом Парпиевнинг нафси ҳакалак отиб, оиласи ҳали ёш ва кичик бўлишига қарамасдан на оддий қармоқ, на тўрга қаноатланмасдан тақиқланган ва шавқатсиз усул бўлган электр қармоқ билан ов қилишни ихтиёр этади.

“2013 йилнинг кеч қиши, аниқроғи, 25 ферваль куни соат тунги тўққиз-ўнлар атрофида шахсий машинасида  Сирдарё тумани Охунбобоев сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидан ўтадиган “Шўрўзак” каналаига балиқ овлаш учун йўлга чиқади”, деб ёзади прокурор.

Электр қармоқнинг ёмон жиҳати шундаки, қармоқ сувга солингандан кейин муайян ҳудуддаги балиқлар электр зарбидан ёппасига ҳалок бўлади. “Ўзи билан резина қайиқ олган Илҳом Парпиев электр зарбидан ўлиб, сув юзига қалқиб чиққан балиқларни териб, машинасига жойлай бошлайди. Сайхунобод тумани табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси вакиллари уни жиноят устида қўлга олади”, дейилади прокурорнинг “Миллий тикланиш” газетасидаги мақоласида.

Текшириш жараёнида унинг машинасидан 57 дона балиқ, иккита аккумулятор, электр қармоқ ва резина қайиқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилади.

Прокурорга кўра, Илҳом Парпиев ўз хатти-ҳаракати билан табиатга 12,2 миллион сўмлик зарар етказади.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича айб қўйилиб, овланган балиқ Меҳрибонлик уйига топширилади, суд ҳукми билан 12 256 860 сўм (Марказий банк курси бўйича 5830 доллар) зарар етказгани аниқланиб, моддий зарарнинг 7,9 миллиони қопланади, 4,3 миллиони Сирдарё вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳисобига ўтказилган.

SHARE