Етти юлдузли меҳмонхоналар: тилла суви югуртирилган iPadдан вертолётгача

raffles-dubai_ph_alb_311020101951

Яқинда Бирлашган Араб Амирлигидаги амалдаги сулола аъзоси шайх Манна ал-Мақтум ўзининг Дубайдаги етти юлдузли меҳмонхона-қароргоҳидаги номерларни ижарага қўйди. 14 қаватли бинонинг ҳар бир қаватидан номер буюртма қилиш мумкин. Шуни айтиш керакки, шайхнинг мазкур эҳромсифат қароргоҳи етти юлдузли меҳмонхона мақомига эга.

Хўш, етти юлдузли меҳмонхона қандай ўзига хос жиҳатларга эга?

Raffles Dubai номини олган мазкур меҳмонхонада шайхнинг ҳар бир меҳмони алоҳида лифтдан фойдаланади. Лифт лоббидан бошланиб, тўғри номердан чиқади. Бундан ташқари, ушбу номер эгаларига алоҳида швейцар, ошпаз, ҳайдовчи ҳамда парикмахер бириктирилган бўлади. Унда бир сутка туриш ўртача 25 минг долларга айланади.

Айтишларича, шайх кўп қаватли биноларни унча хушламас экан. Умуман, шарқшуносларнинг фикрича, Форс кўрфази аҳолиси алоҳида уйларда, яъни якка тартибдаги тураржойда — виллаларда туришни афзал кўришади. Бу, уларнинг фикрича, арабларнинг ерга яқин яшаши, бадавийлик турмуш тарзи билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Raffles Dubaiнинг экслюзив жиҳати, унинг тилла суви югуртирилган iPadларидир. У ҳар бир меҳмонга тақдим этилади. Шуни айтиш керакки, бундай “нодир” буюмни ана шундай юқори мартабага эга меҳмонхоналар ўйлаб топишга ҳаракат қилишади. Масалан, Emirates Palaceда меҳмонларга олтин ёмбиларини харид қилиш таклиф қилинади. Бундай қимматбаҳо металлар одатдаги автоматларда сотилади. Автомат “Gold To Go”, яъни содда қилиб айтганда, “мозорбости” совғалар ҳисобланади.

Мазкур автомат яратувчиси Томас Гейслернинг айтишича, олтин харид қилинаётган пайтдаги сўнгги халқаро нарх асосида сотилади. Уни бошқа воситалар орқали ҳам текшириб кўриш мумкин. Бу олтиннинг ҳаддан ташқари қимматлиги ёки бошқа шубҳаларга барҳам беради. Ҳар бир олтин ёмбиси 24 каратни ташкил қилиб,  Германия ёки Швейцарияда ишлаб чиқарилган.

Айтишларича, бутун дунёда 6 та етти юлдузли меҳмонхона бор. Улардан учтаси Бирлашган Араб Амирлигида, биттаси — Миланда, қолгани Покистон ва Хитойда жойлашган. Миландаги меҳмонхона ўз меҳмонларига Bentley тақдим этади.

Сўнгги маълумотларга кўра, етти юлдузли меҳмонхоналарнинг навбатдаси Испанияда пайдо бўлиши кутилмоқда. Ушбу меҳмонхона ўз меҳмонларига шахсий вертолётлар тақдим этади.