Америкалик судья Исо Масиҳ номи билан аталадиган болага бошқа исм қўйди

_69237049_018935147-1Теннеси штати Кук округи суди 7 ойлик чақалоқ Мессия Дэшон Мартин исмини Мартин деб ўзгартирди. Болалар ишлари бўйича магистрат судья Лу-Энн Больюнинг фикрича, Мессия исми боланинг ҳаётини қийинлаштиради, айниқса, у христиан жамоатчилиги орасида ўсадиган бўлса, турли муаммоларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар тарқатди.

Гап шундаки, 7 ойлик чақалоқ Мессия Дэшон Мартиннинг ота-онаси штат судига боланинг фамилиясини ўзгартиришни сўраб мурожаат қилади, судья эса бундан кўра, унинг исмини ўзгартиришни маъқул кўрди.

Судья чақалоқнинг исм-шарифини Мартин Дэшон Маккалох деб ўзгартирди. Болакай ҳам отасининг, ҳам онасининг фамилиясидан фойдаланадиган бўлди. “Мессия” сўзи фақатгина бир зотга аталган. У зот Иисус Христосдир”, деди судья.

Болакайнинг онаси Жализа Мартин судья ўз диний қарашларидан келиб чиқиб, бировнинг боласи исмини ўзгартиришга ҳақли, деб ўйламаслигини маълум қилган. Унинг фикрича, у учинчи фарзандининг исмини қўяётганда, диний нуқтаи назардан ёндашмаган. “Шунчаки катта фарзандларим исми билан жуда уйғун эди”, дейди она.

АҚШда бугунги кунда энг машҳур исмлар орасида “Мессия” 387-ўринни эгаллайди. 2011 йилда у 633-ўринда эди. Бу ҳам ушбу исмнинг оммалашиб бораётганини кўрсатади. АҚШ ижтимоий таъминот органлари маълумотларига кўра, ўтган йили 700 нафардан ортиқ  болага Мессия исми қўйилади.

Христианлар Иисус Христосни муқаддас китобларда битилганидек, Мессия сифатида ҳам аташади.

SHARE