“Сноуден бугун АҚШ қамоқхонасида ўтирганида, эҳтимол, мен уни қаҳрамон сифатида таърифлаётган бўлардим”

photo-edward-snowdenБугунги кунда АҚШ Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими, ҳозирги кунда Россияда бир йиллик вақтинчалик бошпана олган Эдвард Сноденнинг хатти-ҳаракатларини турлича баҳоламоқда, уни кимдир қаҳрамон, яна кимдир уни “сотқин”га чиқармоқда. Ўзбек тилида ёзадиган блогерлар орасида ҳам ушбу масала кенг муҳокама қилинмоқда.

Блогер Шермуҳаммад Абдуғафуров ўз блогида Эдвард Сноуденни қахрамон деб эълон қилишга шошилмаслигини айтади. “У АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси ва АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги ходими эди. Бу ташкилотларга ишга қабул қилинишидан олдин у унга ишониб топширилган махфий маълумотларни сир сақлашга қасамёд қилган. Ўз қилмиши билан эса Сноуден ўз қасамёдига хиёнат қилди. Қандай эзгу ният билан қилинганидан қатъий назар, хиёнат барибир хиёнат. Яъни у қонунни бузди, шунга яраша жавоб бериши ҳам керак», деб ёзади.

Блогернинг фикрича, уни қаҳрамон деб аташга ҳалал берувчи яна бир муҳим жиҳат, бу у бошпана излаётган давлатлардир. Хитой, Россия, Куба, Венесуэла, Никарагуа ва ҳоказо… Бу давлатларнинг бирортасини инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бобида намуна қилиб кўрсатиш амри маҳол.

Блогернинг қайд этишича, агар Сноуден қилган ишни Россия ёки Хитой махфий хизмати вакиллари амалга оширганида, бу давлатлар ҳукуматларининг реакцияси АҚШ ҳукуматиникидан фарқи бўлмасди. Бугун улар томонидан Сноуденга кўрсатилаётган “ғамхўрлик” эса душманимнинг душмани менинг дўстим қабилидаги ишдир. Қолверса, бу “ғамхўрлик” замирида АҚШ разведкасининг собиқ вакилидан қимматли маълумотлар манбаи сифатида фойдаланиш истаги ҳам йўқ эмаслигини тахмин қилиш қийин эмас.

“Адолат юзасидан, агар рус разведкачиси сотқинликда айбланса, АҚШ унга бошпана бериши эҳтимоли юқори эканини айтиб ўтишим, ортиқча бўлмаса керак”, деб  ёзади блогер.

Шермуҳаммад Абдуғафуров “Бугунги кунга келиб, Эдвард Сноуден ўз иши билан нимага эришмоқчи эди-ю, кўзлаган мақсадига эриша олдими, деган саволларга аниқ, узил-кесил жавоб бериш мушкул”лигини ёзади. Агар у машхурликка, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлган бўлса, унга тўлиғи билан эришди. Агар мақсад АҚШ ва Россия муносабатларига совуқчилик тушириш бўлган бўлса, бу вазифа ҳам қисман бажарилди. Барак Обама “Катта йигирмалик” саммити доирасида Владимир Путин билан режалаштирилган учрашувини бекор қилди. Агар, ўзи айтганидек, инсон ҳуқуқларининг бузилишининг олдини олмоқчи бўлган бўлса, буни, афсуски, аниқлашнинг иложи йўқ. Агар унинг мақсади шугина бўлганида, буни АҚШда туриб ҳам амалга оширишга ҳаракат қилиши мумкин эди. Агар унинг мақсади шугина бўлганида, унга АҚШда қамоқда ўтириш, Хитой ёки Россияда эркинликда юришдан афзал бўлган бўларди. «Агар у ҳеч қаерга қочмаганида ва бугун АҚШ қамоқхонасида ўтирганида, эҳтимол, мен уни бугун қаҳрамон сифатида таърифлаётган бўлардим», дейди блогер.

SHARE