Профессор Гули Шайхова: «Бир кунлик истеъмол қилинадиган сувнинг меъёри 3 литргача бўлиши лозим»

08081313Август — айни пишиқчилик ойи. Бозорларда турли-туман ноз-неъматлар кўпайгандан-кўпайган. Витаминга бой, мазали ва фойдали бўлган табиат инъомларини барчамиз иштаҳа билан истеъмол қиламиз. Бироқ ёз фаслида аҳоли, айниқса, ёш болаларда ошқозон оғриши, ич сурилиши ҳолатлари кўпроқ кузатилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунга истеъмол қоидаларининг бузилиши сабаб бўлар экан.

Тошкент тиббиёт академияси «Овқатланиш гигиенаси» курси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гули ШАЙХОВА “Ўзбекистон овози” газетасига берган интервьюсида келтирилишича, ёз кунлари ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан қилинган салатлар инсон организми учун энг керакли неъматлар ҳисобланади, чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чан­қоқни қондиради ва организмни керакли минерал моддалар, витаминлар билан тўлдириб боради. Аммо уларнинг калорияси кам ва тўйимли бўлмаганлиги боис, куни билан организмдан кетган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун танамизга доим оқсил моддалари керак бўлади.

Бунинг учун гўшт маҳсулотлари ва унинг ўрнини босувчи баъзи маҳсулотлар, яъни дуккакли таомлар истеъмол қилиш лозим. Масалан, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин кечади, шу боис, гўшт маҳсулотларини қайнатилган ҳолатда истеъмол қилган маъқул. Булар мошхўрда, мастава, мошугра, қайнатилган шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўладиган ­таомлардир. Кабоб (шаш­лик)ни кўпчилик хуш кўради. ­Лекин кабоб сабзавотдан қилинган салатлар билан, уксус моддасини кам ишлатган ҳолда истеъмол қилинса кўпроқ фойдалидир.

Профессорнинг айтишича, ушбу фаслда овқатланиш тартибини озгина ўзгартириш лозим. Агар кундалик овқатланиш, яъни эрталабки нонуштани 25 фоиз деб, оладиган бўлсак, ёзда нонуштани 10 фоизга кўпайтириш лозим. Чунки эрталабки нонуштада оқсил, ёғ ва углеводлар нисбатан кўпайтирилиши керак. Масалан, сут маҳсулотлари (творог, қай­моқ), сутли чой, сувда пиширилган гўшт, парранда гўшти, тухум, ёнғоқ ва шунга ўхшаш тўйимли маҳсулотлар. Буларни эрталаб соат 7.00 ларда истеъмол қилиш тавсия этилади. Тушликни эса соат 12.00 га кўчирган ҳолда енгил ҳазм бўладиган, масалан, биринчи овқатга мошхўр­да, мастава, манпар, котлет, товуқ, парранда гўштидан қилинган таомлар (сувда ёки парда тайёрланган) тановул қилиш ҳар жиҳатдан фойдалидир.

Бундан ташқари, хом ҳолатдаги сабзавот ва мевалар, улардан қилинган салатлар, бодринг, помидор, пиёз, кўк пиёз, кашнич, укроп, албатта, дастурхонда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, истеъмол қилинган овқатлар билан бирга, ҳўл мевалардан қилинган компотлардан ҳам фойдаланиш лозим ва уларнинг таркибида шакар умуман бўлмаслиги керак, ширинликларни ёқтирувчи баъзи кишилар озгина қўшиб истеъмол қилишлари мумкин.

Энди кечки овқатланиш тўғрисида тўхталадиган бўлсак, уни соат 18.00 ларда истеъмол қилиш тавсия этилади. Кечки овқат жуда енгил ҳазм бўладиган суюқ таомлардан иборат бўлиши талаб этилади. Албатта, соат 20.00-21.00 лар ўртасида ошқозонни озгина тўлдириш мумкин. Бунинг учун қатиқ, кефир, олма ва шунга ўхшаш углеводларга бой бўлмаган ҳўл мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш фойдали. Қолаверса, севимли маҳсулотларимиз ҳисобланган қовун ва тарвуз тушлик вақтида истеъмол қилинса, яхши бўлади. Улар углеводларга бой бўлиш билан бирга, инсонга қувват беради. Яна шундай маҳсулотлар борки, улар чанқоқни босади. Булар бодринг (99 фоизи сув), селдир, қовун, тарвуз, қулупнай, апельсинлардир. Улар орасида, айниқса, тарвуз чан­қоқни кўпроқ босади.

Шунингдек, чанқоқни босадиган ва керакли микроэлемент ва витаминлар билан бойитилган таомлар мавжуд бўлиб, буларга окрошка (қатиқ, қайнатилган тухум ёки гўшт, бодринг ва кўкатлар ишлатилиб тайёрланадиган таом) ва борш (карам шўрва) киради.

Ёзнинг иссиқ кунларида шўр ва дудланган балиқ, консервалар, тузли маҳсулотларни истеъмол қилиш умуман тавсия этилмайди, чунки бу маҳсулотлар чан­қоқни кучайтиради.

Иссиқ кунларда чанқоқни сув тез босади. Қайнатиб совутилган уй ҳароратидаги сув 18-24 даражада, минерал сувлар — газсиз ва минерал моддалари кам бўлиши керак. Ҳар соатда 200 мл сув ичиш тавсия этилади. Қора чой, кўк чой, ўтли чойлар ҳам жуда фойдали. Улар орқали организмга минерал моддалар ва витаминлар кириб боради. Бир кунлик сувнинг меъёри 3 литргача бўлиши лозим, албатта, бу соғ­лом инсонлар учун. Юрак-қон-томир касаллиги, буйрак хасталиги бор инсонларга сувни кўп ичиш тавсия этилмайди. Бундай беморлар шифокор назорати остида суюқ моддаларни ичиб юришлари керак.

Шунингдек, шифокорлар юқорида келтириб ўтилган ҳўл меваларни албатта ювиб, сўнгра истеъмол қилиш зарурлигини тавсия этади.

SHARE