Ўзбекистонлик рассом Гиннеснинг рекордлар китобига даъвогар асарини Москвада намойиш қилмоқда

Lekim_Ibragimov_2264487bМосквада ўзбекистонлик рассом Леким Ибрагимовнинг “Мингта малак ва  битта сурат” деб номланувчи улкан картинаси намойиш этилмоқда.

Ушбу ўзига хос арт-лойиҳа мега суратдан иборат бўлиб, унга диққат-эътибор билан қараган киши машҳур “Минг бир кеча” асаридан олинган образларни, Буюк Ипак йўли ривоятлари ва афсоналарини ҳамда қадимги шарқ фалсафасини кўриши мумкин.

Мазкур картинани яратишга жами бир тоннадан зиёд бўёқ сарфланган. Сурат Москвадаги “Гостиный двор”да 12 августдан 15 августга қадар кўргазмага қўйилади.

Ўзбекистонлик рассом Леким Ибрагимовнинг “Минг бир кеча”дан илҳомланиб тайёрланган янги асари Олимпия сузиш ҳавзасидан катта бўлиб, уни амалга оширишга икки ярим йил вақт сарфланган. Рассомнинг “Минг малак ва битта сурат” композицияси 2010 йилда бошланиб, 2012 йилнинг апрель ойида якунланган.

Шуни қайд этиш керакки, ушбу асар дастлаб Европа бўйлаб намойиш этила бошланди. Дастлаб Чехияда, сўнгра бошқа Европа мамлакатларида намойиш этилди.

Мазкур “Минг фаришта ва битта сурат” композицияси мумтоз Шарқ эртаги асосида тайёрланган. Мингта асар алоҳида композиция бўлиб, яхлит суратни ҳосил қилади.

“Фаришта тимсолини акс эттирган ҳар бир қисм алоҳида бир асар бўлса-да, улар йиғилгач, якуний ва тўлиқ композициясини ҳосил қилади”, деб интервью беради Леким Ибрагимов “Agency France-Presse” ахборот агентлигига.

Ўзбекистон баадий академияси аъзоси ҳамда Россия санъат академияси фахрий аъзоси Леким Ибрагимовнинг айтишича, ўзбек ва хитой фреско санъатини ўзида уйғунлаштирган ҳамда Ғарб рассомчилик техникаси асосида тайёрланган мазкур мега лойиҳани тайёрлашни ўнлаб йиллар давомида орзу қилиб келган.

lekim-1001

Тегишли асбоб-ускуналар билан мазкур асар 20 тоннадан ортиқ бўлиб, 2,4 километрлик пўлат симлар билан ўрнатилади. Уни 500 метр квадратга ўрнатиш учун камида тўрт киши керак бўлади.

Ибрагимовга кўра, асар ўзида Ўзбекистон тарихини мантиқан боғлаб туради. Унда Ислом динидан олдинги динлар маданияти ҳам қамраб олинган.

Алматида таваллуд топган Ибрагимов 1970-йилларда Тошкентга кўчиб келади. Шундан бери Ўзбекистонда шарқ маданиятига катта қизиқиш билан қараб, уни чуқур ўрганишга киришади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Минг малак ва битта сурат” композицияси Гиннеснинг рекдорлар китобига киритиш учун Гиннес жаҳон рекордлари қўмитасига топширилган.