Ўзбекистонда кун мавзусига айланган хабарлар

    “Ватандош” сайти Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларида, хусусан, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинган мавзуларни ёдга олади.

     

    Ўзбекистоннинг “Дунё гўзали” танловидаги илк вакиласи

     240713_Uzbekistan_01

    Бугун қарийб барча интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонлик Раҳима Ғаниеванинг “Дунё гўзали” “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақасида иштирок этиши кенг ўқилди ва оммавий муҳокама қилинди.

    Мазкур гўзаллик танлови сайтида айтилишича, Раҳима жорий йилнинг 20 июлида Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлган.

    “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақаси бўлиб, 1951 йили Буюк Британияда ташкил топган. Анъанага кўра, “дунё гўзали” бўлган қиз бир йил Лондонда яшайди ва турли хайрия, шоу тадбирларида қатнашади. 2012 йилда хитойлик Юй Вэнься ғолиб бўлган.

     

    Автосалон олдида узундан-узун навбат ҳосил бўлган

     

    "Роҳат" автосалони олдида юзага келган навбат © twitter.com/alligarhmen/kun.uz
    “Роҳат” автосалони олдида юзага келган навбат © twitter.com/alligarhmen/kun.uz

    Тошкент шаҳри чеккасида жойлашган «Роҳат» автосалони олдида катта навбат юзага келган. Kun.uz сайти UZ24 интернет-нашрига таяниб, хабар берди.

    Бу мавзу ижтимоий тармоқларнинг ҳам бош мавзусига айланди. Автосалондан автомобиль сотиб олиш мақсадида 200га яқин киши навбатга турган.

    Интернет нашри Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг нархи ошганлигини маълум қилади.

    “Июль ойида GM Uzbekistan компанияси ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархини оширганди. Жумладан, Damas нархи 25,2 фоизга, Matiz – комплектациясига қараб – 16 фоиздан 28,1 фоизгача, Nexia – 16 фоиздан 26,4 фоизгача, Spark – 16 фоизга, Lacetti – 22,6 фоизга, Captiva – 7,5 фоизга, Cobalt – 7,4 фоизга, Malibu эса 12 фоизга қимматлашган”, деб ёзади.

    Шунга кўра, комплектациясига қараб, Damas 25,050 миллион сўмдан 26,783 миллион сўмгача, Matiz 21,823 миллион сўмдан 22,490 миллион сўмгача, Spark 27,937 миллион сўмдан 32,598 миллион сўмгача, Captiva 93,001 миллион сўмга, Nexia 28,218 миллион сўмдан 35,758 миллион сўмгача, Lacceti 44,393 миллион сўмдан 58,725 миллион сўмгача, Malibu эса 88,682 миллион сўмдан 99,75 миллион сўмгача бўлган нархларда сотилади.

    Кейинроқ, Olam.Uz интернет-нашри «Роҳат» автосалонида юзага келган тиқилинч тасвирланган видеони жойлаштирди.

     

    Интиқиб кутилган Рамазон ҳайити

    12

    Ўзбекистонлик рўзадорлар дунёда Рамазон ҳайитининг биринчи куни қайси кунга тўғри келишини ҳаммадан охири билган бўлса керак.

    Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ўзбекистонликлар интиқиб кутишди. Шу боис “Ватандош” ҳам уни ижтимоий тармоқлар асосида сайтга жойлаштиришни маъқул деб топди.

    Ўзбекистон мусулмонлар идораси уламолар ҳайъати Рамазон ҳайитининг биринчи куни 9 август, жума кунига тўғри келиши тўғрисида қарор қабул қилган.

    Шу маносабат билан Ўзбекистон Республикасининг қарори эълон қилинди. Ҳайит намози Ўзбекистонда жума куни ўқилади.

    Америкадаги ҳамюртларимиз эса Рамазон ҳайитининг биринчи кунини шу йилнинг 8 август — пайшанба куни нишонлашади.

     

    Андижонда янги кўчалар очилди

     

    UzA/Хурсандбек Араббоев
    UzA/Хурсандбек Араббоев

    ЎзАнинг айни кунларда Андижонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тарқатган хабари ҳам интернет сайтларида кенг ёритилди.

    Унга кўра, шаҳарнинг Алишер Навоий шоҳкўчаси, Ўзбекистон, Бобуршоҳ кўчалари ва яна 14 кўчада қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарнинг бош кўчаси – Навоий шоҳкўчасида кўп қаватли 16 уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, мустақиллик байрами арафасида унинг олтитаси фойдаланишга топширилади. Миллий тикланиш ва Истиқлол кўчаларида бунёдкорлик ишлари якунига етди.

    “Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллик шодиёналари арафасида Андижон шаҳридаги ана шу кўчаларнинг очилишига бағишланган тадбирлар халқ сайлига айланиб кетди”, деб ёзади ЎзА.

    – Ёшим етмишдан ошди, – дейди меҳнат фахрийси Одилжон Деҳқонов. – Очиғи, шаҳардаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақл шошади. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш.

    Кўчалар бўйидаги 94 объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. 80 савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қисқа муддатларда умумий қиймати 126 миллиард сўмлик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

    Шаҳарнинг бош режасига асосан Сайлгоҳ бўлиши режалаштирилган 750 метрли Истиқлол кўчасида 60 дан ортиқ бино барпо этилди. Мазкур кўчада қад ростлаётган ҳар бир бино ўзига хос меъморчилик лойиҳаси асосида қурилаётгани эътиборга молик. Айниқса, турли кўринишдаги катта-кичик фавворалар кўзни қувонтиради.

    Шов-шув.ўз сайтининг ёзишича, ушбу очилиш маросимида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

    SHARE