Умид Раҳматов: “Тадбиркорликда онам менга асосий дастак”

image-4-300x225

Маълумки, дунёда мамлакатлар кўп, уларнинг ҳар бири ўз маданияти, ўз қадрияти, урф-одатларига эга. Бундай ўзига хослик уларнинг турмуш тарзини, ҳаётини ўзида акс эттирадию Шу нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, гарчи дунёда маданиятлар ранго-ранг бўлса-да, уларнинг ўзига хос, бошқа бир давлат маданиятларида такрорланмайдиган хусусиятлари мавжуд. Миллий таомлар ана шундай такрорланмас хусусиятлардан биридир. Ҳар бир маданият вакили, табиийки, ўз миллий таомларига муттасил эҳтиёж сезиб боради, ва кўпинча, ўз ватанида яшайдиганлар учун ушбу эҳтиёжни қондириш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Бироқ замон талаби билан ўзга юртларда таҳсил олаётган, иш юритаётган, умуман олганда ҳаёт кечираётган ватандошларимиз ушбу эҳтиёжни қандай қондиришади? Айнан ушбу масаланинг муваффақиятли ечимига эришган Америкадаги ўзбекистонлик билан суҳбатимиз мазкур масалада бўлди.

Суҳбатдошимиз асли тошкентлик юртдошимиз Умид Раҳматов. 2007 йилда саёҳат мақсадида Американинг Нью-Йорк штатига ташриф буюрган, ушбу ватандошимиз илк йилларида бошидан кечирган қийинчиликларини айтиб ўтаркан, у “Аввало, Оллоҳга таваккал қилганман” деб такрор-такрор айтади. Хўш, таваккал ҳар доим ҳам яхши натижа келтирадими ёхуд айнан Умид Раҳматовнинг “таваккали” қанчалик муваффақиятга сабаб бўлди?

Сизда янги юртга мослашиш жараёни қандай кечган? Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

— Тўғрисини айтсам, мен учун Америкага мослашиш унчалик қийин бўлмаган, чунки бундан аввал ҳам мусофирчиликни бошдан кечирганман. Америкадан олдин бир нечта Европа мамлакатларида саёҳат ва турли мақсадларда маълум бир муддатда яшаганман. Шунга қарамай, табиийки, ҳар бир мусофирнинг бошида озми-кўпми моддий жиҳатдан ёки иш-жой масаласида бироз қийинчилик вужудга келади. Мен ҳам Нью-Йоркда келган илк йилларимда иш топиш масаласида бироз қийналганман ва бирмунча муддатдан сўнг қурилишда иш бошладим. Ундан кейин, озроқ йўл-йўриқни ўрганиб олганимдан сўнг аввал ресторанда буюртма тарқатувчи, кейин турк ресторани ходими сифатида иш бошладим.

— Сизда Америкада ўзбек ресторанини очиш фикри қандай уйғонди?

— Биласизми, мен ҳар бир инсон ўзи яшаётган ҳар бир дақиқасидан қандайдир дарс олиши, унинг яхши томонларини ўзлаштириши ва айнан ўша жиҳатларини ўзига намуна сифатида ишлатиши мақсадга мувофиқ, деб биламан. Шу таомилга риоя қилишга ҳаракат қилдим ва охирги иш жойим, яъни турк ресторанидаги тажрибам давомида у ердаги ҳар бир фаолиятни синчковлик билан ўрганиб ўзлаштирдим. У ердаги иш фаолиятимнинг бир йилидан сўнг менда ҳам ўз ресторанимни очиш фикри уйғонди. Ва шу билан 2009 йил Ньй-Йоркнинг Манҳэттан шаҳрида “Istanbul Kebab House” номли биринчи ресторанимни очдим.

image

Демак, биринчи ресторанингизнинг очилишига асосий сабаб турк ресторанидаги иш тажрибангиз бўлган, шундайми?

— Йўқ, иш тажрибамни асосий сабаб дея олмайман, у шунчаки жуда керакли манба бўлиб хизмат қилди. Менга, энг аввало, онам Саодат Раҳматованинг маслаҳатлари, қолаверса, моддий кўмаклари жуда катта туртки ва ёрдам бўлган. Ҳозиргача асосий кучим онам деб биламан. Кейин ресторан очилишидан бир йил олдин укаларим Суннат ва Нуриддиннинг ташрифлари ҳам катта куч бўлди. Ҳаммамиз биргаликда фаолият бошлаганмиз.

