Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларга кофе ва какоа харид қилишга рухсат берилди

1373710931_altaynewskz_1Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари тасдиқланди.

Янги қоидалар эскисидан бир қатор жиҳатлари билан фарқ қилади, деб хабар беради uz24.uz сайти.

У Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида маромига етказилган. Чунончи, янги Қоидаларда:

а) маҳкумларнинг диний расм-русумларни адо этиши ҳамда уларнинг фуқаролик-ҳуқуқий ва оилавий муносабатларда иштирок этиши;

б) озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур нарсаларни сотиб олиши, посилка, йўқлов, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда юбориш;

в) маҳкумларнинг учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувлари;

г) айрим тоифадаги маҳкумлар томонидан жазони ўташнинг ўзига хос хусусиятлари;

д) маҳкумлар меҳнатини ташкил қилиш ва бошқа масалалар.

Янги қоидаларга кўра, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Маҳкумларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиши билан боғлиқ учрашувлари сони уларга учрашувлар берилишида ҳисобга олинмайди.

Маҳкумлар, агар қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ҳамда бошқа оилавий муносабатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Никоҳни қайд этиш жараёнида никоҳга кирувчилар томонидан таклиф этилган шахсларнинг умумий сони икки кишидан ортиқ бўлмаслиги керак. Никоҳ қайд этилгач, никоҳланувчилардан бирининг аризасига мувофиқ, навбатдан ташқари узоқ муддатли учрашув берилади. Бунда берилган учрашув маҳкумнинг олишга ҳақли бўлган учрашувлар сони ҳисобига олинмайди.

Янги қоидаларда, шунингдек, тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари, нарса ва буюмлар рўйхати ҳам келтирилган. Қоидаларда фуқаролик кийимлари ва оёқ кийимларини кийишга рухсат берилиши, суратга олиш, овоз ёзиш ва видеога олиш функциясисиз мобиль телефондан фойдаланиш мумкинлиги аниқлаштирилган. Янги қоидаларга кўра, жазони ўтиш муассасаларида эндиликда кофе, какао ва улардан тайёрланган ширинликларни истеъмол қилиш учун харид қилишга рухсат берилган. Аввал бундай маҳсулотлар тақиқланган бўлиб, интизомий бўлимларда чой ҳам берилмасди.

Илгари маҳкумларга тегишли бўлган шахсий буюмлар 50 килограммдан ошиши тақиқланган бўлса, эндиликда бу норма бекор қилинган.

SHARE