Франция олий ўқув юртларига ҳижобда қатнаш тақиқланиши мумкин

1366464830_6091

Франция ҳукумати олий ўқув юртларида ҳижоб тақишни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Бундан аввал француз ҳукуматининг ушбу масалада қилган саъй-ҳаракати мамлакатда жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлиб, оммавий тартибсизликларга олиб келган эди.

Франциянинг Интеграция масалалари бўйича миллий кенгаши олий ўқув юртларининг “дунёвий характерда бўлиши” ва “диний бетарафлиги”ни қўллаб-қувватлашга қаратилган 12 банддан иборат дастурни ишлаб чиқди. Унга кўра, агар ислоҳотларни кўзда тутадиган мазкур ҳужжат парламент томонидан қабул қилинадиган бўлса, мусулмон қизлар олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказларига ҳижоб ва бошқа диний кийимларда қатнай олмайди.

Францияда дунёвий давлат принциплари 1789 йилги Буюк Франция инқилобидан кейин ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, жамият ҳаётининг кўплаб жабҳаларида динга нисбатан чеклов қўйилган. Масалан, қонун билан мактабларда диний тимсолларни очиқчасига тақиш тақиқланган. 2010 йилда жамоат жойларида паранжи кийишни тақиқлаш ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши жамиятда кескин мубоҳасаларга сабаб бўлиб, мусулмонлар жамиятидан кескин қаршиликка учраган эди. Қонун 2011 йилда кучга кирган бўлса-да, полиция вакилининг Трапп шаҳрида паранжи кийган аёлнинг ҳужжатларини текшириш ҳақиқий тартибсизларга йўл очди.

Янги ташаббусга кўра, олий ўқув юртларида диний тимсол бўлган буюмларни тақиш ва кийиш тақиқланади. Ҳижоб билан қаторда, яҳудийларнинг бош кийими, хочлар ҳам бу қонун таъсир доирасига тушади.

SHARE