WhatsAppдан 300 миллион нафардан ортиқ киши фойдаланмоқда

whatsapp

WhatsApp мобиль мессенжер хизмати фойдаланувчилари учун янги қулайлик яратилди. Эндиликда фойдаланувчилар нафақат матн, видео ва фотосуратларни, балки овоз хабарларни ҳам юборишлари мумкин. Яъни кўзнинг нурини кетказиб, бармоқларга азоб бериш шарт эмас: тегишли тугма босилади, тегишли хабар ёзилади ҳамда тегишли манзилга жўнатилади.

Экспертлар WhatsAppнинг янги қулайлиги  мазкур дастурнинг янада оммалашишига хизмат қилишини қайд этишмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, WhatsApp кунига 31 миллиард дона хабарни жўнатади ва қабул қилади, бундан икки ой бурун WhatsAppда бор-йўғи 250 миллион фойдаланувчи бўлган бўлса, ундан ҳозирги кунда 300 миллиондан ортиқ киши фойдаланмоқда. Бу Facebookнинг мобиль фойдаланувчилари (220 миллион)дан ёки твиттернинг барча фаол фойдаланувчиларидан ҳам кўпдир.

 Шуни қайд этиш керакки, WhatsApp шу пайтга қадар ўз фойдаланувчилар сони ҳақида ошкор қилмасдан келаётган эди. WhatsApp ҳозирда Европа ва Лотин Америкаси аҳолиси орасида оммавийлашиб бормоқда.

Аммо ахборот коммуникация соҳасидаги экспертларнинг фикрича, у бошқа коммпаниялар билан рақобат ҳақида ҳам бош қотириши керак бўлади. Чунки у АҚШда Facebook Messenger, Осиё бозорида эса Хитойнинг WeChat ҳамда Япониянинг Line хизмати билан курашиши керак бўлади. Бугунги кунда WeChat 450 миллион, Line 180 миллион фойдаланувчига эга.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда WhatsApp энг оммавий мобиль хабар алмашинув хизматларидан бири бўлиб, кундан-кун янги фойдаланувчилар ҳисобига кўпайиб бормоқда. Айниқса, WhatsAppдаги айрим видеороликлар Ўзбекистонда трендга чиқмоқда.