Нурсултон Назарбоев Эрон президенти Ҳасан Руҳоний инаугурациясида нега қатнашди?

03
Қозоғистон Президенти расмий веб-сайти

Маълумки, ўтган ҳафта Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний президент этиб сайлангани муносабати билан инаугурация маросими дунё жамоатчилигининг эътиборига тушди. Ушбу маросимнинг эътиборли жиҳати шундаки, 1979 йилги инқилобдан бери Эрон расмийлари биринчи марта чет эл давлатларидан вакилларни таклиф қилишди, айни пайтда ушбу жараённи имкон қадар очиқ бўлишига эътибор қаратишди.

Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан келган меҳмонлар 4 август куни Эрон парламентида йиғилишди. Президентнинг қасамёд маросимида 11 нафар президент, 8 нафар вице-президент, икки нафар бош вазир, уч нафар бош вазир ўринбосари, етти нафар парламент спикери, 11 нафар ташқи ишлар вазири қатнашди.

829703
ИТАР-ТАСС

Нурсултон Назарбоев Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди. Улар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштириш, икки давлат ўртасида темир йўл линиясини тортиш каби муҳим мавзуларда мулоқот қилишди. Қолаверса, томонлар Эрон ядровий дастури бўйича музокара ўтказишган.

Хўш, Нурсултон Назарбоевнинг Эронга ташрифидан кўзланган мақсад нима, у шунчаки расмий протокол тадбири эдими?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дониёр Ашимбоевнинг фикрича, учрашув шунчаки расмиятчилик тадбири бўлиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун ўта муҳим аҳамият касб этмайди.

“Эрон ва Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ, қолаверса, Эрон йирик иқтисодий шерик ҳисобланади. Шу боис инаугурация тадбирига келиш таклифини рад қилишнинг маъноси йўқ эди”, дейди у. У икки давлат ўртасида фақат Каспий денгизини тақсимлаш масаласида турли қараш бор, бу йигирма йиллик масала, бугунги кун учун долзарб эмас, деб қўшимча қилади.

Россиялик экспертларнинг фикрича, Нурсултон Назарбоевнинг Теҳрон сафари муҳим аҳамиятга эга тадбир ҳисобланади. Новосибирск университети профессори Владимир Пластуннинг айтишича, ҳар қандай давлат раҳбарининг у ёки бу давлат президенти инаугурациясида қатнашиши замирида катта сиёсий мақсад ётади. Яъни у ушбу мамлакат билан иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдорлигини намойиш этишни истайди. “Икки давлат жуда яқин алоқада, дейишдан йироқман. Лекин охирги янгиликлар икки давлатнинг бир-бирига интилишини кўрсатади”, дейди у.

Россия Фанлар академияси аъзоси Александр Князев фикрича, Нурсултон Назарбоевнинг Эрон президенти инаугурациясида қатнашиши қозоқ дипломатиясининг самарадорлигидан далолат беради. Унинг наздида, бу расмий Астана ташқи сиёсатининг кўп қиррали эканлигини кўрсатади.

В. Путин Руҳоний билан учрашуви юз бермаганини кўпчилик ҳар хил баҳоламоқда. (Бу ҳақда “Ватандош” ёзган эди). Кўпчиликнинг фикрича, Путин сентябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити олдидан Ғарбнинг “асабига тегмасликни” хоҳлаган бўлса, Нурсултон Назарбоев бу борада ўзига ишонч билан ҳаракат қила олди.

829703 (1)
ИТАР-ТАСС

Шарҳловчимиз Мурод Ғофуровнинг фикрича, Нурсултон Назарбоевнинг Теҳронга ташриф буюришига баҳо бераётганда, айрим жиҳатларни инобатга олиш лозим.

Аввало, Эронга нисбатан халқаро миқёсда иқтисодий, сиёсий санкциялар қўлланилмоқда. Эрон билан яқин бўлган давлатларга, ўз навбатида, Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситалари томонидан “мағзава” ағдарилмоқда. Россия, Хитой, Сурия ва Лотин Америкасидаги айрим давлатлар бунга яққол мисолдир. Мана шундай шароитда Эронга ташриф буюриш, албатта, турли саволларни туғдиради.

Иккинчидан, Эроннинг олий раҳбарияти, хусусан, Аятулло Ҳомайний Ғарбга Эрон ядровий дастури бўйича ижобий “сигналлар” юбормоқда.  Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё минтақасида ўзини лидер сифатида кўрсатишга уринаётган шахслардан бири. Назарбоев ва унинг маслаҳатчилари Эрон ядровий дастури бўйича музокара баҳсларида ўз ташаббускорлигини намойиш этиш нияти ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки Эрон ядровий дастури бўйича “5+1” музокаралар йўли орқали халқаро миқёсда “очко” ишлаши мумкин. Чунки апрель ойида ҳам Алматида “5-1” давлатларнинг учрашуви бўлиб ўтган эди. Аммо Нурсултон Назарбоевнинг бу ташаббуси кўпроқ АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Эрон раҳбарияти кайфиятига боғлиқдир. Шу боис уни амалга ошириш жуда мушкул вазифа. Лекин нима бўлганда ҳам, Қозоғистон раҳбари бу ғоя бўйича етарлича маълумотга эга.

Учинчидан, Россия ва Эрон президентларининг учрашиши мумкинлиги ҳақидаги хабар дунё ОАВ томонидан кенг муҳокама қилинди. Гарчи Россия Эрон билан стратегик жиҳатдан ҳамкорлик қилиб келса-да, Эроннинг “қалин оға”си бўлишни кўп ҳам истамайди. Чунки, аввало, Эрон ислом давлати, қолаверса, унинг тутаётган йўллари, масалан, ядровий дастури ва “антиғарб” сиёсатига қарши чиқмаса-да, унга мойиллик билдира олмайди. Путиннинг Теҳронга ташрифи Эронга қўшимча дастак бўлиши мумкин эди. Шу боис Қозоғистон президенти Россия билан келишган ҳолда иш юритган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки сир эмас, шу йил сентябрь ойида ШҲТ саммити бўлиб ўтади. Моҳиятига кўра, англо-саксон тузумига қарши иш тутадиган мазкур тузилмага аъзо бўлиш анча мураккаб иш. Эрон эса неча йилки, мазкур ташкилотга аъзо бўлишга интилиб келади. Путин ва Назарбоев ўзаро эҳтиёткорлик чораси сифатида йўл тутган бўлиши ҳам мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Нурсултон Назарбоевнинг Теҳронга ташрифини шунчаки расмий тадбирда қатнашиш истаги сифатида қабул қилиб бўлмайди.