Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги овқатдан заҳарланишдан огоҳлантирмоқда

1257177153_b1Овқатдан заҳарланиш – бугун инсониятнинг глобал муаммоларидан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув истеъмол қилиш оқибатида икки юзга яқин хасталик вужудга келади. Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шаклларидан бири ботулизмдир.

Бу хасталик оғир кечиши, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши боис мазкур муаммога қарши жиддий курашиш давр талабига айланмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида жойларда кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишлари, ўқув- машғулотлар ташкил этилмоқда.

«Жорий йилнинг ўтган даврида икки юздан ортиқ маҳаллада шу мавзуда учрашув ва суҳбатлар ўтказилди. Уларда иштирокчиларга тўғри овқатланиш қоидалари, ботулизм ва бошқа ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар берилди, қўлланмалар ва буклетлар тарқатилди, бир неча махсус ўқув-тактик машғулотлар ўтказилди”, дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя этиш, сифати кафолатланмаган озиқ-овқат ва ичимликларни истеъмол қилмаслик, сотиб олинаётган истеъмол маҳсулотларининг сифатига алоҳида эътибор қаратиш – ботулизмга қарши курашнинг энг мақбул йўли. Ҳар бир инсон ўз соғлигига масъулият билан ёндашса, бундай муаммолар юзага келиши кескин камаяди.

SHARE