“iPhone”нинг янги модели тақдимоти 10 сентябрь куни бўлиб ўтиши мумкин

pcadvisor.co.uk
pcadvisor.co.uk

Apple компанияси iPhoneнинг янги моделини шу йилнинг сентябрь ойида омма эътиборига тақдим этиши мумкин. Айнан шу тақдимотдан сўнг iOS7 операцион тизими ҳам фойдаланиш учун чиқарилиши мумкин. Янги телефон эса янги йил арафасида сотувга чиқиши мумкин.

Янги iPhone модели ҳақидаги хабарни All Things Digital техноблоги тарқатган. Экспертларнинг фикрича, смартфонинг янги моделида бошқа дисплей — Retina ўрнига IZGO ишлатилади. Қолаверса, компания оператив хотирани 1 Гбдан 2 Гбгача ошириши мумкин. Камера эса амалдаги 8 мегапиксель ўрнига 12 мегапиксель даражага етади. Шу билан бирга, телефонда NFC-модуль ва бармоқ излари қурилмаси падо бўлади. Айрим манбаларга кўра, телефон экрани диагонали 4,3 дюймга катталаштирилади, охирги моделда бу 4 дюймдан иборат.

Ушбу соҳага ихтисослашган мутахассисларнинг айтишича, янги телефоннинг муомалага чиқарилиши июнь ойида тақдимоти ўтказилган iOS7 операцион тизими билан бир вақтда амалга оширилиши мумкин.

iPhoneнинг янги модели тақдимоти, тахминларга кўра, 10 сентябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.  Apple компанияси ҳозирча ушбу миш-мишларни на тасдиқлади, на инкор қилди.

Appleнинг iPhone 5 модели 2012 йилнинг сентябрь ойида жамоатчиликка тақдим қилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, янги моделнинг кўпчиликни ўйлантираётган жиҳати — унинг нархи қандай бўлишидир. Чунки компания бирмунча арзонроқ моделлар устида бош қотираётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар юрибди.

Apple бугунги кунда халқаро смартфонлар бозорида Samsung ва Android операцион дастури билан рақобатда ўз позициясини бериб қўймоқда. Хусусан, IDC компанияси тадқиқотларига кўра, дунёда Apple iOS операцион дастурининг улуши 2013 йилнинг иккинчи чорагида 13 фоизни ташкил қилган, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4 фоиз камдир. Ўз навбатида, Android ўз ҳиссасини 69 фоиздан 79 фоизга ошириб олган.

SHARE