Исроил яҳудийлар учун Фаластин ҳудудида тураржой қуришни давом эттиради

s07_1908

Исроил ҳукумати босиб олинган Фаластин ҳудудидаги яҳудийлар мавзеларида 1200 та янги уй қуриш лойиҳасини маъқуллади. Исроил қурилиш вазири Ури Ариэлга кўра, ушбу турар жойлар Иордан дарёсининг ғарбий соғилида ҳамда Шарқий Қуддусда барпо этилади. Мақсад: яҳудийларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришдир. Ушбу баёнот Қуддусда Фаластин ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокаралари қайта тикланиши ҳақидаги ахборотлардан уч кун ўтиб эълон қилинди. Бу ҳақда BBCRussian хабар тарқатди.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги музокаралар 2010 йили айнан янги уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ баҳслар туфайли боши берк кўчага кириб қолган эди.

Янги музокаралар олиб бориш учун Исроил 100 нафардан ортиқ фаластинлик маҳбусларни озод қилишга розилик билдирди. Улардан биринчи қисми — 26 нафарининг исм-фамилиялари бугун яҳудийлар давлати томонидан эълон қилинди.

Исроил томонидан Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳамда Шарқий Қуддус босиб олингач, яъни 1967 йилдан бери 100 дан ортиқ мавзелар барпо этилган. Бугунги кунда уларда 500 минг нафар атрофида исроиллик истиқомат қилади.

Ури Ариэл сўзларига кўра, Шарқий Қуддусда 800 та,  Ғарбий соҳилда эса 400 та янги хонадон қурилади. “Ҳеч бир мамлакат бошқа бир давлатнинг қаерда уй қуриш, қаерда қурмаслик ҳақидаги қарорига бўйсунмайди. Биз уй-жой қуришни бутун мамлакат бўйлаб давом эттирамиз”, дейди у.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос бундан аввалроқ тураржойлар қурилиши тўхтатилмагунича, тинчлик музокаралари бошланмаслигини маълум қилган эди. Аммо кейинчалик АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг аралашувидан сўнг у бу борада ён беришга мажбур бўлди.

Халқаро ҳуқуққа кўра, тураржойлар ноқонуний, аммо Исроил бунга рози эмас.