Экспертлар: «АҚШ Афғонистон масаласида Ўзбекистон таклифлари асосида иш юритмоқда»

130730-A-M9652-018-001

Маълумки, келаси йил Афғонистондан НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар чиқиб кетади. Бироқ, муаммо шундаки,  толибонлар ҳаракати тўлиқ йўқ қилинмади, балки улар шу кунларда яна жонланиб, фаоллашиб қолди.

Яқинда Покистон оммавий ахборот воситалари «Толибон»нинг Қатардаги ваколатхонасини бошқа ҳудудга кўчириш бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақида хабар тарқатди. Покистонга кутилмаганда ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Афғонистонда тинчликка эришишда толибонлар билан мулоқотга киришиш асосий мавзу бўлгани айтилмоқда. Ҳозирги кунда АҚШ вакиллари толибонларнинг янги офисини очиш бўйича таклифларни кўриб чиқмоқда, деб хабар беради afganistan.ru сайти.

Америкалик дипломатлар толибонлар лидерлари ҳамда Ҳамид Карзай ҳукуматини музокара столига келтириш борасида анча вақтдан бери иш олиб бормоқда. Бундан аввалроқ, АҚШ ҳукуматининг Қатарда толибонлар расмийлари билан мулоқоти Афғонистон президенти Ҳамид Карзай талаби билан йўққа чиққан эди. У бу масалада АҚШ маъмуриятига жиддий эътироз билдирган эди.

Ҳамид Карзайнинг фикрича, у Афғонистон халқи сайлаган ягона қонуний вакил бўлиб, толибонлар билан мулоқот мантиқсиз ва афғон халқи хоҳишларига зиддир.

Аммо халқаро ҳамжамият Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда толибонлар ҳам иштирок этиши кераклигини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳам айнан «6+3» мулоқот гуруҳи орқали Афғонистон масаласида асосий «ўйинчилар» қўшни мамлакатлар, шунингдек, АҚШ, Россия ва НАТО якдил позицияга келиши кераклигини қайд этиб келади.

Ўзбекистон Президенти 2013 йил 9 майда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида  Афғонистондаги мавжуд ўта оғир ва таҳликали бир вазиятда АҚШ ва Европа давлатларининг ISEF, яъни тинчлик ўрнатиш кучлари деб ном олган ҳарбий қўшинларининг 2014 йилнинг охиригача ушбу мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши билан Афғонистонда ўзаро қарама-қарши кучлар ўртасидаги курашнинг авжига чиқиши, террорчилик, қурол-яроғ савдоси, наркотрафик, турли диний, миллатлараро низоларнинг кучайиб, фуқаролар урушининг яна қайтадан бошланиш хавфи ортишини айтганди.

Президент Ислом Каримов афғон можаросини бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл бўлиб, қанчалар қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келиш экани тобора ўз тасдиғини топаётганлигини таъкидлади. Ўзбекистонга кўра, айни шу аснода вақтинчалик ҳукумат тузиш, сайловлар ўтказиш зарур.

Ўзбекистонлик экспертларнинг фикрича, сўнгги воқеалар ривожи Ўзбекистон Президентининг таклифи асосида ривожланаётганини кўрсатади. Америкалик ҳарбий стратеглар толибонларга оммавий амнистия бериш орқали уларнинг афғон жамиятига мослашуви ва манфаатлари ҳукуматни шакллантиришда инобатга олиниши масаласида бош қотирмоқда.

Толибонлар ҳам, ўз навбатида, ўз ғояларига содиқ қолишни айтган ҳолда, ҳокимиятни ағдариш учун курашмаслигини маълум қилган.

Афғон толиблари етакчиси унинг жангчилари мамлакатни охирги хориж аскари тарк этмагунича курашишда давом этишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, толиблар афғон халқи билан «ислом тамойилларига асосланган ва ўзига барча кучларни бирлаштириган ҳукуматн»и шакллантириш мақсадида ўзаро тушуниш йўлларини излашга интилади. Буларнинг барчаси томонларнинг музокаралар столига келиш эҳтимоли ортаётганини кўрсатади.

Шуни айтиш керакки, BBC тарқатган хабарда келтирилишча, кеча толиблар Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилганини рад этишган. Уларнинг айтишича, бу Ғарбнинг тарғиботи бўлиб, Афғонистон ҳукумати ҳамда Ғарб мамлакатлари шу йўл орқали ўз мағлубиятини яширишга уринмоқда.