Ўзбекистонлик журналист қўшиқчилардан “гот” ва “эмо”лар мансуб бўлган субмаданиятни тарғиб қилмасликни сўради

2b0e7c_d6fe

“— Лоланинг янги қўшиғи зўр чиқибди-а, — деб кичик синглим экранга яқинроқ жойлашиб олди. Овозини баландлатганидан нариги хонадаги жияним ҳам югурим келиб, маҳлиё бўлган ҳолда клипни томоша қила бошлади”, деб ёзади “Маърифат” газетаси мухбири Соҳиба Муллаева. (Лола Йўлдошеванинг “Love me” қўшиғи — “Ватандош” )

Журналистнинг ёзишича, ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги бу ўспиринлар асл қўшиқ деганда, афсуски, ана шундай “мусиқий асарлар”ни тушунмоқда.

Муаллиф қўшиқ матнига эътиборни жалб қилади: “Ҳеч ким тушунмайди, бизни тушунмайди. Бир-биримизни, телбаларча иккимизни ҳеч ким тушунмайди… Love me, Love me…”

Муаллиф сўнг эътиборни клипга қаратади: европача русумда кийиниб олган ўспирин йигит-қиз бир-бирига кўнгил қўяди. Қолган ўртоқлари бошларини силкитганча “Love me” нақоратини такрорлайди. Тунги дискотека, шовқин-сурон, мастлик, шўхлик авжига чиққан. Саҳнада хонанда сочларини тўзғитиб олиб, чарм кийимда жазавага тушганча қўшиқ куйлайди. Севишганлар ярим кечаси дискотекаларда ўйин-кулгу қилади…

Шундай таърифдан сўнг журналист савол қўяди: “Бу таърифлар сизга нималарнидир эслатмаяптими? Ўзбек қизининг тунги кўнгилочар жойларда санғиб юриши менталитетимизга тўғри келадими?”. “Шуларни ўйлаб туриб, нафасим бўғилиб кетди. Тоза ҳаво илинжида кўчага отилдим…”, дея фиғон қилади муаллиф. Муаллиф кўчада ҳам ёшлар ушбу қўшиқни эшитаётганини кўриб, баттар сиқилади.

Таъби хира бўлиб, журналист “ижтимоий сайтлар”ни титкилаб кўради. “Эҳ-ҳе! Ёшлар қўшиққа ёппасига ижобий фикр билдиришган”, дейди у.

Журналист бу мулоҳаза орқали бирор санъаткор ижодини қораламоқчи, камчиликларини пеш қилмоқчи эмаслигини айтади. “Шунчаки, улар у ижоди билан қаерга кетаётганларини, ўз халқи ёшларини қай манзилга етаклаётганини билмоқчиман, холос”, дейди у.

“Субмаданиятлар, уларнинг жамиятдаги фаолияти тўғрисида озми-кўпми тушунчага эга бўлган ҳар бир шахс бу саволни бериши керак. Ахир, Love me субмаданиятлар тарғиботи-ку?!”, дейди муаллиф.

Муаллиф мақолада готлар, уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ёзади. “(Готлар) ўз халқи маданиятини рад қилиб, “ўзини тушунадиганлар маданияти”га риоя этишади”, дея бугунги айрим санъаткорлар фаолиятини улар билан муқояса қилади.

Субмаданиятнинг яна бир кўриниши  — “эмо”лар ҳақида фикр юритиб, уларда  “тушкунликка берилиш, бахтиёр одамларни рад этиш, ўзини омадсиз ҳисоблаш етакчилик қилади”, дейди муаллиф. Журналистнинг фикрича, “бу икки субмаданият замирида мусиқий услуб, оқимлар ётади”.  Журналист “Бу маданият тарғиботчилари ёшлар кўнглига мусиқа, клип орқали йўл қидирмоқда. Шундай экан, айрим ўзбек хонандалари ўша тарғиботчиларга ёрдам қўлини чўзиб қўйишмаяптимикан?”, дея хулоса чиқаришни ўқувчи ихтиёрига қолдиради.