— Ресторанингизни нега Istanbul Kebab House деб номлагансиз?

— Саволни тушундим. Менга олдин ҳам бундай савол билан мурожаат бўлган. Ва албатта, бундай номлашимга сабаб бор. Америкада тижорат қилишда олдиндан ҳар томонни ҳисобга олиш керак. Кузатишим давомида шунга амин бўлдимки, Нью-Йоркда аҳолимиз сони унчалик кўп бўлмагани сабаб ҳали маҳаллий аҳоли ўзбек таомлари билан унчалик таниш эмас. Шу мақсадда Истанбул номини қўшишга қарор қилдим. Номи туркча бўлгани билан таомларимизнинг ярми ўзимизники.

Uzbek Palace ресторанининг очилиш жараёни ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

— “Istanbul Kebab House” ресторанимиз орқали ўзбек миллий таомларимиз ҳам анча танилди деб сўзсиз айта оламан. Қолаверса, Бруклинда ватандошларимиз сафи тобора кенгаяётгани сабаб миллий таомларимизга ҳам эҳтиёж орта боришини англадим, ва шу мақсадда бундан 7 ой олдин Uzbek Palace ресторанини очишга муваффақ бўлдик. Бунда ҳам албатта онамнинг ҳар томонлама ёрдамлари, маслаҳатлари катта бўлди.

image (4)

Uzbek Palace ресторани фаолияти ҳақида гапириб берсангиз?

Uzbek Palace ресторани Америкадаги иккинчи шахсий бизнесимиз бўлгани сабабли анча муваффақиятли кечди. Чунки биринчи фаолиятимдаги хатоларимни, камчиликларимни иккинчисида олдини олдим. Жуда қисқа муддат давомида ўз мижозларимизга эга бўлдик. Ҳозирда Uzbek Palaceда таомларимиз тўлиқ ўзбекча таомни ташкил этади, аммо талабларга биноан туркча таомлар ҳам тайёрлаймиз. Ошхонамизда моҳир ўзбек ва турк ошпазлари ишлашади. Ресторанимизда 100 кишилик жой мавжуд бўлиб, унда турли хил банкетлар, туғилган кун ва юбилей маросимлар, ақиқа тўйлари, худойи маракалари ўтказиш мумкин. Шу пайтгача ана шундай маросимларни мижозлар қониқадиган даражада ўтказиб келяпмиз. Uzbek Palaceнинг бир неча қулайликлари шундаки, биз буюртмалар ҳам қабул қиламиз ва уларни тезкор равишда ўз манзилларига етказиб берамиз. Қолаверса, менюда кўзда тутилмаган таомларни ҳам ошпазларимиз тайёрлаб беришади. Масалан, чойхона ош, димлама, беш бармоқ, уйғурча лағмон каби миллий таомларимиз менюмизда бўлмаса ҳам, уларни мижозларга тайёрлаб берганмиз. Ҳозирда ўз вебсайтимиз www.uzbekpalace.com  ҳам фаолият юритмоқда.

image (2)

— Америкада тижорат юритмоқчи бўлган ватандошларимизга қандай маслаҳатлар берардингиз?

— Энг аввало, Оллоҳга таваккал қилиш керак! Кейин бизнес бошлашда ҳеч қачон маблағнинг охирги тийинигача ишлатмаслик зарур. Пулнинг бор йўғини сарфлаб шоҳона ресторан қурган билан ойлаб, йиллаб битта ҳам мижоз кирмаслиги мумкин. Камида 1 йиллик моддий режани олдиндан тузиш керак. Бу тижоратнинг энг асосий шарти. Кейинчалик эса реклама ва эълонларни муносиб етказиб бериш керак. Тижоратда ҳар дамда муваффақиятни ҳам йўқотишни ҳам қарши олишда тайёр бўлиб туриш керак. Бунинг учун эса, аввало, сабр ва ақл жуда муҳимдир.

Юртдошларимизга тилакларим, қаерда бўлишмасин, саломатлик, омад тарк этмасин! Биз эса уларга мазали ўзбек миллий таомларимизни етказиб беришда давом этайлик!

Uzbek Palace

1985 Coney Island Ave

Brooklyn, NY 11223

www.uzbekpalace.com

Istanbul Kebab House

712 9th Ave

New York, NY 10019

www.1istanbulkebab.com

Нилуфар САЛИМОВА