“Ўзбекнаво” Жасур Умировнинг лицензиясини қайтариб берган

947562676

Маълумки, май ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, “Уммон” ва “Манго” гуруҳлари хонандаларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугатилган эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Иззатилла Ибрагимов, Собиржон Мўминов, Алишер Турдиев, Равшан Комилов, Тоир Қўзиев, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева ва хонанда Фарҳод Саидов қаттиқ огоҳлантирилди ҳамда уларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун 1 июлга қадар муддат берилди.

Орадан бир неча кун ўтиб, “Ўзбекнаво” хонанда Жасурнинг фамилиясини ҳам рўйхатга қўшиб, унинг лицензиясини бекор қилган эди.

“Даракчи” газетасининг ёзишича, хонанда Жасур Умиров куни кеча “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан яна лицензия олган. Хонанда лицензиясидан айрилишидан аввал “Маша” номли қўшиқ куйлаб, унга клип ҳам суратга олиб қўйган эди. Аммо лицензиянинг “учиб” кетиши сабаб клип намойиши кечиктирилган.

Эслатиб ўтамиз, миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг 2013 йил 23 март куни ўтказилган “Ўзбек эстрада санъатининг ривожланиш жараёнлари ҳақида”ги 2-сон йиғилишида кўпгина эстрада хонандалари бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига уни суиистеъмол қилишаётганлиги, ёш хонандалар ва айниқса, унвон олган хонандаларда талабчанлик йўқолиб, ҳотиржамликка, ўзибўларчиликка берилишаётганлиги, аксар холларда хонандаларининг репертуаридан ўрин олган қўшиқлар мазмунан саёзлиги, бадиий жиҳатдан бўшлиги, мусиқаси ва ижро маҳорати талаб даражасида эмаслиги, хонандалар асосан тўй-ҳашамлар билан банд бўлиб, янги ижод намуналари яратишга етарли эътибор қаратмаётганлиги, шунингдек, миллий-маънавий қадриятларимизга, одоб-аҳлоқ меъёрларига ва менталитетимизга зид бўлган қўшиқлар яратилиб, эфирга узатилаётганлиги кескин танқид қилинган.

SHARE