Америкалик олимлар Ўзбекистонда термитга қарши яратилган ишланмага юқори баҳо беришган

    zuk_termit

    Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти олимлари термитларга қарши курашнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида бош қотиришмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беради.

    – Термитларнинг фанда уч мингга яқин тури мавжуд, – дейди Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ҳузуридаги Республика термитларга қарши кураш маркази директори, биология фанлари доктори, профессор Оловиддин Ҳамроев. – Иссиқ ўлкаларда яшайдиган бу ҳашаротлар тупроқда йиғилган ўсимлик қолдиқлари ва бошқа чиқиндилар билан озиқланади ва экотизимлар барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Ўтган асрларда катта-катта чўл ҳудудларнинг ўзлаштирилиши термитларнинг тури ва яшаш жойини ўзгартириб юборди. Натижада бу жонзотлар одамлар яшайдиган жойларга, айниқса, тарихий обидаларга кўчиб ўта бошлади.

    Хабарда айтилишича, кўплаб глобал экологик муаммолар каби бу жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти. Бу ҳашаротлар, айниқса, тарихий обидаларимизга катта зиён етказмоқда. Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, Хивадаги қирққа яқин тарихий обида, юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги ўттиз мингга яқин уй-жой термитлар билан зарарланган. Термитларга қарши кураш ишлари ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан бошланган. Бироқ, у даврда кимёвий усуллар қўллангани атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зиён етказди. Қолаверса, у пайтларда термитларнинг экологияси, биологияси деярли ўрганилмаган эди.

    ЎзА мухбирининг ёзишича, термитлар ташқи таъсирларга чидамли ва тез кўпайиш хусусиятига эга. Ўзбекистонда уларнинг икки тури учрайди. Улар жамоа бўлиб яшайди ва 10-15 йил умр кўради. Термит бир дақиқада ўттиз, бир кунда қирқ уч мингтагача тухум қўяди. Бундай ҳашаротларга қарши курашда ана шундай жиддий жиҳатларни мукаммал ўрганмасдан бирор натижага эришиш мушкул эди.

    “Олимларимиз томонидан ушбу ҳашаротлар кўп истеъмол қиладиган қирққа яқин ўсимлик турлари чуқур ўрганилиб, синовдан ўтказилди. Бунинг натижасида термитларнинг энг хушхўр озуқаси бўлган кунгабоқар поясига юртимизда кўп учрайдиган Марокаш чигирткасидан олинган штамм аралаштирилиб, капсулаланган биологик хўрак тайёрланди. Бу препарат билан Хоразм ва Жиззах вилоятидаги термитлардан зарарланган иншоотларга ишлов берилганда, яхши натижага эришилди», дейилади хабарда.

    Ушбу самарадор технология 2009 йилда Тошкентда ўтган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида атроф-муҳит ҳимояси соҳасидаги энг яхши инновацион ишланма, деб топилди.

    Хабарда келтирилишича, бундай препаратлар дастлаб қўлда тайёрланар эди. Бугунги кунда махсус мослама яратилиб, давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Унда кунига уч минг донадан зиёд препарат ишлаб чиқарилмоқда. Уни етказиб бериш бўйича жойлардаги дезинфекциялаш станциялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олимлар ва мутахассислар пойтахтимиздаги “Агромаш” заводида ишлаб чиқариш жараёнини янада такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқдалар.

    “Глобал экологик муаммонинг ечимига хизмат қилаётган ушбу экологик соф ишланма хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чет давлатлардан бу препаратни сотиб олиш борасида кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Бу ихтиро билан танишиш мақсадида АҚШдан бир гуруҳ олимлар ва мутахассислар мамлакатимизга келди. Уларнинг фикрича, олимларимиз яратган заҳарли емхўракнинг дунёда муқобили йўқ, ҳар жиҳатдан самарали ва арзон воситадир. Уни амалиётга кенг жорий этиш экологик муаммолар ечими йўлида муҳим қадам бўлади”, дейилади.

    Термитларга қарши курашда қурилиш жараёнида бундай зараркунандаларга чидамли ёғочлардан фойдаланиш ҳам муҳимдир. Бу йўналишда ўттиз икки дарахт тури синовдан ўтказилди. Маълум бўлишича, уй-жой қурилишида ишлатиладиган оқ тол, мирзатерак, оқ терак, садақайрағоч, каштан ва чинор каби дарахтлар ёғочи термитлар хуружига чидаши қийинроқ. Оқ акас, сариқ акас, Зарафшон арчаси, қизил арча, виргин арчаси, қарағай, япон сафораси каби дарахтларга эса бу ҳашаротлар умуман зарар етказа олмайди.

    SHARE