Қирғизистонлик дипломат тез тиббий ёрдам вакилларидан кечирим сўраган

listing_photo_13462353933914803779Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Канатбек Шаршенбековни Қирғизистонга чақириб олинган. Улар дипломат маст ҳолатда тез ёрдам вакиллари билан бўлиб ўтган жанжали сабабини обдон ўрганишни ният қилишган. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.

12uz.com сайтининг ёзишича, Қирғизистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси дипломат ва тез ёрдам вакиллари ўртасида зиддият бўлиб ўтганлиги ҳақидаги фактни тан олиб, оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган “миллатчилик характеридаги қандайдир хатти-ҳаракатларни содир этгани” хусусидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган.

Дипломат ўзини тутиб тура олмагани ва тез ёрдам вакилларига нисбатан нотўғри муомала қилганини тан олган ва кечирим сўраган ҳамда зиддият бартараф этилган. Элчихона дипломатга нисбатан интизомий жазо қўллаган.

Айни пайтда элчихона ўз пресс-релизида айрим интернет нашрлари томонидан маиший масалага сиёсий тус беришга уринаётгани қайд этилади. Пресс-релизга кўра, “икки биродар халқ ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишини хоҳламаётган қандайдир яширин кучлар” бундан шов-шув ортида турган бўлиши мумкин.

Хабарларда келтирилишича, қирғизистонлик дипломат маст ҳолатда элчихона ходими фарзандига тиббий ёрдам кўрсатиш учун келган тез ёрдам вакилларини ҳақорат қилган.