Moody’s Ўзбекистон банк тизими айрим муаммо ва камчиликларга қарамай барқарор фаолият юритишини маълум қилди

Logo_Moodys_071008

Ўзбекистон банк тизими прогнозлари барқарор қолмоқда, дейилади Moody’s Investor Serviceнинг пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботида. “2010 йилдан бери барқарор бўлиб келаётган прогнозларга асосий сабаб мамлакат иқтисодиётининг бароқарор ўсиши, банкларга яратиб берилган қулай шароитлардир. Бошқа омиллар соғлом даромад ва активларнинг, чунончи, ликвидликнинг сақланиб қолаётганидир”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда келтирилишича, кредит тизимидаги ижобий ютуқлар банк тизимидаги бошқа камиликларни, шу жумладан, кучсиз корпоратив бошқарув, кредит андеррайтинг стандартларининг кучсизлиги, банкларнинг битта кредитор ёки ягона тармоққа боғлиқ бўлиб қолгани ҳамда йирик корпоратив депозиторларга қарамлик каби камчиликларни қопламоқда.

Халқаро рейтинг агентлигининг айтишича, Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитларнинг юқори даражада эканлиги, қолаверса, банклар кредит ажратишининг жадаллашаётгани ҳам уларнинг ўз капиталини мунтазам ошириб боришни тақозо этаётгани ҳам банк тизимидаги жиддий муаммолардан саналади.

Шундай бўлса-да, Moody’s Investor Service Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсаётгани сўнгги 12-18 ойда банклар учун ижобий амалиёт олиб боришга шароит яратишини қайд этади. Халқаро валюта жамғармасига кўра, 2013 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7 фоизга ўсади.

Агентликка кўра, Ўзбекистон банк тизимининг активлари сифати сўнгги 12 ой давомида яхшиланган. “Биз Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли қарзларнинг ўртача миқдори жами кредитларнинг 10 фоиздан кам бўлишини кутаяпмиз”, дейди ҳисобот муаллифлари.

Агентлик айни пайтда Ўзбекистон банклари муаммоли кредитларни қоплаш резервини 7,8 фоизгача етказиши керак, деб ҳисоблайди. 2012 йил охирида Ўзбекистонда муаммоли кредитларни қоплаш учун шакллантирилган резерв 4,4 фоизни ташкил қилган.

Moody’s Ўзбекистон банкларининг кредит ажратиши 20 фоизга ўсишини прогноз қилади. Агентлик ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон банклари 2013-2014 йилларда ўз капиталини 650 миллион долларга ошириши керак.

Ўзбекистон банк тизими 29 та тижорат банкдан иборат бўлиб, улар орасида учтаси давлат банки, 4 таси хориж капитали иштирокидаги банк ва қолгани хусусий банклардир.

2012 йилда Ўзбекистон банкларининг активлари 30,2 фоизга ўсиб, 35,7 триллион сўмга етди.